Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: “Металлург” кучли олтиликка муносиб эканлигини исботлади

“Металлург” клуби барибир кучли олтиликка кира олди. Бу йил деярли янги тузилган бекободликлар янгича қиёфа касб этган ҳолда ўз олдига жиддий мақсадларни қўя бошлади. “Металлург” клубида кадрлар ўзгарди, янгича иштиёқ пайдо бўлди. Жамоанинг биринчи босқични кучли олтиликда якунлагани ҳам бежиз эмас. Бунда клубдаги барчанинг ҳиссаси бор. Мухлисларга яхши таниш бўлган Абдуқаҳҳор Маъруфалиев кўп йиллар давомида ушбу клубда мураббий сифатида ишлаб келганди. Бу йилдан эса у “Металлург” клуби директори лавозимида иш олиб бормоқда. Демак, унинг иш салоҳияти анча ўсганини кўришимиз мумкин. Бекободликлар минимал вазифани бажаришганидан сўнг клуб директори ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Дастлабки вазифа бажарилгани ҳақида

- Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг жамоамиз бу йил янги тузилди. Клубимиз раҳбарияти томонидан мавсум бошланиши олдидан “Металлург” олдида кучли олтиталикка кириш вазифаси қўйилганди. Шу ўринда биринчи навбатда завод раҳбарларига миннатдорчилик билдираман. Ҳамма вақт жамоамизга ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаб келяпти. Бу эса албатта футболчиларимизга руҳий далда бераётгани ҳам рост. Шунинг учун минимал вазифани бажаришимизда раҳбариятимизнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Лекин яширишнинг кераги йўқ, ушбу вазифани бажаришимиз биз учун жуда қийин бўлди. Ўзингиз ҳам кўрдингиз, охирги кунгача ҳеч нима аниқ бўлмади. Кимдир у, кимдир бу жамоанинг имкониятларини гапирди. Фақат 22-турдан кейингина 6-ўрин эгаси аниқ бўлди. Фурсатдан фойдаланиб Андрей Шипилов бошчилигидаги мураббийлар штабига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар катта ҳажмдаги ишни бажаришяпти. Раҳбариятимиз эса “Металлург”нинг равнақи учун жиддий ишларни амалга оширишаётганини ҳам алоҳида айтишни истаган бўлардим. Масалан, стадионимизда ҳам кўплаб қулайликлар яратилди. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунга келиб стадионимизда катта ўзгаришлар бўлди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам стадионимизда бажарилиши керак бўлган ишлар кўрсатиб ўтилганди ва шу асосида ҳаммасини ҳал қилдик. Айнан ЎФАнинг камчиликларимизни кўрсатиб бергани бир томондан яхши бўлди. Боиси, эндиликда “Металлург” стадиони ажойиб ҳолатга келди. Бунинг тепасида бош-қош бўлган раҳбарларимизга яна бир бор раҳмат айтамиз. Тўғриси, эндиликда стадионимиз чиройли кўринишга келди. Жамоамиз катта мақсадлар билан янгиланди. Шунга яраша мураббий Андрей Шипилов ҳам жамоани бир мақсад йўлида жипслаштира олгани қувонарли бўлди. Лекин буни бажаришнинг ўзи машаққатдан иборат бўлди. Ишонасизми, ҳаттоки, жамоа манфаати йўлида охирги пайтларда 2-3 кунлаб ухлаганимиз ҳам йўқ. Чунки ОКМКга қарши ўйин биз учун жуда муҳим ва катта аҳамиятга эга эди. Агарда ўша куни дуранг ўйнаб қўйсак ёки ютқазиб қўйсак, шунча қилаётган меҳнатларимиз ҳавога учиб кетган бўларди. Лекин бизнинг мақсадимиз кучли олтилик бўлгани боис бунга эришиш учун тинимсиз курашдик, меҳнат қилдик. Ана энди кучлилар орасида янада яхшироқ натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, жамоамиз кучли олтиликдан жой олишга муносиб эканлигини исботлай олди. Энди бундан буёғига кураш янада қаттиқ бўлади. Биз 6-ўриндан юқорини кўзлаган ҳолда бор имкониятимизни ишга соламиз. Кучли олтиталикдаги бошқа клублар қаторида “Металлург”да ҳам имконият бор экан, демак охиригача курашамиз. Қолаверса, очколар фарқи унчалик катта эмас. Ўйлашимча, иккинчи босқич баҳсларида ҳар бир беллашув биз учун худди финал каби ўтади.

