Владимир Бубанья: "Тўғриси, мен бу ҳақида мутлақо ўйламагандим"
Аввал хабар берганимиздек, "Андижон" жамоасининг сербиялик легионери Владимир Бубанья ЎзПФЛнинг жорий йилдаги “Суперлига-2024” рамзий терма жамоасидан ўрин эгаллади. Бу албатта, "Бургутлар" учун қувонарли ҳолат. Бубанья клуб матбуот хизматига рамзий терма жамоа аъзосига айлангач, қисқача интервью берди.
- Владимир, сизни “Суперлига-2024” рамзий терма жамоасидан ўрин олганингиз билан табриклаймиз. Бу хабарни илк бор эшитганингизда уни қандай қабул қилдингиз?
- Табригингиз учун раҳмат. Бу хабарни илк бор сиздан эшитганимдан кейин бундан жуда хурсанд бўлдим. Рамзий терма жамоадан жой олиш албатта ёқимли ҳолат.
- Аслида рамзий терма жамоадан жой олишингизни кутганмидингиз?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, мен бу ҳақида мутлақо ўйламагандим.
- ЎзПФЛ рамзий терма жамоа футболчиларини ажойиб видеоролик орқали намойиш қилди. Бундай ғоя сизга ҳам ёқдими?
- Мен ҳам бундай ғояни қўллаб-қувватлайман. Улар жуда тўғри йўл тутишди.
- Рамзий терма жамоадан ўрин олганлар орасида кимни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?
- Бу йилда мен учун Йовович.
- “Андижон” “Бобур арена” стадионида “Динамо”га қарши бу йилги чемпионатда сўнгги ўйинини ўтказади. Тайёргарлик қандай давом этяпти?
- Мен ва жамоамиз учун жуда муҳим ўйин. Биз бўлажак учрашувга астойдил тайёргарлик кўряпмиз.
- Ғалаба кутаётган мухлислар учун нима дея оласиз?
- Бу йилги ўз майдонимизда ўтадиган охирги ўйинимизда ижобий натижа қайд этишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Фикрлар