3:3, 0:3 ёхуд "Бобур арена"да яна голлар шоусини кўрамизми?
Суперлиганинг 24-турини якунлаб берувчи ўйин Андижонда бўлиб ўтади. “Бобур арена”да “Андижон” клуби Навоийнинг “Қизилқум” жамоасини қабул қилади.
“Андижон” ва “Қизилқум” клублари шу йилнинг ўзида бунга қадар икки марта тўқнаш келишди.
Суперлига, 11-тур.
15 июнь.
“Қизилқум” – “Андижон” – 3:3
Голлар: Акаки Шулайя, 3 – 1:0. Элгужа Лобжанидзе, 41 – 2:0. Рустам Турдимуродов, 44 – 2:1. Рустам Турдимуродов, 78 – 2:2. Акаки Шулайя, 90+3 - 3:2. Леван Арвеладзе, 90+8 – 3:3.
Ўзбекистон Кубоги. Чорак финал
7 август
“Қизилқум” – “Андижон” – 0:3.
Голлар: Шахром Самиев, 32 – 0:1. Фарҳод Соҳибжонов, 50 – 0:2. Абдулвоҳид Ғуломов, 76 - 0:3.
Кўриб турганингиздек, “Андижон”нинг шу йили “Қизиқум”га қарши иккала учрашуви жанговар ўтган ва “Бургутлар” 3 тадан гол урган.
Мазкур клублар иштирокидаги ўйинлар тарихи 2000 йилга бориб қадалади. Жамоаларнинг илк беллашуви 2000 йилнинг 2 май куни “Қизилқум” майдонида ўтказилган ва мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
Умумий ҳисобда “Андижон” ҳамда “Қизилқум” клублари Ўзбекистон чемпионатида 39 та ўйин ўтказишди, 10 ноябрь кунги баҳс эса 40-тўқнашув сифатида тарих зарварақларидан жой олади. “Бургутлар” рақибини 14 марта мағлуб этган. 7 та беллашувда кучлар тенг келган бўлса, қолган 18 та ўйинда “Қизилқум”нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 52\62 навоийликлар фойдасига.
Шунингдек, учрашув олдидан иккала жамоада йўқотишлар мавжуд. Сариқ карточкалари 4 тага етгани сабабли “Андижон” ҳимоячиси Абдураҳмон Комилов баҳсни ўтказиб юборади. “Қизилқум”да бундай йўқотишдан иккита бор. Муҳаммадали Ғиёсов ҳамда грузиялик легионер жамоа сардори Гиорги Кухианидзе бу турда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Эслатиб ўтамиз, “Андижон” – “Қизилқум” беллашуви 10 ноябрь куни “Бобур арена”да соат 17:00 да бошланади.
Фикрлар