25-турда лигани тарк этадиган клуб аниқ бўлади...ми ёхуд плей-оффда кимлар ўйнайди?

Суперлига карвони манзилига яқинлашиб қолди. Яна 2 та турдан сўнг чемпионат расман якунига етади. Пастки ўринларда бораётган жамоалар учун охирги иккита тур ҳаёт-мамот жангига айланади. Қуйида шу хусусида тўхталамиз.

Биласиз, Суперлигани мавсум бошидан бери муваффақиятсиз ўтказиб келаётган “Металлург” клуби 17 очко билан охирги ўринга “михланиб” қолган. 25-турда жамоа “Сурхон” билан, охирги турда эса амалдаги чемпион “Насаф”га қарши майдонга тушади. “Металлург”ни 13-ўриндаги “Локомотив”дан 4 очко ажратиб турибди. 25-тур бекободликлар тақдирини ҳал қилиб беради.  Агар “Металлург” “Сурхон”га имкониятни бой берса, тамом, расман Суперлигани тарк этади. Шуни инобатга олганда, шундоқ ҳам имкониятлари камайиб кетган “Металлург” қандай бўлмасин “Сурхон”ни ютиши ва қолган рақибларининг натижаларига эътибор қаратишга мажбур. Охирги турда эса Қаршида “Насаф” меҳмони бўлади. Рости, бекободликларга жуда оғир.

25-тур

“Металлург” – “Сурхон”

26-тур

“Насаф” – “Металлург”

21 очко билан 13-ўринни банд этиб турган “темирйўлчилар” Самарқандда “Динамо”ни 1:2 ҳисобида енгиб қайтгач, жуда қимматли уч очкони қўлга киритди. “Локо”ни 12-ўриндаги “Бунёдкор”дан 3 очко ажратиб турибди. Клубда мураббийлар алмашганидан кейиноқ Самарқанддан ғалаба билан қайтгани фонида уларда ишонч ва иштиёқ яна ошгандек. Бироқ рақиблар жиддий. 25-турда Жиззахда “Сўғдиёна” билан беллашади. “Насаф” майдонида ютиб келган “Сўғдиёна” кумуш медални қўлга киритиш учун “Локомотив”ни енгмаса бўлмайди. Ўз навбатида “темирйўлчилар”га ҳам ғалаба ҳар қачонгидан кўра зарур. Сўнгги турда улар “Нефтчи”ни қабул қилади. “Локомотив” чемпионат якунида плей-оффда ўйнайдими ёки тўғридан-тўғри қолиш имкониятига эга бўладими, вақт кўрсатади. Лекин бошқа рақиблари ҳам жим қараб турмайди-да!

25-тур

“Сўғдиёна” – “Локомотив”

26-тур

“Локомотив” – “Нефтчи”

Илёс Зейтуллаев бошчилигидаги “Бунёдкор”ни сўнгги икки турда “Олимпик” ҳамда “Пахтакор”га қарши учрашувлар кутяпти. “Қалдирғочлар”да Суперлигада тўғридан-тўғри жон сақлаб қолиш имконияти бор. Фақат бунинг учун иккала учрашувда ютиши керак. “Олимпик” билан ўйин дерби мақомида ва иккала клуб учун ўйиннинг аҳамият жуда баланд. Бу катта эҳтимол билан плей-офф ёки лигада қолиш имкониятини белгилаб беради.

25-тур

“Олимпик” – “Бунёдкор”

26-тур

“Бунёдкор” – “Пахтакор”

25 очко билан 11-ўринни банд этиб турган “Олимпик” “Бунёдкор” билан бирга камида лигада жон сақлаб қолиш учун плей-оффда қатнашишини нақд қилган. Қолгани жамоаларнинг ўзларига боғлиқ. Денис Коростиченко жамоаси ҳам тўғридан-тўғри қолиш учун курашяпти. Келаётган турда “Бунёдкор”га қарши ўйин принципиал аҳамиятга эга. Чемпионатни “Сурхон”га қарши ўйин билан якунлашади. Ўтган турда “Олимпик” ОКМКга қарши яхши таассурот қолдирди ва 2:2 ўйнади. Сал қолса ютиб кетиши ҳам мумкин эди. Айтмоқчимизки, “Олимпик” мавсум охирига бориб ўйинига қўшди. Сўнгги турлар шубҳасиз “ёнади”.

25-тур

“Олимпик” – “Бунёдкор”

26-тур

“Сурхон” – “Олимпик”

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!