Юртимизда футбол байрами давом этади ёхуд бугун Суперлигада 2-тур бошланади

TIGGO 2 PRO

Суперлигамизда иккинчи тур бошланмоқда. Бир қатор стадионларда янги мавсумнинг очилиши бўлади. Шубҳасиз, бизни марказий тўқнашувлар кутяпти. Юртимизда футбол байрами давом этади. Ушбу турда қуйидаги жуфтликлар беллашишади.

14 март

19:30. “Бухоро” – “Қизилқум”

Про лигадан Суперлигага қайтган “Бухоро” чемпионатнинг дастлабки учрашувини Олмалиқда ОКМКга қарши ўтказиб, охирги дақиқада ўтказиб юборилган гол эвазига 2:1 ҳисобида ютқазди. “Қизилқум” эса “Сурхон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган ҳолда ғалаба билан бошлади. Улуғбек Бақоев жамоаси ОКМК билан ўйинда ёмон таассурот қолдиргани йўқ. “Қизилқум” билан баҳсда бухороликлар 2025 йилдаги илк ғалаба билан мухлисларини хурсанд қилмоқчи. Бироқ улар уй учрашувларини вақтинча Тошкентда ўтказиб турадилар. Боиси, Бухородаги арена янгиланмоқда. Шу боис “Қизилқум”га қарши беллашув “Жар” стадионида ўтади. Дастлабки турдаги ғалаба “Қизилқум”га қанчалик позитивлик бағишлаганини “Бухоро” билан баҳсда кўрамиз.

19:30. “Нефтчи” – “Қўқон-1912”

Бу турда сиз билан биз яна водий дербисига гувоҳ бўламиз. 1-турда “Қўқон-1912” – “Андижон” беллашуви ўтказилган бўлса, бу сафар Фарғонада “Нефтчи” “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Бу тўқнашувни вилоят дербиси деб атасак ҳам бўлаверади. Иккала клуб дастлабки турда дуранг ўйнашди. Бу чиндан ҳам жуда қизиқарли қарама-қаршилик бўлади. Мухлислар ҳам шу куни иккига бўлинишади. Албатта, “Нефтчи”нинг ишқибозлари кўпроқ бўлиши табиий. Фарғоналикларнинг имконияти юқори баҳоланаётгани бор гап. Бироқ футболда айниқса, бундай дербиларда ҳамма нарса бўлиши мумкин. “Нефтчи” тажриба борасида, қўқонликлар эса иштиёқ эвазига нимадир қилиши мумкин.

15 март

17:55. “Шўртан” – “Бунёдкор”

Қаршидаги “Марказий” стадионда “Шўртан” номинал мезбон сифатида “Бунёдкор”ни қабул қилади. Бир неча йилдан сўнг Суперлигага қайтган ғузорликларни жуда машаққатли ва оғир мавсум кутаётгани сир эмас. Боз устига Анвар Бердиев жамоаси чемпионатни мағлубият билан бошлади. Таркиб, ном ва ўйин жиҳатидан “Бунёдкор” устунроқ кўриняпти. “Шўртан”нинг уй майдони таъмирланаётгани боис Қаршида ўйнаб туради. Аммо бу дегани улар деярли ўз уйида ўйнаётганини англатади. “Шўртан” учун ҳар бир баҳс финал. “Бунёдкор”нинг “Нефтчи”га қарши ўйинидан келиб чиқсак, уларда устунлик кўпроқдек, лекин бу – футбол!

19:30. “Андижон” – “Насаф”

Турнинг марказий учрашуви Андижондаги “Бобур арена” стадионида бўлиб ўтади. Ўтган йилги мамлакат чемпиони ва Кубок соҳибига қарши ўйнайди. Жуда қизиқарли ва ҳужумкор учрашув кутмоқда. Стадионда ҳам муҳит жуда юқори даражада бўлиши шубҳасиз. Ўтган йили “Насаф” Андижонда икки марта ўйнаган, аммо ғалаба билан қайтмаган. Бир дуранг ва мағлубиятга учраганди. “Андижон” клуби олдига совринли ўринлардан бирини эгаллаш вазифаси қўйилди ва бу борада клуб ўз-ўзидан “Насаф”нинг рақобатчисига айланди. Энди жамоа чемпионни ютиши учун янада кучлироқ ўйин кўрсатиши даркор. “Насаф”нинг янги ҳужумчиси Рубин Хебай илк бор Андижонга рақиб сифатида келади. Уни маҳаллий мухлислар қандай қарши олишларини кузатиш ҳам қизиқ.

20:15. “Динамо” – “Машъал”

Суперлигага қайтган “Машъал” учун янги мавсумнинг илк расмий ўйини 2-турдан бошланади. Сабабини билсангиз керак, дастлабки турда “Машъал” сафарда “Пахтакор”га қарши майдонга тушиши керак эди. Бироқ “Пахтакор”нинг ОЧЛдаги ўйини сабабли қолдирилганди. Шу боис муборакликлар учун янги мавсум “Динамо”га қарши баҳс орқали бошланади. Албатта, фаворит майдон эгалари. Наманганда самарқандликлар тайёр ғалабани қўлдан чиқаришди ва аламли тарзда бир очко билан қайтишди. “Машъал” мезбонларга қандай қаршилик кўрсатиши барча учун қизиқарли туюлмоқда.

16 март

17:45. “Сурхон” – “Хоразм”

Ниҳоят, “Сурхон” клуби Термизга, ўз уйига қайтди. Сурхондарёликлар орзиқиб кутган онлар келди. Очилиш баҳси ҳақиқий байрамга айланиши шубҳасиз. Гарчи “Сурхон” чемпионатни мағлубият билан бошлаган бўлса-да, йиллар давомидаги паузадан кейин уйига қайтгани ва минглаб мухлислари қаршисида тўп суриши эвазига жамоанинг кайфияти яхши. “Хоразм”га қийин бўлади, бироқ Ҳаким Фузайлов жамоаси гўёки “чақилмас ёнғоқ”дек кўриняпти. Балки “Сурхон” “чақиб” қўяр!

19:30. “Сўғдиёна” – “Навбаҳор”

Ушбу жуфтлик ўртасидаги ўйин ҳам турнинг марказий учрашувларидан бири. “Сўғдиёна” мавсумни сафарда “Насаф”га қарши бошлади ва ютқазди. “Навбаҳор” эса Наманганда “Динамо” билан дуранг қайд этди. Иван Бошкович бошчилигидаги жиззахликлар ҳар доим бошқалар учун қийин ва мураккаб рақиблар сирасига киради. Сергей Лушчан янгилик ўйлаб топмасдан тўғри тактика танлаши шарт, акс ҳолда “Навбаҳор” ўз  мухлисларини хафа қилиб қўйиши мумкин.

20:00. ОКМК – “Пахтакор”

“Пахтакор” ОЧЛ Элит мусобақасида “Ал-Ҳилол”га икки ўйин натижасига кўра енгилди ва мусобақани тарк этди. Энди “Шерлар” бор эътиборини чемпионатга қаратади. Айнан ОЧЛ сабабли жамоанинг Суперлигадаги биринчи тур баҳси қолдирилганди. Шунинг эвазига улар чемпионатдаги дастлабки ўйинида майдонга тушишади. Лекин рақиб жиддий. Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган ОКМК ҳар қандай ҳолатда ҳам “Пахтакор”га кураш таклиф қилади. Буни ўтган йиллар мобайнида кўрдик. Мазкур ўйин ҳам турнинг эътибор марказида. Ҳозирча имкониятлар тенг. Қолганини ўйинда кўрамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!