Шомуродов Римга қайтгунича “Рома” унга сюрприз тайёрлаб қўяди!
Европа етакчи лигаларида ФИФА кунлари муносабати билан навбатдаги танаффус эълон қилинди. Ўз мамлакатлари терма жамоаларига таклиф этилган чарм тўп усталари халқаро йиғин ва учрашувларда иштирок этиши керак.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец 2026 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш мусобақаси учинчи босқичидаги навбатдаги икки учрашувга “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродовни ҳам чақирган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозир “Рома” нотинч. Халқаро танаффус олдидан римликлар бош мураббий Иван Юрични ишдан олди. Элдор Шомуродов терма жамоадан клубга қайтганида унга қайси мутахассис устозлик қилишини билмайди.
“Рома” мутасаддилари жамоага тезроқ бош мураббий тайинлаш мақсадида бир неча мутахассислар билан музокара олиб бормоқда. Манбаларга кўра, ҳозирча икки мутахассис – Эрик тен Хаг ва Клаудио Раньери бош мураббийлик асосий даъвогарга айланди.
Sports.uz портали Европа манбаларининг “Рома”га бош мураббий тайинлаш жараёни ҳақидаги маълумотларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилади.
CORRIERE DELLO SPORT:
“Рома” раҳбарияти яқинда “Манчестер Юнайтед”ни тарк этган нидерландиялик мутахассис Эрик тен Хаг номзодига жиддий қизиқиб қолди.
Эрик тен Хаг манчестерликлар жамоасини 2022 йилнинг аперлида қабул қилиб олганди ва жорий йилнинг 28 октябрига бош мураббийлик қилди. Унинг қўл остида жамоа 2023 йили Лига кубоги ва 2024 йили Англия кубогини қўлга киритди.
Ўтган ёзда Эрик тен Хаг клуб билан ҳамкорлигини 2026 йилнинг ёзигача узайтирган бўлса-да, мавсум старти муваффақиятсиз чиққани учун лавозимидан озод этилди.
Энди бу мутахассис “Рома”ни бошқариши мумкин бўлган номзодлар рўйхатидан жой олди.
Ўтган мавсум охирида мураббийлик фаолиятини якунлаганини эълон қилган Клаудио Раньери “Рома”ни бошқариш учун жиддий ўзгариш қилиши мумкин.
Чунки 73 ёшли тажрибали мутахассиснинг “Рома”га бўлган меҳри бўлакча ва бу клубга хўжайинлик қилаётган Фридкинлар оиласига уни яна бош мураббийликка қайтариш имконини беради.
Клаудио Раньерига “Рома” бегона эмас. Италиялик мутахассис 2009 ва 2011 йиллар давомида пойтахт жамоасини бошқаган. 2019 йилнинг март-июнь ойларида ҳам “Рома”да қисқа муддатли фаолият юритган.
ЛУКА МУГНАЙОЛИ, футбол журналисти:
“Рома”нинг янги бош мураббийи Клаудио Раньери бўлиши мумкин. Сўнгги маълумотларга қараганда, клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи Роберто Манчини, Фрэнк Лэмпард ва Винченцо Монтелладан кейин кутилмаганда эътиборини 73 ёшли Раньерига қаратди.
Раньери Фридкинлар оиласи билан учрашиб, ҳамкорликни муҳокама қилиш учун Лондонга отланди.
Иларио Ди Жовамбаттиста, журналист:
“Рома” хўжайинлари – Фридкинлар оиласи тажрибали мутахассис Клаудио Раньери билан келишувга эришишга яқин. Шу муносабат билан жамоанинг сўнгги машғулотлари кейинроққа қолдирилди.
Агар томонлар бир тўхтамга келса, Клаудио Раньери шу ҳафта ичи машғулотларни бошлаб юбориши кутилмоқда.
Рим клуби ва римлик мураббий ўртасидаги келишув жорий мавсум охиригача тузилиши режалаштирган. Ёзда бош мураббий масаласи узил-кесил ҳал қилинади.
Клаудио Раньери ўтган мавсум “Кальяри”нинг А Сериядаги жойини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган эди. Ўшанда у бош мураббийлик фаолиятини якунлаган бўлса-да, “Фақатгина “Рома”га ҳеч қачон йўқ дея олмайман”, деб таъкидлаган эди.
Таъкидлаш жоизки, Иван Юрич “Рома”ни қабул қилиб олганидан кейин Элдор Шомуродовга етарлича имкон бермади. Ундан олдинги бош мураббий Даниэле де Росси эса, легионеримизнинг меҳнаткашлигини юқори баҳолаб, уни Римда олиб қолган эди.
“Рома”га бош мураббий бўлиши кутилаётган Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни яхши билади. 29 ёшли ҳужумчимиз ўтган мавсум унинг қўл остида ўйнаб, “Кальяри”ни юқори дивизионда қолишига катта ёрдам берган эди.
Фикрлар