Абдулла Ҳассан Абдулла: Австралия билан ўйин Ўзбекистоннинг кучини кўрсатиб беради
Осиё Кубоги мусобақаси ўзининг муҳим палласига кирди. Гуруҳ босқичидан сўнг барча эътибор нимчорак финалга қаратилган. Осиёдаги энг нуфузли турнирни кўплаб мутахассислар ҳам диққат билан кузатиб боришмоқда. ОФК томонидан бир қатор тажрибали инструкторлар жалб этилган ҳолда Осиё Кубогидаги жамоаларнинг қатнашуви ва турнирнинг савиясини ўрганиб чиқишмоқда. Инструкторлар орасида катта тажрибага эга бўлган, нафақат ОФКда, балки УЕФА ҳамда ФИФАда ҳам ўз обрўсига эга бўлган Абдулла Ҳассан Абдулла ҳам бор. У БАА футбол ассоциацясида мураббийлар таълими бўлими бошлиғи сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. ОФК Кубоги мусобақаси давомида инструктор сифатида у ҳамюртимиз Ислом Аҳмедов билан бирга ўз вазифаларини адо этиб келишмоқда. Ушбу мутахассис билан Осиё Кубоги ҳақида суҳбатлашдик ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ҳам фикрлари билан ўртоқлашди. У билан суҳбатни уюштиришда яқиндан ёрдам берган ҳамюртимиз Ислом Аҳмедовга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
- Бу мусобақа биринчи маротаба бундай форматда ўтказиляпти, - деб гап бошлади, Абдулла Ҳассан Абдулла. - Ҳали Осиё Кубоги 24 та терма жамоа иштирокида ўтказилмаганди. Бу эса гуруҳдаги учинчи ўринни эгаллаган жамоаларга плей-оффга чиқиш учун жуда яхши имконият бўлди. Масалан, Қирғизистон, Ливан ва яна бошқа термалар учун. Бизга шунга ўхшаган жамоаларнинг ушбу мусобақага қандай тайёргарлик кўришгани жуда қизиқ. Улар кучли рақиблар орасида қандай савияга эга эканлигини кўрмоқчи эдик. Биласизми, бундай янги форматда барча жамоаларда имконият бор эди. Олдинги форматда эса ҳамма биринчи ўйинни яхши натижа билан бошлашга ҳаракат қиларди. Ҳозирги янги форматда эса ҳаммада кейинги босқичга чиқиш учун учинчи тургача имконият бор эди. Биринчи турларда жамоаларда ҳаяжон сезилиб турди. Кейинги турларни жамоалар анча ишончли ва тактик ўзгаришлар билан ўтказишди. Яна бир жиҳатга тўхталиб ўтсак, Осиё Кубоги жаҳон чемпионатидан кейин олти ойлик фарқдан сўнг ўтказилмоқда. Ўша мундиалда эса Осиё минтақасидан тўртта жамоа иштирок этган. Шунингдек, бундан бир йил муқаддами Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилганди. Шу ёшдаги ўйинчиларнинг миллий терма жамоалари учун ҳам яхши тайёргарлик бўлди. Эътибор берган бўлсангиз, ўша 23 ёшгача бўлган қитъа чемпионатида қатнашган футболчиларнинг ҳозирги Осиё Кубогида миллий терма жамоа сафида тўп сураётганларини кўряпмиз. Масалан, ўша футболчиларни Ўзбекистон, Вьетнам, Таиланд каби жамоаларда учратдик. Шу боис яна қайтаришим мумкинки, Хитойдаги U-23 чемпионати миллий терма жамоалар учун яхши тайёргарлик бўлди. Жамоаларга яхшилаб эътибор берсак, аксарияти техник ва тактик томондан яхши тайёргарлик кўришган экан.
- Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?
- Ўзбекистоннинг учрашувларига тўхталадиган бўлсак, ҳозирча битта кучли рақибга қарши тўқнаш келди. Бу Япония терма жамоаси эди. Гуруҳдаги охирги турга келиб иккала жамоа ҳам дастлабки вазифани бажариб бўлишганди. Шу боис иккаласи ҳам асосий таркиб билан ўйнашмади. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистон терма жамоасининг кучи ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Қачонки, терма жамоангиз кучлироқ рақиб билан ўйнаганидан кейингина ўз фикримни айтаман.
- Сиз учун мусобақадаги сюрприз кўрсатаётган терма жамоа ким бўляпти?
- Бугунги кунгача ҳали сюрпризлар йўқ.
- Умуман олганда, терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги имкониятлари ҳақида фикрингиз қандай?
- Ўзбекистон терма жамоасини ҳар доим бирор-бир мусобақада қатнашмасин ва савияси қандай бўлмасин биз доим медаллар учун курашишини кутамиз. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, Ўзбекистон терма жамоасининг минимум ярим финалгача етиб боришини кутяпмиз. Шунингдек, ҳар сафар турли мусобақаларда терма жамоангизни маҳаллий мураббийлар бошқаришганини кўрганмиз. Бу сафар эса чет элдан катта тажрибага эга бўлган мураббий таклиф қилинди. Тўғриси, бу бизга жуда ҳам қизиқ, яъни, хорижлик мураббий Ўзбекистоннинг ўйинини ўзгартира оладими? Сизларда индивидуал томондан маҳоратли ўйинчилар кўп. Лекин биз янги мураббийдан қандай тактик янгиликлар қилишини кутяпмиз. Яъни, ҳимояга асосланган ўйинми ёки ҳужумга ихтисослашган услубми? Бизга шу масалалар ҳам жуда қизиқ кўриняпти. Рости, Ўзбекистон – Австралия иштирокида жуда қизиқарли тўқнашув кутиб турибди. Айнан ушбу ўйин орқали терма жамоангизнинг ҳақиқий кучи қандай эканлигига гувоҳ бўла оламиз. Чунки рақиб Австралия. Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг нималарга қодирлигини кўрсатиб беради.
- Осиё Кубогининг савяияси қандай кўриняпти?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, тарихда илк бор Осиё Кубогида 24 та терма жамоа иштирок этяпти. Қолаверса, иштирокчи жамоаларнинг тайёргарлиги ҳам бир-биридан анча фарқ қилади. Чунки 12 та терма жамоа тўғридан-тўғри Осиё Кубоги йўлланмасига эга бўлган бўлса, яна 12 та жамоа квалификациялардан ўтди. Бунга Қирғизистон, Баҳрайн ва яна бошқаларни мисол қилиб айтишим мумкин. Бу билан нима демоқчиман, охирги йилларда Осиёдаги мусобақаларининг нуфузи анча ўсди. Шу боис Осиё жамоалари ҳам ўсишга эришишмоқда.
- Осиё Кубогининг ташкилий жиҳатларига ҳам эътибор қаратяпсизми? Бу борада нима дея оласиз?
- Авваллари 12 та, 14 та жамоалар қатнашганди. Бу сафар эса 24 та терма жамоа қатнашаётгани мезбонларга бироз қийинчилик туғдирди. Шунга қарамай, кўпчилик ташкилий ишлардан қониқишяпти. Шунингдек, Осиё Кубогида иштирок этаётган терма жамоалар учун ҳам ташкилий томондан катта тажриба бўляпти. Бундан кейинги турнирларда янада кўпроқ эътибор беришади.
Фикрлар