Ўзбекистон спортчиси 2026 йилги Осиё ўйинларидан четлатилди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Регби-7 бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Умар Усмонов Аичи ва Нагояда (Япония) ўтаётган 2026 йилги Осиё ўйинларида допинг қоидабузарлиги гумони билан вақтинча мусобақалардан четлатилди. Бу ҳақда Халқаро тест синовлари агентлиги (ITA) хабар берди.

Маълумотга кўра, спортчидан 27 сентябрь куни Нагояда мусобақадан ташқари назорат доирасида олинган допинг намунасидан дростанолон метаболити аниқланган. У анаболик андроген стероидлар туркумига киради ва мусобақа пайтида ҳам, ундан ташқари даврларда ҳам қўллаш қатъиян тақиқланган моддалар рўйхатида.

Усмоновга таҳлил натижалари расман етказилган ва у иш юзасидан якуний қарор чиқарилгунча вақтинча дисквалификация қилинган. Унга Осиё ўйинлари доирасида мусобақаларда иштирок этиш, жамоа билан машғулот ўтказиш ва бошқа ҳар қандай спорт фаолияти билан шуғулланиш тақиқланди. Шу билан бирга, спортчида “B намуна”сини қўшимча текширувдан ўтказишни сўраш ва вақтинча четлатиш қарорини Спорт арбитраж судининг допинг бўйича бўлинмасига шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд. Ҳозирча иш бўйича якуний ҳукм эълон қилинмаган.

Умар Усмонов Ўзбекистон делегацияси таркибида эркаклар ўртасидаги регби-7 мусобақаларига киритилган эди. Гуруҳ босқичида ўзбекистонликлар Гонконгга 0:45, Хитойга 0:50 ва Малайзияга 0:22 ҳисобида мағлуб бўлиб, “А” гуруҳида сўнгги ўринни эгаллади.

2 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси 9–12-ўринлар учун ўтказилган тасалли босқичида Қозоғистонга 7:35 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, жамоа Осиё ўйинлари-2026 доирасида ўтказган тўрт учрашувнинг бирортасида ҳам ғалаба қозона олмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!