117 ёшга тўлган жамоа ёхуд "Андижон"нинг Анталиядаги илк рақиби ҳақида
Туркиянинг Анталия шаҳрида “Мавсум-2025” учун ўқув-машғулот йиғинига киришган “Андижон”нинг асосий режаларидан бири қатор назорат учрашувларини ўтказиш ва шу орқали футболчиларнинг ўйин ритмини яхшилашдан иборат.
Олдин хабар бериб ўтганимиздек, “Бургутлар” Анталияда 9 та ўйинда майдонга тушиши кўзда тутилган. 25 январь куни белгиланган учрашувларнинг дастлабкиси бўлиб ўтади. Илк рақиб – Полшанинг “ЛКС Лодзь” жамоаси.
Хомяков жамоасининг ушбу рақиб ҳақида тўхталадиган бўлсак, “ЛКС Лодзь” клуби Польша биринчи дивизион вакили ҳисобланиб, ўз мамлакатида фахрий жамоалардан бири ҳисобланади. Чунки “ЛКС Лодзь” 117 ёшга тўлган, яъни, 1908 йилда ташкил этилган.
Мазкур клуб айни пайтда Польша биринчи лигасида 18 та иштирокчи орасида 9-ўринда боряпти. Шу кунгача 19 та учрашувда 7 ғалаба, 5 дуранг ва 7 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 27\21 ва 26 очкоси бор. Жамоа олдинги мавсумда Польша РКО Экстракласа (бизнинг Суперлига каби)да иштирок этган ва биринчи дивизонга тушиб кетган.
Айни пайтда у ерда мавсумнинг иккинчи қисмига тайёргарлик жараёнлари давом этяпти ва “ЛКС Лодзь” танаффусдан кейин чемпионатда навбатдаги ўйинини 16 февраль куни сафарда “Гурник Ленчна”га қарши ўтказади.
Худди “Андижон” каби “ЛКС Лодзь” ҳам 25 январь куни Анталия йиғинидаги илк учрашувида майдонга тушади. Клубга маҳаллий 44 ёшли мутахассис Жакуб Джиолка бош мураббийлик қилиб келмоқда.
“ЛКС Лодзь”нинг энг қиммат футболчиси дарвозабон Александр Вобек ҳисобланади. “Трансфермаркт”да унинг нархи 700 минг евро сифатида баҳоланган. Эътиборлиси, у эндигина 20 ёшга тўлган. Жамоа сардори эса 32 ёшли испаниялик ҳужумкор футболчи Хосе Антонио Руис Лопес (Пурило). Қолаверса, жамоа таркибида Австрия, Швеция, Испания, Япония, Хорватия, Туркиядан бўлган жами 8 нафар легионер футболчилари бор.
Шунингдек, ушбу клуб ўз уй ўйинларини муҳташам “ЛКС” стадионида ўтказади ва ўз бағрига 18029 нафар ишқибозни сиғдириш имконига эга. 1922 йилда қурилган бўлиб, бир неча бор реконструкция қилинган ва сўнгги бор 2022 йили қайта таъмирдан чиқарилган.
“ЛКС Лодзь”да икки карра Польша чемпионлиги бор ва бир марта мамлакат Кубогини қўлга киритган. Умуман олганда, “Андижон”нинг бўлажак рақиби ўзига яраша савияли ҳисобланади ва бизни қизиқарли беллашув кутмоқда.
“Андижон” – “ЛКС Лодзь” беллашуви “Сиде Ататурк” майдонида маҳаллий вақт билан 11:00 да, Тошкент вақти билан эса 13:00 да бошланади.
Фикрлар