АГМКга қарши ўйин

- Биз бу ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз учун ушбу беллашув ҳаёт-мамот каби аҳамиятга эга бўлиб қолганди. Мавсум давомида қилган барча ишларимиз айнан ушбу учрашувда билиниши керак эди. Ўйиндан 2-3 кун олдин ҳамма футболчиларни бир жойга жамлаб, ҳеч кимни ташқарига чиқармасдан фақат ОКМКга қарши ўйин учун тайёрландик, ҳеч кимнинг хаёллари чалғимади ва фақат ўйин ҳақида ўйлашди. Юқорида айтганимдек, шунча қилган меҳнатимиз шу биргина ўйинга боғлиқ бўлиб қолгани учун ҳам биз ўта жиддий ёндашдик. Шу ўринда муҳим учрашувда керакли ғалабани қўлга киритганимиз учун футболчиларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Йигитларимиз ҳам ОКМК билан учрашувда бу ўзлари учун худди охирги ўйинга тушишгандек ҳаракат қилишди. Очиғи, бундай пайтда ютишимиз ҳам, ютқазиб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Лекин жамоамиз ўз сўзини айта олди.
Янги мақсад хусусида
- Бундан буёғига мақсадимиз қандай бўлади? Ҳаммаси оддий, биз ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун курашамиз. “Металлург”нинг олдига 3-ўринни оламиз деган вазифа қўйилмайди, шунчаки, биз кўпроқ ғалабалар қозонмоқчимиз. Ана шунда эгаллайдиган ўрнимиз ҳам янада юқорироқ бўлади. Биз кучли олтиликка кириб олдик, асосий вазифа бажарилди деб жамоа ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Аксинча, энди янада катта иштиёқ билан ўйнаймиз.

Ҳавотирлар

- Тўғри, йил бошида жамоамиз янгитдан тузилаётганида мавсумда қандай иштирок этишимиз ва натижаларимиз қай ҳолатда бўлиши борасида ҳавотирларимиз йўқ эмасди. Лекин раҳбариятимиз жамоамиз учун етарли маблағларни ажратиб, барча шароитларни яратиб берди. Шу сабабли футболчиларимиз олдида ҳеч қандай қарзимиз йўқ. Ҳаммасини вақтида тўлаяпмиз. Тўғрисини айтганда, шунинг эвазига ҳам йигитларимизда иштиёқ баланд. Улар фақат футболни ўйлашлари учун ҳамма нарсани қиляпмиз. Бундан ташқари, жамоамизга асосан керакли бўлган ўйинчиларни ҳам қўлга киритганимиз ўз самарасини берди. Мураббий ҳам асосан ўзига ёққан футболчиларни олди.

Бош мураббий тўғрисида

- Андрей Шипиловни эскитдан билардим. Футболчилик пайтимизда бир-биримизга қарши тўп сурганмиз, “Андижон”даги ўйинларини яхши эслаймиз. У инсон сифатида ҳам жуда тартибли. Ростини айтсам, Шипилов мураббий сифатида анча ўсган экан. “Пахтакор”да йиллар давомида меҳнат қилиб, бир қатор мураббийлар билан ишлади. Шу боис унинг “Металлург”даги иши орқали тажрибаси бойиганини пайқадим. У ўз иши билан яхши мураббий эканлигини кўрсатяпти. Мана шундай мутахассис билан ҳамкорлик қилаётганимиздан хурсандмиз. Балки яқин келажакда уни ҳам бирор-бир терма жамоамизда кўриб қолсак ажаб эмас.

Янги лавозимга мослашиш

- Барибир раҳбарлик лавозимида ишлаш бошқача экан. Олдин мураббий бўлиб ишлардик-ку, аммо масъулият ҳозиргичалик эмасди. Биз асосан натижа ҳақида ўйлардик. Ҳозир эса ишим катталашди. “Металлург” қошида аёллар футболи, футзал, ёшлар футболи, ўринбосарларимиз, футбол мактаби, умуман ҳамма-ҳаммасига қараш керак. Айтмоқчиманки, энди масъулият юқори даражада. Вақт ўтгани сари ишимизга ўрганиб қолдик. Лекин ҳали ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Сколари “Бунёдкор”га келганида айтган экан: “Мен жаҳон чемпиони бўлдим, катта-катта совринларни ютдим, аммо шу ерга келиб билдимки, ҳали ҳам ўрганадиган нарсаларим кўп экан!” Шу боис биз ҳам ўрганишда давом этяпмиз. Мураббийликдан узоқлашдим? Барибир ҳаммамиз футболнинг ичидамиз. Мураббйилар билан ҳам маслаҳатлашиб турамиз. Муҳими, жамоамизда ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!