“Андижон” бир оёғи билан Суперлигада

Про-лига мусобақаси ҳам аста-секин поёнига етиб боряпти. Шанба ва якшанба кунлари 33-тур учрашувлари ўтказилди. Кутилганидек, ҳамманинг асосий эътибори “А” гуруҳига қаратилган. Боиси ушбу гуруҳ ғолиби келаси йили Суперлигада иштирок этади. “В” гуруҳи эса ҳеч кимда қизиқиш уйғотмай қўйганига анча бўлган. Ҳақиқий кураш эса “А” гуруҳида давом этаётгани сабабли у ердаги интрига ҳаммани қизиқтиряпти. 33-турдан кейин эса қисман бўлса-да, айрим масалалар ўз ечимини топгандек бўлди.

3 ноябрь куни “А” гуруҳида иккита ўта муҳим бўлган марказий учрашувлар бўлиб ўтди. Самарқандда “Динамо” Фарғонанинг “Истиқлол” жамоасини қабул қилган бўлса, Андижонда “Андижон” ҳамда “Сурхон” ўртасидаги жиддий қарама-қаршиликнинг гувоҳига айландик. Айниқса, “Андижон” – “Сурхон” ўртасидаги ўйиннинг аҳамияти анчайин жиддий кўринишда эди. “Спорт” телаканали ҳам про-лиганинг ушбу турига эътибор қаратган ҳолда “Динамо” – “Истиқлол” тўқнашувини тўғридан-тўғри эфирга берди. Хабарингиз бўлса, самарқандликлар ушбу беллашувда қийинчилик билан ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритишди. Биз эса аввало “Андижон” – “Сурхон” беллашувга эътибор қаратмоқчи эдик. Термизда кечган ўйинда андижонликлар 0:3 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритишганди. Агарда “Сурхон” Андижондан қуруқ қўл билан қайтадиган бўлса, 1-ўрин учун имкониятини йўққа чиқарарди. Шу боис термизликлар учун ҳам мазкур баҳс ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Аммо шахсан вилоят ҳокимининг жамоа аъзоларини қўллаб-қувватлагани ўз таъсирин кўрсатди ва “Андижон” ягона гол эвазига ғалаба қозониб Суперлига сари яна бир қадам ташлаган ҳолда якка пешқадамга айланиб олди. “Сурхон” эса мазкур мағлубиятдан кейин Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритиш имкониятини батамом қўлдан чиқарди. Энди улар плей-офф йўлланмасини берувчи 2- ёки 3-ўрин учун кураш олиб боради. Олдинда эса уларни “Орол” ва “Шўртан”га қарши ўйинлар кутиб турибди. Охирги 36-турда эса термизликлар дам олишади. Шу боис “Сурхон” учун мавсум 35-турда ўз ниҳоясига етади. 4-ўринда бораётган термизликлар охирги иккита ўйинни ютган тақдирда ҳам пешқадам – “Андижон”га яқинлаша олишмайди. Чунки бу жамоанинг ҳисобида ҳозирда 57 очко мавжуд, агар “Сурхон” иккита учрашувда ғолиб чиққан тақдирда ҳам очколари сони 56 тага етади холос. Бу эса уларни фақат плей-офф йўлланмалари учун кураш олиб боришини англатиб турибди.

