2019-2020 йилнинг энг дахшатли ҳужум учликлари

   Футбол мухлислари ҳимоячилар ҳужумчилардан кўра кўпроқ кўринган, голли вазиятлар кам яратиладиган ўйинларни унча хуш кўришмайди. Уларга ҳужумчилар 90 дақиқа давомида тинмасдан ҳужум қилиши, интригали вазиятлар кўп бўлиши, иккала рақиб бир-биридан кўпроқ гол уришга уринадиган футбол керак. Агарда бундай жамоалар ҳужум чизиғида топ-классдаги футболчилар жамланган бўлса, мухлислар учун шоу янада қизиқарлироқ бўлади.

Бугун биз жорий мавсумдаги дахшатли ҳужум чизиғига эга жамоалар ҳақида гаплашамиз.

“Барселона” : Лионел Месси – Луис Суарез – Антуан Гризман

Енг аввало, ҳужумни яхши кўрадиган ва бу ишни санъат даражасида амалга оширадиган жамоа ҳужум учлигидан бошласак. Замонавий футболдаги ҳужум чизиғИ ҳақида гапирадиган бўлсак, “Барса”нинг жозибадор ҳужум услубини қўшиб кетмасдан илож йўқ. Ҳар бир мавсумда, “Кўк-анорранглилар” сафида мухлисларни қувонтирадиган ҳужумларни ташкил этувчи футболчилар топилади.

Неймар кетгач, жамоага Дембеле олиб келинди. Аммо ҳозирча франсуз Неймарнинг ўрнини боса олганича йўқ. Шунинг учун “Барселона” раҳбарияти Антуан Гризман трансферини амалга оширди. Энди каталонияликларда яна кучли трио ҳосил бўлди – Месси, Суарез ва Гризман. Ўтган мавсумда бири 34 ўйинда 36 гол, яна бири 33 ўйинда 21 та гол ва учинчиси 37 ўйинда 15 та голга муаллифлик қилган. Умумий ҳисобда фақатгина чемпионатни ўзида 76 та гол урган учликдан бу мавсум ҳам фантастик ўйин намойиш этишларини кутиши табиий мухлислар. Ҳозирча Гризман ва Суарез 2 тадан гол уришга муваффақ бўлишди мавсум бошидан. Валверде қаршисида битта муаммо пайдо бўлди. Франсуз ва уругвайлик футболчи битта позитсияда тўп сурганлиги сабаб улардан бири заҳирада қолиши мумкин эди. Аммо Валверде бошқача йўл тутди, Гризманни қанотга ўтказди, бунга сабаб иккала юлдузни ҳам бир вақтда майдонда кўрмоқчи эди. Уларнинг учинчиси бўлган Месси ҳали бу мавсумда соғлигидаги муаммолари сабаб иккала юлдузнинг қаторига қўшилганича йўқ. Уччаласи бирлашиб, рақиб жамоани таҳликага солишни бошлагандан кейин уларнинг ўйинига баҳо берса бўлади.

“Реал”: Гарет Бэйл – Карим Бензема – эден Азар

Криштиану Роналдунинг кетиши “Реал”нинг охирги йиллардаги энг катта хатоларидан бири деб ҳисоблашмоқда кўпчилик. Айнан шунинг учун мадридликлар Роналдунинг ўрнини боса олмаса ҳам, топ-классдаги футболчи билан шартнома имзолаши шарт эди. Мадрид раҳбарияти Лондондан эден Азарни олиб келишни маъқул топишди.

Ундан ташқари таркибга валлиялик Гарет Бэйл ҳам қайтди. Бош мураббий билан муаммолари бор бўлишига қарамасдан, Гарет асосий таркибда майдонга тушмоқда. Ҳозирча Бэйл ҳисобида Ла Лига доирасида 3 та ўйинда 2 та гол мавжуд. Ўтган мавсумда 29 ўйинда 8 тагина зарба берган футболчи учун яхши натижа ҳисобланади. Карим Бензема эса ҳозирча “Реал”нинг асосий футболчиси бўлиб турибди. Ўтган мавсумда франсуз ҳисобида 36 ўйинда 21 та гол мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги мавсумда эса 4 ўйинда рақиблар дарвозасига 4 та гол уришга муваффақ бўлди. Азар эса худди Месси каби жароҳат сабабли ҳозирча ўзини кўрсата олгани йўқ. Юқоридаги учликдан ташқари уларнинг таркибига Винисиус Жуниорни ҳам қўшишимиз мумкин. Уччаласидан бирортаси жамоага ёрдам бера олмаган тақдирда, Винисиус бемалол катта саҳнага чиқа олиши мумкин. Ёш бўлишига қарамасдан жамоада лидерлардан бири бўла оладиган потенсиали бор.

