2024 йилги “Осиё болалари” ўйинлари қаерда ўтказилиши эълон қилинди
Шу кунларда Россия Федерацияси Приморе ўлкаси марказида ўтаётган VII “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари жараёнида унда қатнашаётган давлат ва жамоа раҳбарлари, мутахассисларининг учрашуви ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Абдулла Аслонов ва Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Акрам Низаметдинов қатнашди.
Унда 2024 йили ўтадиган навбатдаги Осиё болалари” ўйинларининг янги маркази эълон қилинди.
Суҳбат давомида йиғилиш иштирокчиларига “Осиё болалари” II қишки халқаро спорт ўйинларининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда келтирилишича, қишки ўйинлар 2023 йил 23 февралда бошланиши режалаштирилган. Мусобақалар Россия Федерацияси Кузбасс ҳудудининг 4 шаҳрида бўлиб ўтади.
“Осиё болалари” II қишки халқаро спорт ўйинлари дирекциясининг раҳбари Алексей Пузйниннинг сўзларига кўра, Кузбасс “Осиё болалари” ўйинлари қатнашчилари учун “янги ойна” бўлади. Минтақа Осиё халқлари маданиятининг барча улуғворлигини ўзида намойиш қилган “очилмаган минтақадир”.
Учрашув якунида VIII “Осиё болалари” халқаро спорт ўйинлари 2024 йил ёзида Якутияда бўлиб ўтиши эълон қилинди ва унинг янгиланган лойиҳаси намойиш қилинди.
Фикрлар