Ҳусанов қозоқ клуби бош мураббийига мурожаат қилди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси фаолиятини нафақат юртимиз футбол ишқибозлари, балки қўшни мамлакатлар, хусусан қозоғистонлик мухлислар кузатиб боради.
Қозоғистондаги нуфузли манба – offside.kz сайти Абдуқодир Ҳусанов қозоқ футболи афсонаси Самат Смаковга шахсий видеомурожаат йўллагани ҳақида маълум қилди.
- Абдуқодир Ҳусанов қисқа видеороликда Қозоғистон миллий жамоасининг собиқ сардорига салом йўллаб, унинг оиласига эзгу тилакларини билдирди. Мурожаатни Самат Смаков ижтимоий тармоқларида эълон қилди.
- Ассалому алайкум, Самат Кабирович! Сизга ва ўғилларингизга салом йўллайман. Сизга ва ўғилларингизга омад тилайман!, - дейилади Ҳусановнинг мурожаатида.
Смаков яқинда “Атирау” клубига бош мураббий этиб тайинланган ва жамоа бошқарувидаги биринчи учрашувини ҳам ўтказган, - деб ёзмоқда offside.kz сайти эксперти ва муҳаррири Кирилл Нехорошев.
Манбанинг таъкидлашича, “Атирау” бош мураббийлигига тайинлангунига қадар Смаков “Турон” жамоасида бош мураббий ассистенти бўлиб ишлаган. Ундан олдин “Жетису” ва “Елимай” клубларига бош мураббийлик қилган, “Астана”да техник директор ва “Актобе”да спорт директори лавозимларида фаолият юритган.
Бундан ташқари, Смаков “Женис” ва “Ордабаси” клубларининг мураббийлар штабида ҳам меҳнат қилган.
Қозоғистон миллий терма жамоаси афсонаси сифатида қадрланадиган Самат Смаков футболчилик фаолияти давомида Қозоғистоннинг “Елимай”, “Иртиш”, “Женис”, “Қайрат”, “Актобе”, “Ордабаси” Россиянинг “Ростсельмаш” ва Туркиянинг “Ризеспор” клубларида тўп сурган.
Смаков Қозоғистон миллий жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи ҳисобланади. Қозоғистон клублари таркибида у олти марта мамлакат чемпиони бўлган. Шунингдек, 2004, 2007, 2008 ва 2009 йилларда тўрт марта Қозоғистоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган.
Абдуқодир Ҳусанов эса, бугун Марказий Осиё футболининг энг таниқли вакили ҳисобланади. 2025 йилнинг январидан бери “Манчестер Сити”да ўйнаётган 22 ёшли марказий ҳимоячи ўтган мавсумда Англия кубоги ҳамда Англия лигаси кубогида зафар қучиб, легионер сифатида энг нуфузли илк совринларини қўлга киритди.
Бундан ташқари, ўзбек футболчиси “Манчестер Сити” таркибида Англия Премьер-лигаси мусобақасини иккинчи ўринда якунлаб, чемпионат кумуш медалига ҳам эга чиқди.

Fikrlar