Марказий ўйинларни водийдан излайверинг ёхуд Суперлигада кўрмасангиз бўлмайдиган ўйинлар

Бугун Суперлиганинг 6-турига старт берилади. Марказий ўйинлар оғушидамиз ва бир-биридан қизиқарли тўқнашувлар кутмоқда. Эътиборимизни бўлажак жуфтликларга қаратамиз.

7 апрель

17:00. “Локомотив” – “Хоразм”

Турнир жадвалида иккала жамоа ҳозирча 7 очко жамғаришган. Барча кўрсаткичлари деярли бир хил. Бу шубҳасиз қизиқарли тўқнашув бўлади. Чунки “Хоразм” Сергей Токов бошчилигида янада қизиқарли жамоага айланиб бормоқда. “Темирйўлчилар” сафида “кекса”, тажрибали футболчилар кўпроқ. Шу боис “Локо” тажрибага таянган ҳолда ўйин намойиш қилади. “Хоразм”да шижоат, иштиёқ кўпроқ бўлиши мумкин. Имкониятлар тенг баҳоланмоқда.

18:00. “Машъал” – “Бунёдкор”

Чемпионатда ҳали ғалаба нималигини билмаётган ва 5 та ўйинда бор йўғи 1 та гол урган “Машъал” номинал мезбон сифатида “Бунёдкор”ни қабул қилади. Ғалабага ташна бўлиб турган муборакликлар “Бунёдкор”ни енгиш учун салоҳиятга эга. Фақат буни улар амалда кўрсата олишлари керак. Мағлубиятлар серияси қачондир барҳам топиши керак. Аммо “Машъал”да руҳий ҳолат қандай? “Бунёдкор” билан ўйинда жамоанинг руҳий ҳолати жуда муҳим. “Қалдирғочлар” учун “Машъал”ни қулай рақиб деб ҳисоблаб бўлмайди. Ҳамма нарса жамоаларнинг ҳар томонлама қандай тайёргарлик кўришига боғлиқ. Лекин “Машъал” ғалабага ўта чанқоқ бўлиб турибди.

19:15. “Андижон” – “Навбаҳор”

Турнинг марказий ўйини ҳамда водий дербиси доирасида ўтадиган “Андижон” – “Навбаҳор” ўйинига шубҳасиз қизиқиш катта. Ўтган турдаги мағлубиятдан кейин Самвел Бабаян жамоаси энди “Бобур арена”да ўз мухлисларини водий дербисидаги ғалаба билан қувонтиришлари талаб этилади. Бабаян ва Кападзе тўқнашуви ҳақиқатан марказий ва топ мақомда. Стадионадаги муҳит ҳам топ даражада бўлиши шубҳасиз. Турнинг безагига айланадиган ўйинда жамоавий ўйин ва албатта индивидуал маҳорат ҳам ўз сўзини айтиши тайин.

8 апрель.

18:00. “Қўқон-1912” – “Насаф”

Қўқонда ҳам муҳим ўйинлардан бири бўлиб ўтади.  “Насаф”да бир неча мавсум ўйнаган Жавоҳир Сидиқов қўқонликлар таркибида собиқ клубига қарши майдонга тушади. Имкониятлар тенг дейиш мумкин. “Насаф” етакчиларсиз ҳам маҳаллий тарбияланувчилари билан ёмон кўринмаяпти. Рўзиқул Бердиев яна янги кашфиётларни кашф қилиши кўриниб турибди. Қўқондаги ўйинда қисман меҳмонларда имконият кўпроқдек туюлиши ҳам мумкин. Албатта, таркиби ўтган йилгидек бўлмаса-да, “Насаф” чиройли ўйин билан бирга натижа учун ҳам курашяпти. Андрей Шипилов тўғри тактика танлай олмаса жуда қийналиб қолади.

19:00. ОКМК – “Сурхон”

Анвар Ғофуров “Сурхон” бошқарувини қўлига олгач, иккита ўйин ўтказди ва иккаласида ҳам ғалаба қозонди. Клуб молиявий муаммолар гирдобида бўлишига қарамасдан Ғофуров жамоани тетиклаштириб бораётгани эътиборга молик. Миржалол Қосимовнинг таркиби ҳам анча ёшартирилган. “Сурхон”га қарши ўйинда иккала жамоа ғалаба учун охиригача курашади. Имкониятлар эса тенг.

20:15. “Динамо” – “Сўғдиёна”

Негадир “Динамо” ўзига ўхшамаяпти. Вадим Абрамов жамоаси 5 та ўйиндан кейин 14-ўринда боришини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. “Сўғдиёна” эса ҳали ғалаба нималигини билмай келяпти. Улуғбек Бақоев жиззахликлар бошқарувига қайтарилгач, дебют ўйинида ғалаба қўлдан бой берилди ва дуранг қайд этишди. Самарқанддаги ўйинга иккала жамоа яраланган шер каби етиб келади.

9 апрель.

19:00. “Нефтчи” – “Пахтакор”

Турнинг яна бир марказий ўйини шубҳасиз Фарғонада бўлиб ўтади. “Истиқлол”да ўзбек классикосига гувоҳ бўламиз. 15 март куни Андижонда Ўзбекистон Суперкубоги учун тўқнашишган ва унда “Нефтчи” рақибини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, совринни уйига олиб кетган. Энди жамоалар чемпионат доирасида “Нефтчи” майдонида тўқнаш келишади. Яхши афиша ва яхши анонс. Номларнинг ўзиёқ ўйин даражаси қандай бўлишини англатиб турибди. “Нефтчи” барча учрашувларда 100 фоизли натижа кўрсатиб келмоқда ва 3 тадан кам гол урмаяпти. Ўтган турда эса сафарда жавобсиз 4 та гол урди ва ўз дарвозасидан ҳозиргача фақат битта тўп олиб чиқди, холос. “Пахтакор” мусобақа жадвалида 12 очко билан “Нефтчи”дан кейин 2-поғонани эгаллаб турибди. Бундай ўйинни кўрмасангиз бўлмайди.

19:00. “Бухоро” – “Қизилқум”

“Бухоро” ўтган турда илк мағлубиятини қабул қилди. “Қизиқлум” эса Навоийда “Нефтчи”га 0:4 ҳисобида енгилди. Қизиғи, “Қизилқум” кетма-кет иккинчи учрашувда мағлубиятга учради. “Бухоро”га қарши беллашувда Акмал Рустамов жамоаси мағлубият сериясини давом эттирмаслик ва бунга чек қўйиш учун янада яхшироқ ўйнаши талаб этилади. “Бухоро” бу йил жиддий рақиб сифатида кўрилмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!