“Андижон” футболчиси Европадан машҳур клуб танлади!

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Бир йил аввал Бекзод Сулаймонов катталар футболига энди мослашаётган эди. Ҳозир эса “Андижон” клубининг 20 ёшли тарбияланувчиси амалда жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди, тажрибали жамоадошлари билан рақобатда ўз ўрнини топди ва клуб ўз етиштирган ёшларга кўпроқ имконият бера бошланганининг намунасига айланди.

Sports.uz портали Eurasia Football нашри томонидан яна бир иқтидорли ўзбек футболчиси ҳақида тайёрланган метариални ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.

Ёш чап қанот ҳимоячиси Бекзод Сулаймонов асосий жамоа сафидаги дастлабки ўйинларини ўтган кузда Максим Шацких қўл остида ўтказган. Ўсмирлар футболидан катталар футболига ўтиш осон кечмади: бошқа тезлик, талаб ва масъулиятга мослашишга тўғри келди.

- Қийин бўлди. Сабр қилдим, ўз устида ишладим. Ҳозир натижаси кўриниб турибди, - дейди ёш футболчи.

Самвел Бабаян даврида эса Бекзод таркибда деярли кўринмай қолди. Сулаймонов ўша даврни хотиржамлик билан изоҳлайди ва ташқи сабабларни изламайди.

- Ўша пайтда маҳоратим етарли бўлмаган, деб ўйлайман. Бундан ташқари, таркиб янгиланди, кучли футболчилар келди. Улар фонида бироз йўқолиб қолдим.

Янги имконият Ислом Аҳмедов келганидан кейин пайдо бўлди. У жамоага келгач, вазият ўзгарди. “Андижон” бош мураббийи аввалроқ Сулаймоновни асосий жамоага қайтаришдан олдин унинг ўринбосарлар жамоасидаги ўйинларини атайин кўриб чиққанини ва футболчида ўсишни кўрганини айтган эди.

- Унинг ўсгани кўриниб турарди. Машғулотларда ҳам яхши ҳаракат қилар, қаттиқ  ишлаётган эди. Шунинг учун уни асосий таркибда синаб кўришга қатъий қарор қилдик. Унда салоҳият борлигини кўрдим ва уни майдонга тушириш мумкинлигини тушундим, -дейди Ислом Аҳмедов.

Аҳмедов келиши билан “Андижон”нинг ҳолати ҳам ўзгарди. Бабаян етти турдан кейин жамоани тарк этганида, жамоа ҳисобида олти очко ва бешта мағлубият бор эди. Янги мураббий Қўқондаги дуранг билан иш бошлади, шундан кейин “Андижон” қаторасига “Бунёдкор”, “Динамо Самарқанд” ва “Хоразм”ни мағлуб этди.

Жамоа билан бирга Сулаймонов ҳам асосий таркибдаги жойини мустаҳкамлади. Аҳмедов қўл остида у Суперлиганинг барча 15 учрашувида иштирок этди: етти марта асосий таркибда майдонга тушди, саккиз марта эса захирадан ўйинга қўшилди ва икки голли узатмани амалга оширди.

Бекзод Ўзбекистон кубогида яна тўртта учрашув ўтказиб, бир гол урди ва бир ассист қайд этди. Умуман, Аҳмедов даврида Сулаймонов 19 та расмий учрашувда майдонга тушиб, бир гол ва учта голли узатма муаллифи бўлди. “Хоразм” устидан қозонилган ғалабадан кейин ПФЛ уни 11-турнинг энг яхши ёш футболчиси деб топди.

Бир неча ой ичида Сулаймоновнинг мақоми сезиларли даражада ўзгарди. Алоҳида дақиқалар берилган ёш футболчидан у асосий жамоанинг тўлақонли аъзосига айланди ва мунтазам равишда таркибдан жой ола бошлади.

Бекзоднинг ўзи асосий омиллардан бири сифатида мураббий ишончини кўрсатади.

- Ислом Аҳмедов қўл остида босим йўқ. У менга кўпроқ эркинлик беради ва ишонади. Мен эса бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан, - дейди Сулаймонов.

Сулаймонов асосий таркибдаги ўрнини жиддий рақобат шароитида сақлаб қолмоқда. Ҳозирги “Андижон”да Драган Черан, Неманья Чаласан, Азизбек Турғунбоев, Ислом Тўхтахўжаев каби катта тажрибага эга футболчилар ўйнайди. Ёш ҳимоячи улар орасида йўқолиб қолмади, аксинча, бундай ижрочилар билан бирга ишлашни ўсиш учун яна бир  имконият, деб билади.

