Денис Истомин: Профессионал фаолиятимни Осиё ўйинлари чемпиони сифатида якунлашни истардим
Хабарингиз бор яна саноқли кунлардан сўнг Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари старт олади. Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти ушбу нуфузли мусобақа олдидан мусобақада иштирок этувчи ўзбек тенниси юлдузи, мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин билан суҳбат уюштирди.
Тўрт ёшимдаёқ қўлимда ракетка ушлардим
Онам сабабли теннис ўйнашни бошлаганман. Улар менинг биринчи мураббийим ҳисобланадилар. Тўрт ёшимдаёқ қўлимга теннис ракеткасини ушлаб, спортнинг ушбу турига меҳр қўйганман. Шу тариқа профессионал теннисчига айландим.
Овқатланиш тартибим оддий. Ўзимдан овқатларни қизғаниб ўтирмайман. Ўйинлар олдидан кўпроқ табиий маҳсулотлардан тайёрлаган енгил таомлар истеъмол қиламан. Пицца ва бошқа фаст-фудларини имкон қадар четлаб ўтишга ҳаракат қиламан.
Федерер ҳақида
Кумирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рожер Федерерни қайд этиб ўтган бўлардим. Унинг кортда ва корт ташқарисидаги ҳаракатлари менда илиқ таассурот қолдиради. Федерернинг спортдаги фаолияти ниҳоятда ёрқин. Шунингдек, ёшига қарамай ўзини яхши спорт формасида ушлаб туради ва муваффақиятларга эриша олади.
Мағлубиятлардан қўрқмаслик лозим
Бунинг учун биринчи навбатда ўз мақсадинг сари тўхтамасдан интилиш лозим. Мағлубиятлардан қўрқмай, ғалабага бутун вужудинг билан ҳаракат қилиш керак.
Осиё ўйинларида тажрибасига ишонади
Профессионал фаолиятимни Осиё ўйинлари чемпиони сифатида якунлашни истардим. Бу осон бўлмаслигини жуда яхши биламан. Аҳир, ёш, жисмонан бақувват ва техник томонлама кучли теннисчилар етарли. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, ўйинлар давомида тажрибамга ишонаман.
Фикрлар