Ўзбек футболчиси нега Россияни тарк этди?
Ҳозир “Бухоро” клуби шарафини ҳимоя қилаётган ўзбек футболининг энг иқтидорли тарбияланувчиларидан бири Шерзод Эсанов нима сабабдан Россияни тарк этишга қарор қилгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда eurasia.football нашри ёзди.
Эсановнинг таъкидлашича, клуб билан узоқ муддатли шартномаси бўлган ва жамоа уни сақлаб қолишни истаган, аммо асосий сабаб – етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаганидир.
Эсанов ўз фаолиятидаги ривожланиш учун масъулиятни мураббийларга юкламади. Бироқ унинг фикрича, унга кўпроқ имконият берилганида, Россия футболида ўзини кўрсата олган бўларди.
- Мен “мураббий айбдор” ёки “менга имконият беришмади”, деб гапиришни ёқтирмайман. Аввало, сабабларни ўзимдан излашга ҳаракат қиламан. Аммо Россиядан кейин менда бир ҳис қолди: агар менга бироз кўпроқ имконият берилганида, у ерда ўз ўйинимни топа олган бўлардим, деб ўйлайман..
Менинг узоқ муддатли шартномам бор эди. Клубда келажакда менга умид қилишларини ва қолишимни хоҳлашларини айтишарди. Аммо бир йил давомида майдонда жуда кам вақт ўтказдим.
Ривожланишдан тўхтаб қолганимни ҳис қилдим. Узоқ вақт ўйнамаганингизда, кейин майдонга чиққанингизда ҳам ўйин эпизодларида қарор қабул қилиш ёмонлашганини ҳис қиласиз, - дейди Шерзод.
Шу билан бирга, футболчи Россиядаги ишлаш шароитларига юқори баҳо берди. У афзалликлар қаторида машғулот инфратузилмасининг сифати, тикланиш жараёни, овқатланиш, таҳлил ишлари ва мураббийлар штабининг анча катта эканини қайд этди. Россия клубларида жисмоний тайёргарлик, тиббий таъминот, таҳлил ва бошқа йўналишлар учун алоҳида мутахассислар масъул бўлади. Ўзбекистонда эса кўп ҳолларда бир ходим бир нечта вазифани бир вақтнинг ўзида бажаради.
- Мени ҳам футболчилар, ҳам мураббийлар жуда яхши қабул қилишди. Ҳатто кетишга қарор қилганимда ҳам клубда мен уларга кераклигимни айтишди ва қолишни таклиф қилишди. Жамоа ичида муносабатларимиз деярли ака-укадек эди. Ўзбек эканим учун менга бошқача муносабатда бўлишганини ҳис қилмадим, - дейди жамоадаги муҳит ҳақида Эсанов.
Ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Шерзод Эсанов Ўзбекистоннинг ёш футболчиларига хорижга кетиш имкониятини кечиктирмасликни ҳам тавсия қилди.
Унинг фикрича, агар Европадан таклиф бўлса, дастлабки босқичда шароитлар ёки маош камроқ бўлишига қарамасдан, кучини синаб кўриш керак.
- Балким, камроқ пул таклиф қилишар, қийин бўлар. Аммо ўсиш бўлади. Шунинг учун қўрқмаслик керак. Ҳатто камроқ пул таклиф қилишса ҳам, футболчи ўз ривожи учун кетиши керак. Ўз олдингга катта мақсадлар қўйиш ва чегаранг қаергача эканини тушуниш лозим, - деди Эсанов.
У Ўзбекистон чемпионатидаги нисбатан юқори маошлар баъзан футболчиларни хориж вариантларидан воз кечишга ундаши мумкинлигини ҳам тан олди.
- Бу ерда ҳамма нарса яхши бўлса – ўйнайсан, яхши пул оласан, ўзингни қулай ҳис қиласан – “Нега қаергадир бориб, ҳаммасини бошидан бошлашим керак?” деган савол пайдо бўлади. Аммо менинг позициям бошқача. Синаб кўриш керак. Футболчилик фаолияти қисқа, шунинг учун вақтни йўқотиб бўлмайди, - дея таъкидлади футболчи.
Шу билан бирга, Эсанов Россиядаги даврини муваффақиятсизлик деб ҳисобламаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, хориждаги фаолияти унга, аввало, психологик жиҳатдан ўсишга ёрдам берган.
- Сиз легионер бўлганингизда ёлғиз қоласиз ва кўп жиҳатдан ўзингиз билан курашасиз. “Нега ўйнамаяпман?”, “Нега ўйин амалиётим кам?” деган саволлар пайдо бўлади. Бу билан психологик жиҳатдан кураша олиш керак. Хорижда босим бошқача бўлади. Ва бу тажриба сизни кучлироқ қилади, - дея хулоса қилди футболчи.
Эслатиб ўтиш жоизки, Эсанов 2024 йил ёзида “Андижон”дан Россиянинг “Акрон” клубига ўтган.
2024/25 мавсумда у тольяттиликлар сафида барча турнирларда 16 та учрашувда иштирок этди: Россия Премьер-лигасида 9 та ва Россия кубогида 7 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди.
2025 йил ёзида ярим ҳимоячи “Акрон”ни тарк этди. Ўша йил кузида у Беларуснинг “Динамо Брест” клубида ўйнади ва мамлакат чемпионатида 9 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани амалга оширди.
2026 йилда Эсанов Ўзбекистонга қайтиб, “Бухоро”нинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Август ойи охирига келиб, унинг Суперлигадаги ҳисоби 18 та ўйин ва 8 та голни ташкил этмоқда.
Муваффақиятли мавсум 23 ёшли ярим ҳимоячининг Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мамлакат тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этадиган таркибига киришига ёрдам берди.
Эсанов 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Португалия миллий терма жамоасига қарши учрашувда дебют қилди ва ўйиннинг охирги дақиқаларида захирадан майдонга тушди.
Рақиб мураббийи Шомуродов ҳақида қаттиқ гапирди!
Раҳмоналиев ва жамоадошлари “Швеция мўъжизаси”ни такрорлашга тайёр
Шомуродов супергол билан тўпурар баҳсида юқори кўтарилди
Беҳруз Каримов ўйнаган учрашувдан кейин “Лугано” биринчи ўринга кўтарилди
"Сити" Ҳусановга жароҳат етказган юлдузни 99 миллион еврога оляпти
Ҳусанов қозоқ клуби бош мураббийига мурожаат қилди
"Манчестер Сити" Ҳусановга муҳим хабар юборди

Фикрлар