Испаниядаги ўйинчи тўқнашувдан кейин футболчининг юраги тўхтаб қолди
Дарвозабон рақибни аямади
Испания чемпионати иккинчи дивизиони 12-туридаги ўйин охирида "Тенерифе" форварди Хесус де Мигелнинг майдонда юраги тўхтаб қолди. У "Андорра"га қарши баҳсда жиддий жароҳат олди.
2:2 ҳисобида давом этаётган ўйин иккинчи бўлимга қўшиб берилган еттинчи дақиқада тўхтатиб қўйилди. Шу пайтда "Андорра" дарвозабони Хесус Овоно рақиб ҳужумчисининг яккама-якка чиқишини тўхтатиш мақсадида дарвозасини ташлаб, марказ томон чиқди ва катта тезликда Де Мигель билан тўқнашиб кетди.
Зарба оқибатида Де Мигель ерга қулаган ҳолда ҳушини йўқотди. Тиббий ходимлар дарҳол майдонга кириб, футболчини носилкада майдондан олиб чиқишди. У аввал кийиниш хонасига, сўнгра тез ёрдам машинасида шифохонага етказилди.
Йўлда футболчида юрак ва нафас фаолияти тўхтагани маълум қилинган. Тез ёрдам машинасида шифокорлар унинг аҳволини барқарорлаштиришга муваффақ бўлишган, бироқ у ҳушига келмаган.
"Тенерифе" клуби расмий баёнотида қайд этилишича, Хесус де Мигель реанимация бўлимига жойлаштирилган. Унинг аҳволи жуда оғир, бироқ барқарор деб баҳоланмоқда.
Тўқнашувдан сўнг ҳакам Хесус Ового майдонни тарк этишни буюриб, унга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатди. Учрашув Санта-Крус-де-Тенерифеда бўлиб ўтган эди.

Изоҳлар (0)