Зидан Франция терма жамоасига афсонани қайтарди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Франциялик афсонавий дарвозабон Фабьен Бартез Зинедин Зиданнинг Франция миллий терма жамоасидаги мураббийлар штабига кирди.

Франция футбол федерацияси миллий жамоа мураббийлар штаби таркибини расман эълон қилди. 55 ёшли Бартез дарвозабонлар мураббийи лавозимига тайинланди.

Шундай қилиб, Зидан ва Бартез Франция терма жамоасидаги биргаликдаги фаолиятларини якунлаганидан 20 йил ўтиб, яна бирга ишлайдиган бўлди.

Футболчилик фаолиятида улар асрлар туташган паллада Франция миллий жамоаси билан энг катта ютуқларга эришишган. 1998 йилда Зидан ва Бартез жаҳон чемпиони бўлишди, орадан икки йил ўтиб эса Европа чемпионатини қўлга киритишди. Шунингдек, ҳар иккиси 2006 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган ва Франция ўша мусобақада финалгача етиб бориб, Италияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлган.

Бартездан ташқари, Зиданнинг мураббийлар штабига бош мураббий ёрдамчиси сифатида Давид Беттони, шунингдек, Ҳамиду Мсаиди, Грегори Дюпон, Стефан Планк ва бошқа мутахассислар ҳам киритилди.

Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Франция футбол федерацияси Зиданни миллий жамоанинг янги бош мураббийи этиб расман тайинлаган эди. 54 ёшли мутахассис билан тузилган шартнома тўрт йилга — 2030 йилги жаҳон чемпионатигача мўлжалланган. У бу лавозимда Дидье Дешамнинг ўрнини эгаллади.

Зидан бошчилигидаги Франция терма жамоасининг илк учрашуви 25 сентябрь куни бўлиб ўтади. УЕФА Миллатлар лигаси доирасида французлар меҳмонда Туркия терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!