Саудия Арабистонидаги юлдузлар ва уларнинг оила аъзолари яшаш ва ҳордиқ чиқариш учун Баҳрайнни танлашмоқда. Нега айнан Баҳрайн?
Футбол юлдузларининг Саудия Арабистонига оммавий кўчиб келиши ортидан кутилмаганда Форс кўрфазидаги кичик Баҳрайн мамлакати ҳам фойда кўра бошлади. Британия манбаларига кўра, айнан Баҳрайнда кўплаб футболчиларнинг рафиқалари ва қиз дўстлари, шунингдек, оила аъзолари истиқомат қилишмоқда. Демак, бу Саудиядан ишлаб топилаётган миллионларнинг бир қисми Баҳрайнда қолади дегани.
Баҳрайнда де-факто дин билан боғлиқ қатъий чекловлар йўқ. У ерда сиз алкоголли ичимликларни бемалол сотиб олишингиз, тунги клубларда дам олишингиз ва диний мажмуалардан ташқари барча ерда замонавий Европа маданиятига хос кийимларни кийишингиз мумкин.
Қатъий шариат қонун-қоидалари ва Қуръонда белгиланган кундалик чекловлар билан яшайдиган минтақанинг қоқ марказида шундай эркин давлатнинг пайдо бўлиши қандай содир бўлди?
Эркинлик нисбий тушунча эканлигидан келиб чиқиб, даставвал Саудия Арабистонида хорижликларнинг яшаш шароити, адаптация жараёни ва араб маданиятига интеграциялашуви ҳақида баъзи маълумотларни келтирмоқчимиз.
Саудия Арабистонига келган ҳар бир хорижлик мамлакат қонун-қоидаларига мослашиши талаб этилади. Аммо, Европа ва Лотин Америкасидан келган футболчилар учун бу ҳар доим ҳам осон кечмайди. "Ал Насср"да ўйнаган бразилиялик Рафаел Бастос бу ҳақида шундай ҳикоя қилади:
"Хорижликлар ва айниқса, бразилияликлар учун араб дунёси анъаналарига мослашиш ниҳоятда қийин. Энг қийини, Рамазон ойини ўтказиш - шаҳарларда ҳамма нарса: дўконлар, ресторанлар ва барча овқат тайёрловчи масканлар ёпилади. Бундай вақтда мен уйда ўтириб, интернетда янгиликларни ўқий оламан холос. Кунига бир марта машғулот ўтказардим, лекин у соат 23:00 да бошланарди. Кейин эса тунги соат 2 да кечки таомни танаввул қилардик. Баъзан соат ўн икки ярим бўлади ва мен ҳали ҳам машғулот ўтказаётган бўламан. Араб футболчилари одатда хорижлик футболчилар билан ҳазиллашиб, уларни ўзларининг анъаналарига амал қилишни таклиф қилишади. Аммо бу иложсиз, фақат маҳаллий аҳоли бундай тартибга амал қила олади, улар ўрганиб қолишган. Мен ҳатто маданий тафовутлар ҳақида китоб чиқаришим ҳам мумкин".
Саудияга янги келган юлдузлар барча қоидаларга мослашишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо уларнинг Европада маълум турмуш тарзига ўрганиб қолган рафиқалари ва қиз дўстлари Саудия Арабистонидаги қоидалардан (маълум чекловлардан) мамнун эмас. Масалан, португалиялик журналистлар Криштиану Роналдунинг оиласига яқин манбаларга таяниб, Жоржина Родригес бу мамлакатдаги ҳаётни умуман ёқтирмаслиги ва у Криштианунинг 2,5 йиллик шартномасини якунламасданоқ бу мамлакатни тарк этишини кутаётгани ҳақида хабар беришди.
Бундай вазиятда улар учун футбол юлдузларининг агентлари муроса ечимини таклиф қилишмоқда - Баҳрайнда яшаш.
Хўш, нега айнан Баҳрайн?
Биринчидан, Баҳрайн - Саудия Арабистонига қўшни мамлакат, Стивен Жерард бошчилигида Жордан Ҳендерсон, Жоржиньо Вейналдум ва Мусса Дембеле каби футболчилар тўп тепувчи "Ал Иттифоқ" клуби жойлашган Даммам шаҳри Баҳрайн пойтахти Манамадан 70 км узоқликда жойлашган (Саудия Арабистони Баҳрайн ороли билан 25 километрлик Қирол Фаҳд кўприги орқали боғланган). Тўртта жамоа ўйнайдиган Ар Риёд шаҳридан эса 460 км узоқликда, самолётда бор-йўғи бир соатлик йўл.
Иккинчидан, Баҳрайнда Саудия Арабистонида топиб бўлмайдиган ҳамма нарса бор: энг яхши тунги клуб, ди-жейлар ва спиртли ичимликлар; футбол мухлислари учун пиво ва спорт барлари мавжуд. Жамоат жойларида (масжидлардан ташқари) кийиниш қоидалари амалда мавжуд эмас. Деярли барча дунё брендларининг бутиклари жойлашган йирик савдо марказлари шоппинг учун ҳамиша очиқ, хусусий виллалар эса Саудиядагилардан асло қолишмайди.
