Баҳодир Насимов Озарбайжондан кетмоқчи!
Баҳодир Насимов мухлисларимиз учун яхши таниш ҳужумчи. У ўз ўйинлари ва голлари билан ўзидан ижобий таассурот қолдирган. Қолаверса, легионер сифатида ҳам бир қатор чемпионатларда тўп сурди. Ҳозирда эса Озарбайжон чемпионатида фаолият олиб бораётганидан хабарингиз бўлса керак. У маҳаллий “Кешла” жамоасида тўп суряпти. Бироқ футболчимизнинг ҳам, клубининг ҳам ишлари силлиқ кечмаяпти. Катта эҳтимол билан Баҳодир Насимов ўз клубини ўзгартиради. Боиси, у ердаги фаолияти футболчимизни қониқтирмаяпти. Шу боисдан ҳужумчи бошқа вариантларни кўриб чиқишга тайёр турибди. Буни қуйида ўзи билан уюштирган суҳбат орқали ҳам билиб олишингиз мумкин.
- Бокудаги ҳаётингиз қандай давом этмоқда?
- Бокудаги ҳаётим яхши. Машғулотлар бир маромда давом этяпти, ўйинлар эса доимгидек ўтяпти. Яна 3-4 та турдан сўнг биринчи давра тугайди.
- “Кешла”даги фаолиятингиз бир текисда давом этмаётганини ҳисобга олсак, кетишга тараддуд кўряпсизми?
- Кўрамиз, агар яхши вариант чиқиб қолса кетаман. Ҳозир таъкидлаганимдек, биринчи давра якунигача 3-4 та тур қолди. Ушбу ўйинларни ҳам ўтказиб олганимиздан кейин кўп нарсага ойдинлик киритилади. Раҳбарият билан кейинги тақдирим ҳақида албатта гаплашаман. Менимча, биринчи даврадан кейин бу ердан кетаман.
- Агентингизга янги жамоа қидириш борасида айтганмисиз?
- Агентим вариантларни қидиряпти. Айни пайтда 2-3 та таклифлар бор, йўқ эмас. Лекин ҳали “конкрет” эмас. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Агар жиддий таклиф пайдо бўлса, “Кешла” раҳбарияти билан гаплашиб бошқа жамоага кетаман.
- Айтинг-чи, “Кешла” молиявий томондан инқирозда эмасми?
- Молиявий томондан жиддий муаммолар йўқ. Ойлик маошларимизни вақтида беришяпти.
- 2018 йил ҳам якунига етиб боряпти. Мазкур йил сиз учун нимаси билан ёдда қоладиган бўлди?
- Рости, бирор нима дейишни билмайман.
- Озарбайжонда футбол савияси ҳозир қай даражада?
- Ростини айтганда, олдин ўйнаган пайтимда Озарбайжонда футбол савияси кучлироқ эди. Ҳозир эса “Қорабоғ” жамоаси якка пешқадам сифатида чемпион бўлиб келяпти. Фақатгина “Нефтчи” оз-моз қаршилик кўрсатишга уринмоқда. Илгари эса 1-ўрин учун 5-6 та жамоа кураш олиб борарди. Охирги 4-5 йилдан бери эса фақат “Қорабоғ” чемпион бўлиб келяпти.
- У ердаги стадион майдонлари талаб даражасидами? Ўзимиздаги майдонлар билан солиштириб кўргандирсиз?
- Сизга очиғини айтсам, бизнинг майдонимиз сунъий қопламали. Бошқа майдонлар эса табиий ва яхши ҳолатда. Афсуски, фақатгина биз ўйнайдиган майдон сунъий ва бу бироз ёқимсиз.
- Сунъий майдонда тўп суриш ноқулай бўлса керак-а? Қандай кўникма оляпсиз?
- Сунъий майдонда ўзи умуман ўйнамаслик керак. Бундай майдонда футболчининг жароҳат олиши тезлашади ва оғриқ беради. Лекин наилож, биз шундай майдонда ўйнашга мажбурмиз. Нима ҳам қилардим, бизнинг ишимиз шу.
- Баҳодир, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам кузатиб келяпсизми?
- Ҳа, миллий терма жамоамизнинг ўйинларини кўряпман. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳаммаси тезда содир бўлиб қолмайди. Мақсадга аста-секинлик билан эришилади. Умид қиламанки, терма жамоамиз ўз ўйинини топа олади. Осиё Кубогида футболчиларимиз яхши натижа кўрсатишларига ишонаман.
- Эктор Купернинг ҳимоявий ўйин услуби биз учун мос деб ўйлайсизми?
- Ҳимоявий ўйин кўрсатиш ёмон эмас. Масалан, Эрон терма жамоаси ҳам ҳимояга ихтисослашган ҳолда ўйин намойиш этади. Йигитларимиз тезроқ мураббийнинг тактикаларини тушуниб олса, бу албатта яхши натижа олиб келади деб ўйлайман. Футболда доим ҳимояда ишончли ўйнаб дарвозангиз даҳлсизлигини сақлаб турсангиз, 90 дақиқа давомида ҳеч бўлмаганда албатта битта гол ура оласиз. Ҳозирги замон футболида энг асосийси, ҳимояни мустаҳкам ушлаш керак.
- Сиз легионер бўлиб ўйнашда катта тажрибага эгасиз. Айтинг-чи, легионер футболчи биринчи навбатда нимага эътибор қаратиш лозим?
- Биринчи навбатда янги мамлакатга мослаша олиш лозим. Янги чемпионат қанақа, нимага эътибор қаратиш керак? Бунинг учун мослашиб олиш лозим ва бунга вақт керак. Менимча, дарҳол мослашиб, ўйнаб кета оладиган легионер бўлмаса керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам легионерга адабтация керак. Тўғри, мен олдин ҳам Озарбайжонда ўйнаганан. Бироқ энди бошқа футболчилар билан бирга тўп суряпман.
- Фаолиятингизда кўплаб мураббийлар билан ишлагансиз. Уларнинг орасида фаолиятингизни ўзгартириб юборган мураббий ким?
- Тўғри айтасиз, шу кунгача кўп мураббийлар билан ишладим. Аммо бирортасини алоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Чунки ҳаммаси менга кўп нарсаларни ўргатишган.
- Сиз учун ким кучли: Мессими ёки Роналду?
- Мен учун иккаласи ҳам кучли. Аммо вазиятга чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Роналду Мессига қараганда устунроқ. У Англия ва Испания чемпионатларида ақлбовар ишларни бажарди. Энди эса Италияда ҳам у ўзини кўрсатяпти. Месси эса фақат “Барселона”да нималарга қодирлигини кўрсатди. Роналду бўлса ҳамма жойда кимлигини намойиш қиляпти.
- Қайси жамоанинг мухлисисиз?
- Самарқанднинг “Динамо” жамоасининг.
- Хорижданчи?
- “Ливерпуль”.
- Футболчи сифатида қайсидир орзуимга эришганман деб айта оласизми?
- Ҳали фаолиятимни тугатмадим-ку. Ҳали орзуларим кўп. Яна 6-7 йил ўйнамоқчиман.
- Шу кунгача фаолиятингизда унутилмас бўлиб қолган ўйин қайси?
- МДҲ Кубоги кўрсатган ўйинлардан кейин фаолиятимда ижобий ўзгаришлар бошланди. Шундан кейин легионер мақомига эришдим.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар