“Чарм тўп” мусобақасида янги истеъдодлар кашф этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 13-сонли йиғилишига асосан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан маҳалла ёшлари ўртасида футбол бўйича "Чарм тўп" мусобақаларини минтақавий ва Республика босқичини ўтказиш юзасидан чора тадбирлар ишлаб чиқилганидан футбол ихлосмандларининг хабарлари бор.
Ушбу мусобақада 17-22 ёшли маҳалла ёшларидан иборат жамоалар июль-август ойларида 4 босқичли тизимда куч синашдилар. Сўнгги республика яъни, финал босқичи август ойининг сўнгги кунларида ўз ниҳоясига етди. Ушбу мусобақа орқали маҳалла ёшлари ўзларининг футбол салоҳиятларини вилоятларда фаолият юритаётган спорт усталари ва селекционерларга намойи этиш имкониятига эга бўлдилар. Мусобақа кўплаб истеъдодли ёшларни кашф қилиб берганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.
Мусобақа Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тошкент шаҳридаги “Миллий” стадионда бўлиб ўтган финал ўйинида хоразмлик ёш футболчилар фарғоналик тенгқурлари устидан 2-1 ҳисобидаги ғалабага эришдилар. Учрашувдан сўнг тақдирлаш маросими ташкил этилди. Маросим давомида мураббийлар ва футболчилар мусобақани юксак даражада ташкил этгани учун ташкилотчиларга, хусусан Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.
Фикрлар