Атлетларимиз Япониядан ёруғ юз билан қайтиб келишди (фото)

Бугун тун ярмидан оққанда Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида муносиб иштирок этган ёш спортчиларимиз она диёрларига ёруғ юз билан қайтиб келишди. 

Тошкент Халқаро аэропортида спортчиларимизни кенг жамоатчилик хурсандчилик билан кутиб олди. Кутиб олувчилар орасида спортчилар, ота-оналар, оғир атлетика федерацияси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари бор эди.

Истеъдодли спортчимиз Адҳамжон Эргашев 62 килограммгача вазн тоифасида ўсмирлар ўртасида ҳам, ёшлар ўртасида ҳам Осиё чемпиони, деб эътироф этилди. У штангани даст кўтаришда 121, силтаб кўтаришда 151 ва иккикурашда 272 килограмм натижа қайд этиб, 6 олтин медаль билан тақдирланди. Унинг тажриба ва маҳорати, ғалабага бўлган интилиши, шижоат ва жасорати мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб баҳоланиб, Осиё чемпионатининг энг яхши атлети, деб топилди.

Ўсмирлар ўртасида вазни 94 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Александр Ли штангани силтаб кўтаришда кумуш, даст кўтариш ва иккикурашда иккита бронза медаль билан тақдирланди. Фарҳодбек Собиров ўз вазн тоифасида  1та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритган бўлса, Шаҳзод Худойберганов учта бронза медалга сазовор бўлди. 

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. 
Қизлар баҳсида қатнашган Омадой Отақўзиева ўз вазн тоифасида иккита кумуш, Муаттар Набиева эса учта бронза медаль билан тақдирланди. 

Манба:uza.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!