Қирғизистон Эрондан очко тортиб оладими? Бош мураббийи ва етакчи футболчиси қандай фикрда?
Хабарингиз бор, бугун ЖЧ-2026 учинчи саралаш босқичи доирасида муҳим ўйинлар ўтказилади. Миллий терм жамоамиз Лаосда КХДРга қарши майдонга тушса, Бишкекда Қирғизистон гуруҳимиз пешқадами бўлиб турган Эрон терма жамоасини қабул қилади.
Маълумки, Қирғизистон термаси гуруҳда 3 очко билан 5-поғонада. Эронда эса 13 очко ва пешқадам. Албатта, барчамизнинг эътиборимиз бугун шубҳасиз миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўйинга қаратилади. Учрашув бизнинг вақт билан 17:00 да бошланади. Ушбу беллашув якунгангач эса соат 19:00 да Қирғизистон – Эрон беллашуви бошланади. Шунингдек, гуруҳимиздаги яна бир учрашув БАА ҳамда Қатар ўртасида бўлиб ўтади. Мазкур қарама-қаршилик 21:00 га белгиланган.
Бизнинг ўйиндан кейин эътибор қаратишимиз керак бўлган учрашув албатта Қирғизистон – Эрон беллашувидир. Ҳисобида ҳозирча 5 та ўйиндан сўнг 1 та ғалаба бўлиб турган ён қўшнимиз гуруҳ етакчисидан очко тортиб олишга қодирми?
Ўйин олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи Максим Лисицин қуйидагиларни айтди:
“Хабарингиз бор, сафарда қийин ва якунда омадсиз ўйин ўтказдик. Шундай экан, бизнинг асосий вазифамиз йигитларни жисмонан тиклашдан ташқари, уларни руҳий жиҳатдан қайта ишга тушириш ва Эронга қарши ўтадиган ўта оғир ўйинга тайёрлаш. Биз кучли футболчилардан иборат кучли жамоага қарши майдонга тушамиз. Умид қиламанки, футболчиларимиз баҳсга тайёр!”.
Қирғизистон бош мураббийи эхтиёткорликни биринчи ўринга қўймоқда ва шу билан бирга у ўз жамоасига ишонмоқда. Жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлган Алимардон Шукуров эса шундай деди:
“Бундай мағлубиятдан, олдинги ўйиндан қутулиш қийин бўлгани аниқ, бу ҳаёт, бу спорт – шундай бўлади. Мухлисларимизни хурсанд қилиш учун уйда яхши ўйнашимиз керак”, - дейди Шукуров.
Маълумки, Қирғизистон ўтган турда сафарда БААга 3:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Шу боис бу сафар Бишкекда ўтадиган муҳим учрашувда Лисицин ва унинг жамоаси имкони қадар мухлисларига ижобий натижа билан хурсандчилик улашишмоқчи. Бу ўйинни кузатиш ҳам анча қизиқ.
Фикрлар