Бу турда дам олган “Машъал” эса “Андижон” – “Сурхон” ўртасидаги ўйинда дуранг натижа қайд этилишидан манфаатдор эди. Аммо эндиликда муборакликлар андижонликлардан уч очкога ортда қолишяпти. Ҳозирда эса Суперлига йўлланмаси учун энг яхши имконият “Андижон”да бўлиб турибди. 2- ва 3-ўринда бораётган “Машъал” ҳамда “Истиқлол”да ҳам бу борада имконият бор, йўқ эмас. Аммо охирги учта тур мазкур клублар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунга қарамай, барибир ҳамма нарса Элдор Сакаев бошчилик қилаётган “Бургутлар”нинг ўз қўлида қолди. Улар кейинги турни сафарда “Хоразм”га қарши ўтказишади. Сўнгра ўз уйида “Истиқлол”ни қабул қилишса, охирги турда Муборакда “Машъал” меҳмони бўлишади. Кўриб турганингиздек, улар учта ўйиндан иккитасини асосий рақобатчиларига қарши ўтказади. Аммо навбатдаги турда “Хоразм” майдонида кечадиган ўйин ҳам “Андижон” учун осон кечмайди. Боиси, урганчликлар сунъий қопламали майдонда ўйнашади. Бу эса андижонликларга қанчалик таъсир кўрсатаркин? Масалан, Нукуснинг “Орол” жамоаси ҳам ўз уйида сунъий майдонда ўйнайди. “Андижон” эса Нукусда ушбу майдонда дуранг ўйнаб қайтди, “Машъал” эса йирик ҳисобда ютқазиб қайтган. Шуларни ҳисобга олсак, “Андижон”ни “Хоразм”га қарши оғир учрашув кутиб турибди. Лекин тажриба барибир ўз сўзини айтиши ҳам мумкин. Кўпчилик эса Суперлига йўлланмаси охирги турда “Машъал” – “Андижон” ўртасидаги ўйинда ҳал бўлиши ҳақида таъкидлашмоқда. Лекин унгача “Машъал”ни ҳам иккита оғир ўйин кутиб турибди. Аввалида ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилишса, сўнгра сафарда “Норин” меҳмони бўлишади. Агарда “Машъал” билан “Андижон” охирги турга йўқотишларсиз етиб борган тақдирда ҳам ўзаро ўйинлар бўйича устунлик андижонликлар томонида эканлигини унутмаслик керак. Шундай экан, “Машъал” учун охирги тургача асосий рақибининг қаердадир очко йўқотиши муҳим.

“Истиқлол”га тўхталадиган бўлсак, охирги учта ўйиндан иккитаси нисбатан енгил рақибларга қарши ўтади. Боиси ўз майдонида “Норин” ва “Орол”ни қабул қилади. Ўртада эса Андижонга бориб келишади. Айнан мана шу ўйин фарғоналикларнинг тақдирини ҳал қилиши кутиляпти. Катта эҳтимол билан “Истиқлол” плей-офф йўлланмасини берувчи ўринни сақлаб қолса ҳам катта гап. Дарвоқе, “Динамо” клуби ҳам плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб бораётганини унутмаслик керак. Аммо бу борада уларнинг имконияти  камроқ. Чунки самарқандликларнинг фақат иккита ўйини қолди, 35-турда эса дам олишади. Пайшанба куни Муборакда “Машъал” билан куч синашишса, охирги турда “Норин”ни қабул қилишади. Демак, Муборакдаги ўйинда “Динамо” қандай бўлмасин ғалаба қозониши шарт. Бу ёқда эса “Машъал” Суперлигага тўғридан-тўғри йўлланма учун охиригача курашмоқчи.

Хуллас, “А” гуруҳида сиз билан бизни охирги қайноқ учта тур баҳслари кутиб турибди. Барибир ҳамма нарса “Андижон” жамоасининг ўз қўлида қолди. Ҳозирданоқ ушбу жамоани Суперлигага чиққани билан табриклашаётганлар ҳам бўляпти. Агар иккита ўйинни ўз фойдасига ҳал қилса, охирги турда “Машъал”га қарши ўйин шунчаки расмиятчиликка ҳам айланиши ҳеч гап эмас. Бунинг учун 34-турда қайд этиладиган натижаларга ҳам кўп нарса боғлиқ.

Охирги учта турда қуйидаги жуфтликлар баҳс олиб боришади

34-тур

8 ноябрь (пайшанба)

“Сурхон” – “Орол”

“Хоразм”  - “Андижон”

“Истиқлол” – “Норин”

“Машъал” – “Динамо”

“Шўртан” дам олади.

 

35-тур

13 ноябрь (сешанба)

“Норин” – “Машъал”

“Андижон” – “Истиқлол”

“Орол” – “Хоразм”

“Шўртан” – “Сурхон”

“Динамо” дам олади.

 

36-тур

19 ноябрь (душанба)

“Хоразм” – “Шўртан”

“Истиқлол” – “Орол”

“Машъал” – “Андижон”

“Динамо” – “Норин”

“Сурхон” дам олади.

Шуҳратбек Жўраев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!