Осиё кубоги: Ўзбекистоннинг ғалабасига хориждан қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогида финалга чиқиб, ёзда Парижда бўладиган Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Ярим финал Тимур Кападзе шогирдлари шов-шувли тарзда ярим финалга етиб келган Индонезия жамоаси билан куч синашди. Ҳамюртларимиз ўйиндаги устунликни иккинчи бўлимда ҳисобга ҳам кўчирди – 2:0.
Терма жамоамизнинг тарихий ғалабасига хориж мамлакатларидан ҳам муносабатлар билдирилмоқда.
LENSOIS.COM (Франция):
Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон U-23 терма жамоасига қўшилиш учун бир неча ку олдин “Ланс”ни тарк этган эди. Энди истеъдодли ҳимоячи Осиё кубогининг ярим финалида Индонезияга қарши майдонга тушди.
Ўзбекистонликлар индонезиялик рақибларини 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. 68-дақиқада Ҳусайн Норчаев ҳисобни очган бўлса, ўйин якунланиши арафасида Пратам Архан ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Ҳусанов тўлиқ ўйнади.
Ўзбекистон терма жамоаси 3 май куни бўладиган Осиё кубоги финалига тайёргарлик кўради.
SPORT24.RU (Россия):
Ўзбекистон терма жамоаси 23 ёшгача футболчилар иштирокида Қатарда ўтказилаётган Осиё чемпионати ярим финалида Индонезияни мағлуб этиб, финалга чиқди.
Ўзбеклар сафида Россия Премьер-лигаси вакилларидан ЦСКА ҳужумкор футболчиси Аббосбек Файзуллаев ва “Рубин” ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев фаол ўйнади.
Ўзбекистон 2:0 ҳисобидаги ғалаба эвазига ўз тарихида илк маротаба Олимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Осиё кубоги давомида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси кетма-кет бешта ғалаба қозонди, 14 та гол уриб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келмоқда.
SPORTS.KZ (Қозоғистон):
Ўзбекистон футболда тарихий натижа қайд этиб, Қозоғистондан ўзиб кетди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 23 ёшгача футболчилар иштирокидаги Осиё кубоги финалига чиқиш баробарида тарихий натижага эришди.
Энди Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Олимпия ўйинларида ўйнайди. Ҳали қозоғистонлик футболчилар бундай натижани қўлга кирита олгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон гуруҳ босқичида учта ғалаба қозониб, Малайзияни 2:0, Кувайтни 5:0, Вьетнамни 3:0 ҳисобида енгди. Финал йўлидаги плей-оффда Саудия Арабистони (2:0) ва Индонезиядан (2:0) устун келди.
FAJARHARAPAN.ID (Индонезия):
Қатардаги Осиё кубоги ярим финалида Индонезия ва Ўзбекистон футболчилари куч синашди.
Биринчи бўлимда ўзбекистонликлар тўпга эгалик қилди ва ўткир ҳужумлар уюштирди. Аниқ зарбаларни дарвозабон Эрнандо Ари қайтарди.
Ўзбекистонлик футболчиларнинг ҳужумлари Индонезиянинг ҳимоя чизиғини қийнаб қўядиган даражада кучли эди.
Гаруда Муда, Витан Сулеймана, Пратам Арханнинг ҳаракатлари рақиб ҳимоячилари томонидан бартараф этилди.
Ўзбекистоннинг иккинчи бўлим бошидан ҳужумларни кучайтирди. 68-дақиқада улар футболчиларимизни жазолади. Ҳусайн Норчаев Муҳаммадқодир Ҳамралиев узатмасидан муваффақиятли фойдалана олди. Ўзбеклар 86-дақиқада ҳисобдаги фарқни оширди.
Индонезия терма жамоаси вазиятдан чиқиш учун ҳарчанд уринасин, Ўзбекистон футболчилари босими остида қолиб кетди.
Фикрлар