Чим устида хоккей федерацияси ўз режалари билан таништирди ва энг яхшиларни тақдирлади
Унда Миллий олимпия қўмитаси вакиллари, Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси мутасаддилари, федерациянинг вилоят бўлими вакиллари, спортчилар, ҳакамлар, мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.
Конференция давомида федерация раиси Баҳодир Аҳмедов 2018 йилда ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 2019 йил учун режалар ҳақида маълум қилди. Унга кўра, яқин вақтларда пойтахтимизда терма жамоа учун янги база иш бошлайди. Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида ҳам чим устида хоккей билан шуғулланиш учун спорт базалари бунёд этилади. Шу ой охирида Бухорода ана шундай спорт базасининг очилиши кутилмоқда.
«Бугунги кундаги энг асосий мақсадимиз Токио 2020 Олимпиадасига йўлланма олишдир. Умид қиламанки, биз мазкур вазифани уддалай оламиз. Миллий олимпия қўмитаси бугунги кунда спортчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермоқда, ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилмоқда. Бунинг учун МОҚқа миннатдорчилик билдираман», – деди Баҳодир Аҳмедов.
Шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов спортчиларимизни Токио 2020 Олимпиадасига тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида батафсил гапириб берди.
Фикрлар