
Асрор Алиқулов: "Сиз айтган нарса тасодиф"
“Машъал” клуби чемпионатда иккинчии ғалабасини қўлга киритди. Суперлиганинг 6-турида муборакликлар Қаршида “Шўртан” билан беллашди ва 1:0 ҳисобида устун келди. Ўйин якунлангач, “Машъал” устози Асрор Алиқулов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бу Суперлигадаги 6-тур ўйини ва дерби эди. Ҳамма вақт дерби оғирриқ бўлади. “Шўртан” жамоаси билан бир неча йилдан бери тўқнаш келамиз. Мураббийни услуби бор, жамоа шиддаткор ва босим уюштиради. Жамоамизни босимга тайёрладик. Ўйинга жуда оғир киришдик. Биринчи бўлимда яхши ўйнай олдик, деб айта олмайман. 65-70 дақиқадан кейин бўшлиқлар пайдо бўлишини уқтиргандик. Шу боис айрим футболчиларимизни ўйинни кучайтириш мақсадида захирада қолдиргандик. Голдан сўнг охирги дақиқалардаги вазиятда ақллироқ ўйнаганимизда яна гол уришимиз мумкин эди. Бугунги ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман. Футболчиларга меҳнатлари учун миннатдорчилик билдираман.
- Охирги пайтларда дарвозабон Достон Тўхтабоев асосий таркибда кўринмаяпти. Майдонга тушмаётганининг сабаби нимада?
- Асосий рақобатда Достон ютиб чиққанди. Чемпионатда айнан Тўхтабоев бошлади. Охирги ўйинларда йирик мағлубиятни қабул қилдик. Бу томонлама Достон ишончли ўйин кўрсата олмади. Лекин биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Умид Ҳамроевга ишонч билдиряпмиз. Иккаласи ҳам жамоамиз футболчилари. Қайси бири тайёр бўлса, ўшани майдонга туширамиз.
- Захирадан майдонга тушган футболчилар ўзини оқлади. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?
- Айтдим-ку, “Шўртан” 65-70 дақиқа босим қилади. Босим уюштирганда эса ҳимояда бўшлиқлар пайдо бўлади. Биз иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириш мақсадида тезкорроқ ва ақллироқ футболчиларни захирада қолдирдик. Захирадан майдонга тушган ўйинчилар ўзини оқлади.
- Фаолиятингиз давомида “Шўртан”да ҳам ишлагансиз. “Машъал” ва “Шўртан”даги кўрсаткичларингизга қарасак, сиз кўпроқ ғузорликларни мағлубиятга учратгансиз. Бу “Шўртан”ни ҳар томонлама билишингиз билан боғлиқми ёки сизни жамоангиз бу рақибдан кўра кучлироқми?
- Ҳамма вақт сиз била олмайсиз. “Шўртан”нинг ҳозирги таркибидан айрим футболчиларни жамоамизга таклиф қилганмиз. Афсуски, улар “Шўртан”ни танлаб кетишган. Улар таркибида яхши ўйинчиларга эга. Айниқса, ярим ҳимояда. Шунинг учун тўп билан муомаласи, техник қобилияти яхши. Лекин сиз айтган нарса тасодиф десам тўғри бўлади. Охирги пайтларда дербилардаги ғалабаларимиз футболчиларнинг меҳнати.
Фикрлар