Англия қайғуда: “Лестер” хўжайини авиафалокатда ҳалок бўлгани тасдиқланди
Англия чемпионати 10-турида “Лестер” жамоаси ўз майдонида “Вест Хэм” футболчиларини қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувдан кейин “Лестер” эгаси Вичай Шриваддханапрабхага тегишли вертолёт King Power стадиони автотураргоҳига қулади. Натижада ҳаво кемаси ёниб кетди ва катта аланга юзага келди.
Бир муддат ўтиб клуб воқеа юзасидан расмий баёнот билан чиқди ва Вичай Сривадханапрабха ҳалокат оқибатида вафот этганини тасдиқлади. Вертолёт бортида, шунингдек, King Power компанияси вакиллари Нурсара Сукнамаи ва Кавепорн Пунпаре, учувчи Эрик Шваффер ва йўловчи Изабела Роза Леховиц бўлган. Уларнинг барчаси ҳаётдан кўз юмди.
Воқеа туфайли “Лестер” эртага бўлиб ўтиши режалаштирилган “Саутгемптон”га қарши Кубок ўйинини бошқа кунга ўтказишни илтимос қилган.
60 ёшли Вичай Сривадханапрабха King Power Duty Free тармоғи асосчиси ва директори. Унинг молиявий ҳолати 3,3 миллиард долларга баҳоланмоқда. У 2010/11 йилги мавсумда “Лестер”ни 39 миллион фунт эвазига сотиб олган. Ўшанда жамоа Чемпионшипда тўп сурарди.
2014 йилда “Лестер” узоқ вақтдан кейин яна АПЛга қайтди ва 2015/16 йилги мавсумда Англия чемпионлигини қўлга киритди. 2017 йилда таиландлик бизнесмен Бельгиянинг қуйи дивизионида тўп сурувчи “Левен” клубини харид қилганди.
Сривадханапрабха оилали, 4 фарзанднинг отаси. Унинг ўғли Айяватт – “Лестер” вице-президенти. У ўйинга келмаган, демак вертолётга ҳам ўтирмаган.
Одатга кўра, “Лестер” хўжайини уй учрашувларини вертолётда, майдон марказидан тарк этарди. Афсуски, бу сафар сўнгги парвоз бўлди.
Фикрлар