2 нафар каратэчимиз Туркиядаги йирик мусобақада совриндор бўлди
Хабар берганимиздек, 17-19 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида каратэнинг WKF йўналиши бўйича “А серия” туркумига кирувчи йирик мусобақа бўлиб ўтди. Қувонарлиси, мазкур турнирда иштирок этган икки вакилимиз бронза медали билан тақдирланишди.
Эркаклар ўртасида -60 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Садриддин Сайматов ярим финалгача бўлган йўлни муваффақиятли босиб ўтди, бироқ финал остонасида қозоғистонлик Еркинбек Баитуреевга имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун кечган беллашувда эса италиялик Анжело Кречензо устидан ғалаба қозонди.
Шунингдек, аёллар ўртасида -61 кг вазн тоифасида ҳаракат қилган Барно Мирзаева ҳам шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди. Ҳамюртимизни иккинчи даврада мусобақанинг бўлажак ғолиби туркиялик Мерв Чобан мағлуб этди. Турк спортчиси финалгача етиб келгани учун Мирзаевада бронза медали учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Юртдошимиз ўтиш беллашувларида Бельгия, Бразилия, Еквадор, Япония, бронза медали учун баҳсда эса Тунис терма жамоаси вакилини доғда қолдиришга эришди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур муваффақият орқали вакилларимиз Токио Олимпиадаси учун ҳам қимматли рейтинг очколарини жамғардилар.
Манба: http://olympic.uz/
Фикрлар