“Ливерпуль”: Садио Мане – Роберто Фирминьо – Муҳаммад Салаҳ

Юрген Клопп ва “Ливерпул” раҳбарияти жамоани олдинга бошлай оладиган ҳужум чизиғини шакллантира олди. 2017-2018 йилги мавсум Салаҳ учун жудаям омадли бўлганди ва у Премьер лига доирасида 36 ўйинда 32 та гол муаллифига айланган. Ўтган мавсумда 38 ўйинда 22 гол мавжуд эди мисрлик футболчи ҳисобида.

Ўтган мавсумда жамоанинг лидери Садио Мане бўлган. Бу мавсумда ҳам Мане ҳисобида 5 ўйинда 4 та гол мавжуд ва у юқори даражадаги ўйинини кўрсатишда давом этмоқда. Икки африкалик футболчи фонида учинчи ҳужумчи, Роберто Фирмино, қолиб кетаётгандек таассурот уйғотиши мумкин. Аммо Фирмино майдонда жудаям кўп тер тўкади ва қанотдаги шериклари ўзларини қулай ҳис қилишлари учун ёрдам беради. Айнан мана шу учликнинг саъй-ҳаракатлари эвазига “Ливерпул” ўтган мавсумда Чемпионлар лигасида зафар қучишга муваффақ бўлди. Бу мавсумда эса улар олдида узоқ кутилган Англия чемпионлигини қўлга киритиш мақсади турибди.

ПСЖ : Килиан Мбаппе – эдинсон Кавани – Неймар

Парижликлар Чемпионлар лигасини ютишни исташини ошкора намойиш этишяпти. Бунинг учун жамоа ҳар трансфер ойнасида миллионлаб пулларни сарф қилишяпти. Неймар, Мбаппе, Кавани шулар жумласидан. Неймар ўтган мавсумда жароҳат сабаб анча ўйинларни ўтказиб юборди, аммо шунда ҳам ўртача ҳисобда ўзи тушган ўйинлар қатори гол уришга муваффақ бўлганди, 17 ўйинда 15 та гол. Ёзда Неймарнинг “Барса”га қайтиши ҳақида миш-мишлар кўпайиб кетган эди, лекин у жамоада қолди. Келаси мавсум “Кўк-анорранглилар” сафига бориб қўшилиши ҳақида айтилди, демак, бразилиялик футболчида минимум яна бир мавсум бор ПСЖ кутган кубокни олиб беришга ёрдами тегиши учун.

Бундан ташқари кучли учлик қаторига яна бир топ-классдаги ҳужумчи келиб қўшилди. Бу – Мауро Икарди. Уни шейхлар “Интер”дан сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишди. Унинг қайси позитсияда ўйнаши ҳали аниқ эмас, лекин бу ҳужум чизиғИ билан ПСЖ бир қанча кубокларни ютиши мумкин. Ўша кутилган Чемпионлар лигасини ҳам.

“Манчестер Сити”: Рияд Маҳрез – Серхио Агуэро – Раҳим Стерлинг

Дунёнинг энг кучли жамоаларида бири сафидаги ҳужумчиларга, албатта, масъулият юкланади. Улар голлар билан мухлисларни хушнуд қилишлари керак. Агарда Лерой Сане жароҳат олмаганда, балки, Маҳрез ўрнига уни қўйишимиз мумкин эди. Аммо у оғир жароҳат олган. Жазоирлик футболчи унинг ўрнини билинтирмасликка ҳаракат қилади.

Ўтган мавсумда Агуэро 33 ўйинда 21 та гол билан Премьер лига тўпурарига айланган эди. Стерлинг эса ундан кейин 34 ўйинда 17 та гол билан иккинчи ўринни эгаллади. Маҳрезда эса сал камтарона статистика: 27 ўйинда 7 та гол. Бу мавсумда эса Агуэро ва Стерлингда 7 ва 5 та гол мавжуд ва улар аллақачон тўпурарлик баҳсида етакчилар қаторида боришмоқда. Маҳрез эса ҳозирча гол ура олгани йўқ, аммо ассистентликни яхши уддалаяпти. Маҳрез ҳам Агуэро ва Стерлинг каби бомбардирлар рўйхатига қўшиладими-йўқми, буни мавсум якунида билиб олишимиз мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!