Андрей Канчельскис: Жарима – яхши вариант

Россия терма жамоаси ҳамда Краснодарнинг “Краснодар” клуби ярим ҳимоячиси Павел Мамаев ва Санкт-Петербургнинг “Зенит” жамоаси ҳужумчиси Александр Кокорин 11 октябрь куни “Биринчи канал” бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчиси Виталий Соловчук ҳамда автомобиль саноати департаменти директори Денис Пакни дўппослаш иши бўйича 2 ой муддатга ҳибсга олинишганди. Мазкур воқеа бўйича яқин ўтмишнинг машҳур футболчиси ва айни пайтда Наманганнинг “Навбаҳор” клубида бош мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Андрей Канчельскис ўз фикрларини билдириб, жумладан, шундай деди:

- Оғир ҳолат... Йигитларга ҳам, жабрланувчиларга ҳам қараш ачинарли. Бундай ҳолатнинг бўлгани аянчли. Тушунаман, ҳаётда барчаси бўлади, аммо муштларни ишлатавериш - яхши эмас. Агарда улар бу орқали жазоланиб, футболдан кетадиган бўлишса, бу ёмон ҳолат бўлади. Бироқ нима бўлган ҳолатда ҳам ўзини бундай тутиш ёмон. Эҳтимол, улар нима иш қилиб қўйишганини тушуниб, бу беъманилик эканини билишгандир. Ҳозирда биз клуб раҳбарияти бунга қандай қарор чиқаришини тахмин қила оламиз.

Кокорин ва Мамаевни суд қилишадими? Менимча уларни суд қилиш керак. Аммо менинг фикримча, уларга яхшигина жарима солиш керак. Мисол учун иккисидан 1 млн. доллардан ундириб олиб, пулларни болалар уйи ва касалхоналарга тақдим қилиш керак. Бу орқали уларнинг фаолиятига нуқта қўйиш - ошиб кетмадимикин? Жарима яхши вариант. Шунда улар бу ишни бошқа такрорлашмайди, - деди мураббий.

Эслатиб ўтамиз, Россия терма жамоасининг аъзолари бўлмиш Павел Мамаев эндигина 30, Александр Кокорин эса 27 ёшни қарши олишган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!