Учинчидан, Манама Дубай ёки Доҳага нисбатан сокин жой ҳисобланади. Бу ерда гавжумлик ва тирбандликларни деярли учратмайсиз. Бежизга бу шаҳар оилавий ҳордиқ чиқариш учун Яқин Шарқдаги энг яхши ва қулай шаҳарлардан бири, деб эътироф этилмайди. Шунингдек, омма эътиборидан бироз дам олиш учун футболчилар ва уларнинг оиласига Арабистони яриморолидаги бошқа шаҳарларда мавжуд бўлмаган сервислар айнан Манамада тақдим этилади: Баҳрайн аеропортида хусусий самолётлар учун алоҳида йўлак ва юлдузлар учун махсус терминаллар хизмат кўрсатади.
Шунингдек, Саудия шаҳарларидан фарқли равишда Манамада люкс комфортга эга оилавий пляжларни топишда муаммога дуч келмайсиз. Болалар учун қизиқарли сув аттраксионлари ҳам кўплаб топилади.
Баҳрайн қандай қилиб экспатлар учун Яқин Шарқдаги энг жозибадор мамлакатга айланди?
Баҳрайн Форс кўрфазида тижорий мақсадда нефт қазиб олишни бошлаган биринчи давлат ҳисобланади. Агар қўшни Саудия Арабистони ва Қатарда нефт конларини ўзлаштириш Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин бошланган бўлса, Баҳрайнда бу 1932 йилдаёқ бошланган эди.
Мамлакатда нефт савдоси ҳамон асосий даромад манбаи бўлиб, мамлакат бюджетининг 60 фоизини ташкил этади (ХХ асрнинг 90-йилларида нефт экспорти мамлакат ЯИМсининг 90-95%ини ташкил этган). Бироқ, Баҳрайн ҳукумати нефтга қарамлик истиқболда ривожланиш учун энг мақбул йўл эмаслигини яхши англайди. Бундан ташқари, бу ердаги нефт захиралари қўшниларига қараганда бир мунча пастроқ. Ўтган асрнинг 60-йилларидан сўнг, Баҳрайнда иқтисодиёт ўсишини ранг-баранглаштириш асносида пул келувчи қўшимча каналларни яратиш - асосий вазифага айланди. 10 йиллар давом этган бу изланишдан сўнг, мамлакат минтақанинг молиявий маркази бўлишга қарор қилди.
Аслида баҳрайнликларга тасодиф ҳам ёрдам берди, дейиш мумкин. 1975 йилда Ливанда ўн йилдан кўпроқ давом этган фуқаролар уруши бошланди. Уруш бошланишидан олдин Ливан пойтахти Байрут Яқин Шарқдаги асосий молиявий марказ бўлган - у ерда минтақада фаолият юритувчи энг йирик банклар ва компанияларнинг бош офислари жойлашган эди.
Байрутдаги тартибсизликлар банкирларни хавфсизроқ бошпана излашга мажбур қилди. Танловнинг асосий мезонлари соддалаштирилган солиқ қонунчилиги ва компания ходимлари учун минимал диний чекловларга эга бўлган қулай шароитлар эди. Баҳрайн бу талабларга тўла мос келди. 1971 йилда Буюк Британиядан мустақилликка эришгач, ҳукумат нефт секторидан ташқари барча компаниялар учун корпоратив солиқларни бекор қилди. Бундан ташқари, мустақил Баҳрайн инглизлар томонидан киритилган либерал эркинликларнинг катта қисмини, шунингдек, инглиз тили давлат тили сифатидаги мақомини сақлаб қолди.
Қирқ йил давомида Баҳрайн анъанавий тарзда ўтказиладиган "экспатлар учун энг яхши мамлакатлар" танловида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу ерда офислари Баҳрайн пойтахти Манамада бўлган кўплаб халқаро компанияларнинг ходимлари ҳам, кўрфазнинг бошқа мамлакатларида ишлаб, фақат яшаш ёки хордиқ чиқариш учун Баҳрайнга келадиган кишилар ҳам бор.
Дам олиш кунларида Манама аҳолиси деярли икки баравар кўпаяди, чунки ёш араблар ва хорижликлар қўшни Саудия Арабистонидан ўйин-кулги излаб келишади ва Баҳрайннинг жонли тунги ҳаётидан завқланишади. Катта эҳтимол билан, тез орада сиз Баҳрайн пойтахтининг ҳашаматли тунги клубларида ўзларининг қиз дўстлари ва ҳамроҳлари билан футбол юлдузларини учратишингиз мумкин бўлади. Неймар каби йигитлар саудияликларнинг миллионлари эвазига ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартиришга рози бўлишлари даргумон.
Ушбу материални тайёрлашда sports.ru, dailymail.co.uk ва sportsbible.com сайтларидаги маълумотлардан фойдаланилди.
Хусан Собитов
Фикрлар