- Улар билан ўйнаш жуда ёқимли. Улар йўл-йўриқ кўрсатади, ёрдамлашади, маслаҳат беради. Қаерда нотўғри ўйнаганимни, қаерда бошқача қарор қабул қилишим керак бўлганини айтишади. Ўйин вақтида ҳам, учрашувдан кейин ҳам маслаҳат беришади, - дейди Бекзод.

Чаласан ҳам Сулаймонов ҳақида илиқ фикр билдирган. Сербиялик футболчи ёш ҳамкасбининг ўсишини таъкидлаган ва умуман “Андижон”нинг истиқболли футболчилари ҳақида гапирар экан, уларга катталар футболида ўзини кўрсатиш имкониятини бериш муҳимлигини айтган.

Сулаймонов чап қанотда яқинда Россия чемпионатига йўл олган Маҳмуд Маҳамаджонов билан ҳам рақобатлашишига тўғри келган. Аҳмедов эса иккаласига ҳам жой топган: айрим учрашувларда улар бир вақтнинг ўзида майдонга тушиб, чап қанотда жуфтлик ҳосил қилган, Маҳамаджонов чуқурроқ позицияда, Сулаймонов эса юқорироқда ўйнаган.

Шунинг учун сентябрь ойида Маҳамаджоновнинг Махачқалъадаги “Динамо” жамоасига ўтиши Бекзод учун шунчаки бўшаган жойни эгаллаш имконияти эмасди. Ўша вақтга келиб, Сулаймонов бир неча ойдан бери асосий жамоада мунтазам ўйнаётган ва Аҳмедов схемасига мослашиб улгурган эди. “Андижон” чап қанот ҳимоячисини Россия Премьер-лигасига қўйиб юбориш имконига эга бўлди, чунки бу позицияда унинг ўрнини эгаллашга тайёр ёш футболчи бор эди.

- Ёшлар тайёр бўлса, уларни асосий жамоага жалб қилиш ва майдонга туширишдан қўрқмаслик керак,- деган Аҳмедов.

Сулаймонов бу жараён фақат у билан чекланмаслигини таъкидлайди.

- Ҳозир биз билан тўрт нафар ёш футболчи машғулот ўтказмоқда. Менимча, улардан икки-уч нафари жамоага ёрдам бера олади, - дейди Бекзод.

Бу ишнинг амалий натижалари ҳам кўрина бошлади. “Андижон” футболчиларига Ўзбекистон ташқарисида ҳам қизиқиш пайдо бўлмоқда. Ёзда 18 ёшли Сайфиддин Содиқов Португалияга бориб, “Брага” тизимига қўшилди. Сентябрь бошида эса чап қанот ҳимоячиси Маҳмуд Маҳамаджонов Россия Премьер-лигасида иштирок этаётган Махачқалъанинг “Динамо” жамоасига ўтди.

Сулаймонов учун ҳам хориж чемпионатида ўйнаш мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ эҳтимолий трансфер ҳақида гап кетганда, у ўз устувор мақсадини аниқ белгилайди. Сулаймоновнинг ҳозирча устувор мақсади бошқача. Унинг ёшида мунтазам ўйнаш, кучайиш ва кейинги босқичга қадам қўйиш муҳим.

Бекзод ўзининг асосий кучли жиҳатлари сифатида тезлик, кескин тезланиш ва чап оёқдаги узатмаларни кўрсатади. Шунинг учун у ўзига намуна сифатида машҳур футболчи Гарет Бэйлни кўрсатиши бежиз эмас. Ёш футболчимизга Гарет Бэйлнинг чап оёқ ҳаракатларига асосланган ўйин услуби, тезланиши, узатмалари, дарвозага йўллайдиган зарбалари ёқади.

Бекзоднинг футболда аниқ бир орзуси ҳам бор. Гап хориж чемпионатлари ва келажакда қайси клубда ўйнаш истаги ҳақида кетганида Сулаймонов Туркияни танлайди. Аниқроғи, Европада ҳам ном қозонган “Фенербаҳче”ни маъқул кўради.

Лекин Истанбулгача ҳали масофа жуда узоқ. Аммо ким билади? Сулаймонов эса биринчи муҳим қадамни аллақачон ташлади: биринчи жамоага энди жалб этилаётган тарбияланувчидан тўлақонли асосий таркиб футболчисига айланди. Чаласан, Черан, Турғунбоев каби кўпни кўрган тажрибали жамоадошлари орасида 20 ёшли ҳимоячи энди ўзини бегона ҳис қилмаяпти.

Ҳусанов кутилмаган хушхабар олди!

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳақиқий кучига баҳо беришди

Ўзбек футболчисига Европа клубида катта талаб қўйилди

“Трансфер бомбаси”: Европанинг 100 йиллик клуби нега ўзбек футболчисини олди?

ФИФА мундиалда Ўзбекистонга қарши ўйнаган терма жамоага ён босгани ошкор бўлди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!