
Раньери: “Шомуродов ҳар доим муҳим голларни киритади”
“Рома” А Сериянинг навбатдаги турида “Эмполи” билан тўқнаш келиб, кичик 1:0 ҳисобида муваффақиятга эришди. Ушбу учрашувни ҳамюртимиз асосий таркибда бошлаб, 72 дақиқа ҳаракат қилди. Унинг мазкур ўйинини жамоа бош мураббийи Клаудио Раньери холис баҳолаб, ўз фикрини билдириб ўтди.
"Биз бу ўйинимизни яхшилашимиз керак, акс ҳолда, бундай беллашувларда дуранг қайд этиб, нега бундай бўлганини ўйлаб қоламиз. Мавсумнинг иккинчи ярми ҳар доим қийин кечади. Шуни ҳам таъкидлашим керак, бўлиб ўтган учрашувда ўйнашга чанқоқ бўлган футболчиларни туширдим. Энди эса бор эътиборимизни “Атлетик Бильбао”га қарши тўқнашувга қаратиб, яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз.
Бугун бутун жамоа менга ёқди. Шомуродов ажойиб йигит, у фаолияти давомида кўп гол урмаган. Лекин энг муҳими Элдор тўғри вақтда тўғри жойда бўлади. Бу эса унинг энг устун томонларидан биридир. Бундан ташқари, Шомуродов шу кунгача муҳим голларни урди ва шундай давом этишидан умидворман" – деди италиялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, “Рома" навбатдаги баҳсини 13 март куни Испаниянинг “Атлетик Бильбао” клубига қарши ўтказади. Мазкур беллашув Тошкент вақти билан 22:45 да старт олиши режалаштирилган.
Фикрлар