“Атлетико” Европа Суперкубоги – 2018 соҳиби. Кимга зарар?

“Атлетико Мадрид” Европа Суперкубоги – 2018 соврини учун кечган баҳсда ҳамшаҳарлари “Реал Мадрид”ни 4-2 ҳисобида доғда қолдирди.

Диего Симеоне шогирдлари ўйинни стартини ажойиб тарзда бошлашди. Коста 60 сония тўлиб улгурмасидан дарвозабон билан яккама-якка вазиятни яратди ва нишонга олишда адашмади. Бироқ “қироллик клуби” биринчи бўлимда Карим Бенземанинг голи эвазига мувозанатни йўққа чиқарди.

“Реал” иккинчи бўлимда Серхио Рамоснинг пеналтидан урган голи эвазига ўйинни ютадиган кўринишда эди. Бироқ катта саҳнага яна Диего Коста чиқди. Ўйин тугашига 10 дақиқача қолганида дублини киритди ва ўйин қўшимча таймлар билан давом этди.

Қўшимча таймларда Хулен Лопетеги шогирдлари ўзларига ўхшамади. “Матросчилар” эса Саул ва Кокеларнинг голлари эвазига ҳисобни йирик кўринишга олиб келди ва ўз тарихларида учинчи бор Европа Суперкубоги соҳибига айланди.

Шу билан бирга, янги бош мураббий Лопетеги Зиданнинг саккиз ўйинлик финал учрашувларидаги ғалабали сериясини тўхтатишга мажбур бўлди.

Қуйида ушбу учрашувнинг натижаси кимга фойда-ю кимга зарарлиги борасида мулоҳаза юритамиз.

Фойда: Диего Коста

Ушбу оқшомда Коста ўзининг севимли 19-рақамли либосида Европа футболининг энг тажовузкор ҳужумчиларидан бири бўлди. Унинг учрашувдаги ҳисобни очган голи жамоадошларига катта ишонч бағишлади.

Коста Европа кубоги финалларида киритилган энг тезкор гол эгасига айланди. У 2005-йил Чемпионлар Лигаси финалида Паоло Малдини “Ливерпул” дарвозасига киритган тезкор голни йўққа чиқарди.

Ўйин охирида испаниялик ҳужумчи Анхел Корреянинг узатмасини голга айлантирди ва жамоасига умид учқунларини қайтарди.

Тўпурарлик маҳорати билан бирга асли бразилиялик футболчи жамоадошларининг учинчи ва тўртинчи голларида ҳам фаол иштирок этди.

Зарар: Серхио Рамос

Кўпчилик нейтрал мухлислар сешанба оқшомида “Реал Мадрид” ва айниқса Серхио Рамос омадсизликка учрашини умид қилганди. Учрашувгача испаниялик ҳимоячи “Ливерпуль” бош мураббийи Юргенн Клопп билан “айтишиб олди”. Бунга унинг Чемпионлар Лигаси финалида Муҳаммад Салоҳга етказган жиддий жароҳати сабаб бўлди.

“Атлетико” тезкор гол уриб олганига қарамай, Рамос тезда ўзига келиб олди. У Костани жиддий назорат остида тутгани сари “Реал”нинг ўйини кучайиб борди.

Иккинчи бўлимда эса Роналдунинг йўқлиги сабабли пеналтини моҳирона ижро этди. Унинг голни нишонлаши худди учрашувни ютгандек таассурот қолдирди.

Аммо қўшимча таймларда Рамос жамоасининг ҳимоясида ожизлик қилди ва финални бой берди.

Фойда: Саул

Қўшимча таймларда кўпчилик “Реал” Суперкубокни ютишига шубҳа қилмаётганди. Бироқ бу вазиятда саҳнага энди Сауль Ньигес чиқди ва чиройли голи билан жамоасини олдинга бошлади.

У саккизинчи бор Европа майдонларида жарима майдончасидан ташқаридан туриб гол урди. Ўшандан учтаси ўтган мавсумда Европа Лигасида содир бўлди. Муҳим голга эҳтиёж сезяпсизми? Яхшиси Саулни чақиринг.

Зарар: Кейлор Навас

“Қаймоқранглилар”нинг янги дарвозабони Тибо Куртуа ҳали “Реал” сафида майдонга тушганича йўқ. Бу вақтда Кейлор Навас Хулен Лопетеги ва бошқа скаутлар олдида охирги имкониятини исботлаши керак эди.

Бироқ коста-рикалик посбон ўйиннинг 49 дақиқасидаёқ ўз дарвозасидан гол олиб чиқишга мажбур бўлди.

Костанинг юришида Навасни айблаш ноўрин бўлсада, кўп вазиятларда “Реал” дарвозабони рақиб футболчилари олдида ожиз қолди.

Навас ҳеч бўлмаганда “Атлетико”нинг учинчи ва тўртинчи голларида озгина бўлсада ишончли ҳаракат қилиши керак эди. Энди Ла Лиганинг янги мавсумида Тибо Куртуанинг асосий таркибдан жой олиши имкониятлари кескин ошиб кетди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!