«Манчестер Сити» трансфер ойнасини «портлатиш»га мажбур! Шорт-листда кимлар бор?
АПЛ ғолиблиги учун асосий даъвогар бўлиб турган «Сити» қаторасига 19 та ўйинда ғалаба қозонди, аммо ҳамма позицияларда ҳам иш аъло даражада кетмаяпти. Аслида Гвардиола шогирдлари ҳар бир ўйинда ўртача 2,5 тадан кам гол киритмасликка одатланган. Жорий мавсумда бу кўрсаткич 2 га тушиб кетди.
Бунга марказий ҳужумчиларнинг пассив ўйини сабаб. Агуэро жароҳати боис, бир нечта ўйинларни ўтказиб юборди. Энди ёзда эркин агентга айланиш ҳақида бош қотирмоқда. Габи Жезус топ форвард эмас. 17 та ўйинда 4 гол киритган ҳужумчи билан узоққа бориб бўлмаслигини Пеп яхши билади. Шундай экан, клуб келаси мавсумда кучли марказий ҳужумчи сотиб олишга мажбур бўлади.
COVID-19 сабабли кўплаб гранд клублар иқтисоди катта талофат кўрди. Мутахассисларнинг маълум қилишича, бу зарба бир неча йиллар давомида ўз таъсир кучини йўқотмайди. «Манчестер Сити»ни бу воқеалар безовта қилмаса керак. Абу Дабидаги миллиардер истаган футболчини «шаҳарликка» айлантиришга қодир. 2020 йилнинг июль ойида «Сити»га қўйилган икки йиллик тақиқни олиб ташланди. Оқибатда, ёз охирига қадар жамоа Рубен Диаш, Натан Аке ва Ферран Торрес учун 120 миллион евро сарфлади.
Аслида, Пеп ўз ўйин услуби билан соф марказий ҳужумчисиз ҳаракат қилишга ўрганиб қолган. Бундай футболда Агуэро кучли техника эгаси бўлгани учунгина жон сақлаб қолди. Шунга қарамай, унинг кетиши тобора аниқлашиб бормоқда. Агар аргентиналик футболчи жамоани тарк этса, ўрнини ким билан тўлдириш мумкин? Шайх Мансурнинг молиявий имкониятларни инобатга олган ҳолда, асосий даъвогарлар билан таништириб ўтамиз.
Леонель Месси
Аргентиналик ҳужумчи 34 ёшни «уриб» қўйган бўлса-да, бир ё икки мавсумни супер даражада ўтказишга қодир. Бир неча йиллардан бери ЕЧЛ олтин медалларини орзу қилаётган Гвардиолага шунинг ўзи кифоя. Клуб мухлислари ҳам Англия чемпионлигига ўрганиб қолди. Энди улар ҳам халқаро майдондаги совринни истамоқда.
Лео ва Пепнинг яна ҳамкорлик қилиши, «Сити» тарғиб этаётган ўйин моделини тўхтатиб бўлмас машинага айлантириб юбориши мумкин. Месси сўнгги пас ва ҳужумни уюштиришда беназир. Шунингдек, кучли ярим ҳимоячилар қуршовида у янада эркин тўп суриши мумкин.
Бу трансферни амалга ошириш жуда қимматга тушади, бироқ Месси бу замонавий футболнинг рамзи саналган иккита спортчининг бири. Бу юриш «Сити»нинг грандлар қаторига қўшилиши учун олдинга ташланган қадам бўлади.
Эрлинг Холанд
Яқин 10 йил ичида сайёрамизнинг энг кучли марказий ҳужумчиси бўлиш учун асосий даъвогар! Чинакам гол машинаси. Жорий мавсумда у Бундеслиганинг 17 ўйинида 17 бор рақиб дарвозасини ишғол этди. ЕЧЛда 5 бор ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Эндигина 20 ёшга қадам қўйганига қарамай, у совуққон ва хотиржам. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз гол киритишдан бошқа жиҳатларини ҳам яхшилаб боришга уринмоқда. Техникаси кучли, жисмонан бақувват, сўнгги зарбани бера оладиган Эрлинг Пепнинг барча критерияларига жавоб бера олади.
Иккинчи қаватда ҳам ўз ўйинини яхшилаётган йигит ҳали ўзининг энг юқори даражасига кўтарилгани йўқ. У исталган футбол моделига мос келади.
Миш-мишларга қараганда, Холанд 2022 йилнинг охирида Дортмунд клубини 75 миллион евро эвазига тарк этмоқчи. Агар «Сити» Агуэронинг қўйиб юборса, тезроқ Холанд учун курашга қўшилиши лозим. Акс холда, бу трансфер суммаси 150 миллион еврогача кўтарилиши мумкин.
Харри Кейн
«Шпорлар» ўз сардорини қўйиб юбормоқчи эмас. Шу боис, унинг трансфер суммасини 150 миллион евро этиб белгилаб қўйишди. Ҳозирги пайтда бу сумма «Сити» учун ҳам оғирлик қилиши аниқ.
Ёзда Харри 28 ёшни қарши олди. Футболчи шу ёшга қадар ҳали бирорта совринни боши узра кўтаргани йўқ. Жуда аламли. Унинг жамоа билан тузган шартномаси 2024 йилда ўз якунига етади. Агар футболчи шартнома сўнггига қадар «Тоттенхэм»да қолса, узоғи билан Англия кубогида зафар қучиши мумкин, холос. Бундан ортиғини фақат орзу қилиш мумкин.
«Сити» Кейн ҳозир супер формада эканлигини яхши билади. Трансфер тезда фойда бериши аниқ. Бу вазиятда Даниель Леви билан суҳбат уюштириш зарар қилмайди. Агар трансфер суммаси 80-90 миллион евро атрофида баҳоланса, Кейн ва «Сити» ҳамкорлиги катта фойда келтириши аниқ.
Харри стабил ҳужумчи. Айнан шундай ижрочининг йўқлиги бир неча йиллардан бери муҳим баҳсларда “Ман Сити”га панд бериб қўймоқда. Кейн жамоани ҳар жабҳада кучайтириши мумкин.
Килиан Мбаппе
Барча Килианни Мадрид клубига ўтиши ҳақида фикр билдирмоқда, аммо бунга ишониш мушкул. «Реал» янги стадион қурилиши ва пандемия сабабли молиявий қийинчиликларни бошидан ўтказмоқда. Вазиятдан «Сити» унумли фойдаланиб кетиши мумкин.
22 ёшли ҳужумчининг Париж жамоаси билан тузган шартномаси 2022 йилда якунланади. Мбаппе - жаҳон чемпиони. У шунчаки бир мавсум яхши тўп сурган футболчи эмаслигини исботлаб бўлди. Роналду ва Мессидан кейин «олтин тўп»ни қўлга киритиш учун биринчи даъвогар бўлиб турган йигит учун 100-150 миллион евро талаб этилиши табиий.
Боз устига, Килиан Лига-1да янги даражага чиқа олмаслигини яхши билади. У АПЛ ёки Ла Лигада тўп суриши шарт. Бошқачасига «олтин тўп» учун биринчи рақамли даъвогар бўлмайди. Умуман олганда, «шаҳарликлар» бу трансфердан ҳар жабҳада фойда қилиши мумкин. Килиан универсал. У қанотларда ва марказда бир хил наф беради. Керак пайтда тезлик намойиш этиши ҳам мумкин. Қўшимчасига, қарши ҳужум чоғида у чинакам қуролга айланади.
Жоау Фелиш
Тан олиш лозим, Фелиш «Атлетико»нинг ўйин услубига сира мос эмас. «Бенфика»да эркин ижод қилишга ўрганиб қолган йигитдан соф ҳужумчи «ясаш»нинг имкони йўқ эканлигини Симеоне ҳам англаб етди. Шу боис, у Луис Суаресни таркибга қўшиб олди.
21 ёшли йигит ўзи учун сарфланган 126 миллион еврони ҳали оқламади, бироқ унинг потенциали жуда юқори. Унинг қанотдан марказга ёриб кириши, дриблинг ва чаққонлиги «Сити»га қўл келиши мумкин. Пеп португалиялик футболчини бемалол янги даражага олиб чиқа олади.
Фелиш марказий ҳужумчи бўлишига қарамай, майдон марказига яқин нуқтада тўп суриши мумкин. «Ёлғон тўққизлик» схемаси учун Фелиш идеал ҳужумчи. Ҳозир «Атлетико» ҳимоявий футболга урғу бергани учун биз Жоауни тўлиқ имкониятларини чамалай олмаяпмиз.
Унинг «Этихат»га кўчиб ўтиши янги супер юлдузнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.
Фикрлар