"Ўзбекистонда вақтим зое кетмаганлигига амин бўлдим" - Канчельскис Қирғизистоннинг "МЮ"сига қандай бориб қолгани, "Навбаҳор"даги дўстлари ва терма жамоамиз ҳақида
Таниқли мутахассис, “Навбаҳор”нинг собиқ бош мураббийи Андрей Канчелськис бугунги кунда Қирғизистоннинг “Мурас Юнайтед” жамоасига устозлик қилаётганидан хабарингиз бўлса керак.
Жамоаси билан Андижондаги “Ҳоким Кубоги”да қатнашаётган Андрей Антанасович куни кеча Sports.uz сайтига интервью берди.
- Сиз “Мурас Юнайтед”нинг янги бош мураббийисиз. Тўғриси, буни кутмагандик...
- Мен бунга қадар Қозоғистонда бош директор бўлиб ишлагандим. Қирғизистоннинг “Мурас Юнайтед” клубидан менга бош мураббийликка таклиф бўлди ва буни бажониди қабул қилдим. Бу ерда яхши натижалар кўрсатаман, деб умид қиламан. Биз олдимизда турган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.
- Янги клубингиздаги ишингиздан қониқяпсизми?
- Қачонки, белгиланган натижани кўрсата олганимиздан кейингина тўлиқ қониқаман. Биласизми, олдимизда жуда жиддий вазифа турибди. Шу боис қачонки, натижа кўрсатганимиздан сўнг қониқдим ёки қониқмадим, деб айтишим мумкин. Олдимизда вақт кам. Аммо биз кўп ишлашимиз керак. Ҳар доим олдинга интилишимиз керак.
- Собиқ клубингиз “Навбаҳор” ҳақида сўрамоқчиман. Кузатиб бораётгандирсиз...
- Куни кеча “Навбаҳор”нинг Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги “Ал-Иттиҳод”га қарши ўйинининг иккинчи бўлимини кўрдим. Жамоада кўплаб янги ўйинчилар ва янги стратегия борлиги кўриниб турибди. Биз ишлаган даврга нисбатан ҳозир молиявий томондан анча барқарор эканлиги билиняпти. Кўплаб имкониятларга эга. Уларни олдида ОЧЛ, Ўзбекистон чемпионати ўйинлари кутиб турибди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Навбаҳор”га салом айтаман ва мухлисларга ўз миннатдорчилигимни етказиб қоламан. Чунки клубнинг ишқибозлари ҳар доим қайғуришади ва қўллаб-қувватлашади. Ҳозиргача “Навбаҳор”нинг кўплаб мухлислари билан гаплашиб тураман. У ерда мени кўплаб дўстларим бор. Жамоага омад тилайман. Асосийси, ўйинчилар турли хил жароҳатларга йўлиқишмасин. “Навбаҳор” футболчиларига ҳам омад тилайман. Уларга яхши натижалар кўрсатишини тилаб қоламан. Барча белгиланган режалар бажарилишини ва натижалар ҳам шунга яраша бўлишини хоҳлайман.
- Ўзбекистон чемпионатини соғиндингизми?
- (Кулади) Ошни жуда соғиндим. Худо хоҳласа, насиб қилса яна ишлашимиз мумкин. Сизларда кўп танқидлар бўлди, кўп гапирилди. Мана, энди натижаси! Майдонлар сифати энди жуда яхши даражага келди. Бундай майдонларда футболчилар ҳам маза қилиб ўйнашади. Агар ёмон майдон бўлса, бундай ҳолатда жароҳатлар ҳам кўп бўлади. Мен ҳам Наманганда ишлаган пайтимда майдонлар сифати яхши бўлиши кераклигини бир неча бор айтганман. Бундай сифатли майдонларда ҳамма жамоалар, асосий таркиб, ўринбосарлар ва ҳаттоки мени ҳам майдонга тушиб ўйнагим келади. Бу ерда раҳбариятга алоҳида раҳмат айтиш керак. Улар жуда яхши ишларни олиб боришяпти. Мана, масалан, Шота Арвеладзе ҳам бир неча бор майдонлар сифати ҳақида гапирганди. Кейин эса бу майдонлар яхшиланди. Мана кўриб турибмизки, бугунги кунда футболчилар сифатли майдонларда тўп суришяпти. Шунинг учун ҳаммага раҳмат. Айнан шундай бўлиши керак эди. Шундай сифатли майдонларда ўйнаш керак ва олдинга интилиш даркор.
- Қирғизистондаги ҳаётингиз қандай?
- Ҳаммаси яхши, яшаяпмиз. Ҳозир йиғиндамиз. Бизда шунчаки айланишга вақтимиз камроқ. Иссиқкўл жуда манзарали, ўзига хос кўли бор экан. Ажойиб дам олиш маскани. Дунёдаги энг яхши кўллардан бири экан. Ҳозир бу ердамиз, кейин Туркияга бормоқчимиз. Тайёргарлик жараёнлари давом этяпти. Бишкек, Жалолобод шаҳарларида бўлдим ва менда яхши таассурот қолдирди. Одамлари ажойиб. Бу борада менда муаммо йўқ. Мен билан доим Ўзбекистон, Англия, Италия, Қирғизистон, Қозоғистонда яхши муносабатда бўлиб келишган. Асабингга тегадиган, футболга қизиқмайдиган, орқангдан “қувлайдиган” ёки бошқа турдаги одамлар бу ерларда йўқ. Баъзи жойларда футболга умуман қизиқмайдиганлар Россия ва бошқа давлатларда ҳам топилади. Биз эса ўз ишимизни давом эттирамиз. Раҳбарият қандай вазифа қўйган бўлса, шуни бажариш асосий вазифамизга киради.
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?
- Ооо, йигитларга қойил деган бўлардим. Ҳар қандай жамоа учун мезбонга қарши ўйнаш қийинчилик туғдиради. Қатардек жамоани майдонида ўйнаш оғир. Биз барчасини кўрдик. Финалдаги ҳакамларни тушунарсиз ҳаракатларига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистон Қатарга қарши жуда зўр ўйнади. Пенальти – бу лотерея. Кимдир ютади, кимдир ютқазади. Футболчиларингизга раҳмат. Мен йигитларингиздан мамнунман. Мени қўли остимда ўйнаган Остон Ўрунов, Ўткир Юсупов кабиларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Мен Ўзбекистонда вақтим зое кетмаганлигига амин бўлдим.
- Қирғизистоннинг Осиё Кубогидаги натижаси ҳақида фикрингиз қандай?
- Нима бўлганини, жамоа ичидаги ҳолатни мен билмайман. Албатта, Таиланд билан ўйинда ютиши керак эди. Мураббий менимча федерация, ҳаммани олдида аслида нима бўлганлиги ҳақида ҳисобот берса яхши бўларди. Шундай экан, мен фақатгина ўз жамоам олдида турган муҳим топшириқ ҳамда вазифаларга эътиборимним қаратишим керак.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар