Хосе Венансио Лопес: Баъзида тактик тайёргарликдан кўра руҳий тайёргарлик муҳимроқ бўлади
Футзал бўйича Осиё кубоги 3-ўрин учун ўйин доирасида Тожикистон - Ўзбекистон баҳси бўлиб ўтди.
Асосий вақтларда 5:5 ҳисоби қайд этилди ва пенальтилар сериясига мурожаат этилди. Вакилларимиздан голларга Илҳом Ҳамроев, Элбек Тўлқинов, Меҳрож Худойбердиев, Ихтиёр Ропиев ва Акбар Усмонов муаллифлик қилди. Серияда эса ҳамюртларимиз зафар қучди - 3:1. Учрашувдан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Хосе Венансио Лопес матбуот анжуманида иштирок этди.
"Ўйиннинг бориши жуда ўзгарувчан бўлди. 2:0 ҳисобида олдинда бораётган вақтимизда, 3-голни уришимиз ва ўйин тақдирини ҳал қилишимиз керак эди. Баъзи вазиятларда ўзимиз назоратни йўқотдик ва Тожикистон ҳатто ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Бироқ пеналтилар сериясида адолат тантана қилди ва биз бугун ғалабага ҳақлироқ эдик.
Осиё кубогида ғолиб бўлиш учун етишмаган жиҳат ҳақида
— Жаҳон чемпионати олдидан кўп жиҳатларимизни яхшилашимиз ва янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Баъзида тактик тайёргарликдан кўра руҳий тайёргарлик муҳимроқ бўлади. Чунки Эронга қарши баҳсда айнан шу омил бизга панд берди. Йигитлар маълум вақт концентрацияни йўқотишди. Барчага бирдек муносабатни сақлаб қолишимиз керак. Бу ғалаба учун энг муҳим элементлардан бири.
Тожикистон терма жамоаси ва бугунги баҳс ҳақида
— Тожикистон терма жамоаси ушбу турнирга жуда яхши тайёрланган ва ўйин жиҳатдан анча ўсишга эришган. Айниқса гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, чорак финалга йўл олганидан сўнг, руҳий томондан ҳам ўсган. Улар ҳеч қачон таслим бўлишмайди, охиригача жанг қилишади ва жуда рақобатбардош жамоа. Мотивациямиз бўлмагани сабабли назоратни йўқотдик, айрим вазиятларда футзалчиларимиз хатоларга йўл қўйишди. Аввалги учрашувлардаги ғалабаларимиз ва бугунги ютуғимиз ўртасида жуда катта фарқ бор.
Мураббий жамоада нималарни ўзгартиргани ҳақида
— Жамоага келганимдан сўнг бир қанча тактик ўзгаришлар қилдим. Жамоага янги схемаларни киритдим, лекин мен учун энг муҳими, жамоамиз турли вазиятларга қандай муносабатда бўлишлари, ўйинни назорат қилишларида. Ўйлайманки, бу биз яхшилашимиз керак бўлган энг катта муаммо, чунки ўйинни назорат қилиш учун умуман хатоларга йўл қўймаслик лозим", - деди испаниялик мутахассис.
Фикрлар