"Чиғатой"да ҳакамлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун 11 июль куни “Чиғатой” спорт базасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси томонидан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров, Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов, бошқарманинг бошқа мутасадди ходимлари ҳамда Суперлига ва Про-лига ўйинларини бошқариб келаётган ҳакамлар иштирок этишди. 

Хабарингиз бор, “Пепси” суперлигасининг “Сўғдиёна” — “Металлург” ўйинида ишлаган Азиз Асимов ҳамда “Қўқон-1912” — “Локомотив” учрашувини бошқариб борган Ильгиз Танташевлар беллашувлар натижасига бевосита таъсир кўрсатувчи бир қанча хатоларга йўл қўйган сабаб Суперлига ҳамда Про-Лига ўйинларидан четлаштирилган эди.

Ушбу йиғилиш давомида юқорида номлари қайд этилган ҳакамларнинг ўйинларда қилган хатолари муҳокама қилинди. Хусусан Профессионал футбол лигаси Бош директори Омон Ғофуров бу икки ҳакамга қўлланилган чоралар қолган ҳакамлар учун дарс бўлиши кераклиги, ўйинларни ҳалол ва сидқиқдилдан бошқариш шарт эканлигини айтиб ўтиб, ҳакамларга ўз устиларида кўпроқ ишлашни, ўйиндан ўйинга йўл қўйилаётган хатоларни камайтириб бориш шарт эканлигини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда бошқа ҳакамларнинг ўйин давомидаги хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилди. Жумладан, “АГМК”-“Нефтчи” ўйинини бошқарган Темур Тўхтасиновнинг ҳакамлик иши ҳам танқидий таҳлил қилинди ва учрашув давомида йўл қўйган хатолари кўрсатиб ўтилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!