Баҳодир Аҳмедов Осиё хоккей федерациясининг ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди
Унда Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедовга Ўзбекистонда спортнинг ушбу турини ривожлантиришга ва оммавийлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун қитъа федерациясининг махсус мукофоти топширилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.
Шунингдек, у Конгрессда илк бор қитъа федерациясининг ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Баҳодир Аҳмедов Конгресс давомида Ўзбекистонда чим устида хоккейни ривожлантириш бўйича бир қатор келишувларга эришди. Ўтган йилнинг кузида федерация раҳбари ҳамда бош котиб Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида Чим устида хоккей халқаро федерациясининг 46-Конгрессида иштирок этиб, Осиё ва Жаҳон федерациялари мутасадди раҳбарлари билан учрашган ва бир қатор масалалар юзасидан музокаралар олиб борган эди.
Бунинг натижасида мамлакатимизда чим устида хоккей учун мўлжалланган, қиймати 400 минг АҚШ долларлик халқаро талабларга жавоб берувчи махсус майдон қопламасини қуриб бериш бўйича келишувга эришилган. Томонлар келаси йилда Тошкентда халқаро мусобақа ташкил қилиш, шунингдек, спорт инвентарларини етказиб бериш бўйича расмий келишувга эришдилар.
Фикрлар