“Барселона” – “ПСЖ ” учрашувига оид 12 та факт

Бугун тунда ЕЧЛ 1/8 финал доирасида иккита жавоб баҳси бўлиб ўтади. Жумладан, “Барселона” ўз майдонида “ПСЖ”ни қабул қилади. Бўлажак учрашув олдидан эса биз мазкур баҳсга алоқадор бўлган айрим фактлар билан сизларни таништирамиз.

Мавзуга оид: “Барселона” дарвозасини ЕЧЛда “илма-тешик” қилган жамоалар

1. 2014/15 йилги мавсумда бу икки жамоалар ўзаро 4 марта баҳс юритишган. 6-турда “Камп Ноу”да кечган ўйинда Златан Ибрагимович парижликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, МSN триоси бу голга биттадан жавоб қайтаришган эди – 3:1.

2. Бундан олдин эса 2-турда “Парк де Пренс”да ўтган беллашувда мезбонлар каталонияликларни мағлуб этишнинг уддасидан чиққан эди – 3:2. Ўшанда “ПСЖ” сафида голларни Давид Луис, Марко Вератти хамда Блез Матюйдилар киритган бўлса, “Барса” сафида Месси ва Неймарлар Сиригу дарвозасини ишғол этган эдилар.

3. Бу икки жамоаларнинг йўли чорак финалда яна кесишган эди. Плей-оффдаги ҳар икки ўйинда эса “Барселона” ғалаба қозонган. “Парк де Пренс”даги беллашувда Неймар ва Суарес(2 та)ларнинг голларига мезбонлар қайсидир маънода Жереми Матьенинг автоголи билан жавоб қайтарган эдилар.

4. “Камп Ноу”да эса Неймарнинг “дубль”и эвазига Луис Энрике шогирдлари 2–0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

5. “Барселона” ўз майдонида француз клубларига деярли умуман имкон бермаган: 7 ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият. Умуман олганда “Барса” француз жамоалари билан 21 марта рўбаро келган. Улардаги натижалар эса қуйидагича кўриниш олган: 12 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубият.

6. Луис Энрике жамоаси ЕЧЛ доирасида “Камп Ноу”да кечган кетма-кет 14 ўйиндирки, фақат ғалаба қозониб келмоқда. Сўнгги бор “блаугранаслар” ўз уйида 2013 йилнинг сентябр ойида мағлубиятга учраган;

7. “Барселона” мана кетма-кет 14 йилдирки, ЕЧЛнинг баҳорги мавсумида ҳам ўйнаб келмоқда. Бу йил эса Энрике шогирдлари гуруҳда “Манчестер Сити” 6 очкога ортда қолдирган холда плей-оффга чиқди ва кетма-кет 10 мавсумдирки, “кўк-анорранглилар” ўз гуруҳларида етакчиликни ҳеч кимга бермай келмоқда;

8. Бу мавсум “Барса” ўз майдонида ўтган ҳар уччала баҳсда ғалаба қозонган. Тўплар нисбати – 15:0;

9. Агарда бугун мезбонлар чорак финалга чиқишга ўзларида куч топа билишса, яна бир рекорд ўрнатилади. Гап шундаки, каталонияликлар мана кетма-кет 9 мавсумдирки чорак финалга чиқиб келишмоқда ва агарда, бугун мазкур ан`ана давом этадиган бўлса, жамоа бу борада рекорд ўрнатади.

10. “Барселона” плей-оффнинг илк ўйинида мағлубиятга учраган ҳолат 26 қайд этилган ва шуларнинг 12 тасида “блаугранаслар” мусобақадаги юришларини давом эттиришган;

11. “ПСЖ” эса кетма-кет 4 мавсумдирки, чорак финалда мунтазам иштирок этиб келмоқда;

12. Парижликлар испан жамоалари билан 12 марта тўқнаш келган ва шулардан фақат 4 тасида французлар ғалаба қозонган бўлсалар, 6 бор мағлубиятга учраган ва қолган икки ўйинда эса ғолиб номи аниқланмаган;

 

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию