“CAFA U-16 Championship“ олдидан матбуот анжумани ўтказилди

Бугун “Миллий“ стадионида “CAFA U-16 Championship“ минтақавий мусобақасининг очилиши олдидан иштирокчи мамлакатлар бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Тожикистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Ҳикмат Фузайлов, Афғонистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Саид Хади Козимий, Қирғизистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Марат Жумакеев ҳамда Ўзбекитон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошевлар иштирок этишди.

Бош мураббийлар матбуот анжумани бошида ташкилотчиларга ўз миннатдорликларини билдириб қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар:

Афғонистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Саид Хади Козимий: 

- Биз “CAFA U-16 Championship“ турнирида иккинчи марта иштирок этяпмиз. Мусобақага терма жамоамиз яхши тайёргарлик кўрди. Бу мусобақа биз учун Осиё чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради деган умиддамиз.

U-16 CAFA (2)

- Қирғизистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Марат Жумакеев: 

- “CAFA U-16 Championship“ мусобақасининг ҳар бир ўйини бизга роҳат бағишлашига ҳамда фойдали бўлишига ишонаман. Жамоамиз олдига яхши натижалар кўрсатиш вазифаси қўйилган. Ташкилотчилик юқори савияда. Стадионларнинг ҳолати аъло даражада. Кеча биринчи маротаба “Миллий“ стадионида машғулот олиб бордик, ҳамда мураббийлар семинарларида иштирок этдик. Бу стадионда тўп суриш жуда мароқли. Барча иштирокчиларга омад тилайман. Шогирдларим олдиларига қўйилган вазифаларни бажара олишларига ишонаман.

U-16 CAFA (3)

Тожикистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Ҳикмат Фузайлов: 

- Аэропортдан чиққанимиздан мезбонлар томонидан уюштирилган кутиб олиш маросимидан ҳайратда қолдик. Барча-барчага миннатдорчилик билдираман. Бу мусобақа барча учун фойдали бўлади деган умиддаман. Мусобақада иккинчи йил иштирок этишим. Олдинги мусобақадан ёқимли хотиралар қолган.

U-16 CAFA (4)

Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев: 

- Ушбу турнирни катта воқелик деб айта оламан. Ўтган кунлар давомида биз фақатгина футбол ҳақида гаплашдик. Рақиб мамлакатларнинг футболи ривожини таҳлил қилдик. Бу мусобақа қатнашчиларга халқаро тажриба беради. Турнир давомида фақатгина яхши савияли ўйинлар бўлади. Бунга ишонаман.

U-16 CAFA (5)

- Мусобақададан қандай натижалар кутяпсиз?

Саид Хади Козимий: - Олдимизга иккита мақсад қўйганмиз. Асосий мақсад Малайзиядаги мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш, ҳамда амалдаги чемпионликни сақлаб қолиш.

Марат Жумакеев: - Мусобақада футболчиларимнинг имкониятларини кўриб олмоқчиман. Бу мусобақадаги иштирок мураббийларнинг, футболчиларнинг, федерацияларнинг ютуғи. Асосий мақсадимиз бўлиб ўтадиган ўйинлар орқали ўзимизнинг ҳимоя ва ҳужум чизиғимизни синовдан ўтказиб олишдир.

Ҳикмат Фузайлов: - Асосий вазифамиз чиройли ўйин кўрсатиш.

Усмон Тошев: - Мусобақа давомида ўз ўйинимизни шакллантириб боришни ният қилганмиз. Ўйинлар футболчиларимиз учун ўзига хос дарс бўлиши керак. Вазифамиз - халқаро тажриба орттириш ҳамда энг кучли эканимизни исботлаш.

- Рақиблар ҳақида фикрингиз қандай?

Саид Хади Козимий: - Мусобақа иштирокчиларининг барчаси ҳурматга сазовор. Ўзбек футболи кундан-кунга юксалишга эришмоқда. ЖЧга чиқа олмаган бўлса-да, бу жамоа билан ўйин анчагина фойдали бўлади. Тожикистон термасида ҳам катта тажриба бор. Улар Осиё чемпионатига чиқишди. Бу катта шараф. Қирғизистон термаси билан эса яхшигина жанг бўлади.

Марат Жумакеев: - Мусобақага иштирокчиларининг барчалари жуда кучли жамоалар. Ўзбекистоннинг Усмон Тошев бор ҳамда футбол анчагина ўсган. Барча жамоалар чиройли ўйин кўрсатиб, ғолиб бўлишни исташади. Бу мусобақа орқали биз ўз имкониятларимизни синовдан ўтказамиз.

Ҳикмат Фузайлов: - Биз ўтган йилги мусобақадагидан кўра кучлироқ бўлганимизни исботламоқчимиз ҳамда халқаро тажриба тўпламоқчимиз.

Усмон Тошев: - Мен ОФК инструктори сифатида қўшни давлатларда кўп бўлганман. Афғонистон футболи яхши савияда. Барчада тизим профессионал йўлга қўйилганини кўрганман. Рақибларимиз анчагина кучли. Ўйинлар қизиқарли бўлади деб умид қиламан.

- Бизда Суперлига, Про-лига, U-18, U-16, U-14 лигалари бор. Сизлардачи?

Саид Хади Козимий: - Мамлакатимиздаги ҳолат бошқалар каби турнирлар ўтказишга имкон бермайди. Вақт ҳам жуда тиғиз бўлади. Шунинг учун ҳам йигитлар ўзларини кўрсата олмайди. Термамиз Уммонда икки марта ўртоқлик ўйин ўтказди. Мусобақага ўтган йилгидек тайёрлана олмадик.

Марат Жумакеев: - U-16, U-17 жамоаларининг лигаси бор. Икки минтақадан иборат. Шимолий ва жанубий. Бу лигалар селекция ишлари учун ҳам анчагина фойдали. Шунингдек, машғулот циклини ҳам кузатиб бориш учун ҳам қулай.

Ҳикмат Фузайлов: - U-15 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида кичик турнирлар бўлади. 16, 17, 18, 19 ёшлилар ўртасида эса уй ва сафар тизими орқали Премьер-лига ташкил қилинган. Бу лиганинг фойдаси жуда катта.

- Рақибларни ҳурмат қилган ҳолда мусобақада Ўзбекистонни фаворит деб ҳисоблайсизми?

Усмон Тошев: - Мусобақада бир-биримизни камситиш йўқ. Барча бир хил савияда, мураббийларни ҳам ҳурмат қиламан. Барча нарса ўйинларда ҳал бўлади. Жаҳон чемпионатини кузатаётган бўлсанги фаворитлар турнирни тарк этишмоқда. Ҳозирги футбол ажойиб ҳамда қизиқарли.

БУ  ЕРДА  ТАҚВИМ...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!