Ўзбек футболчиси УЕФА Чемпионлар лигасида еттинчи учрашувини ўтказди
Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Умарали Раҳмоналиев ўйнаётган Озарбайжоннинг "Сабах" жамоаси Европа Чемпионлар лигаси саралаш турниридаги иштирокини давом эттирмоқда.
Бунгача учта босқичда олтита ўйин ўтказган бокуликлар қитъанинг энг нуфузли турнири умумий босқичи йўлланмаси учун ўтказилаётган плей-оффда Исроилнинг "Хапоэль Беэр Шева" жамоасига рўбарў келди.
Биринчи учрашув рақиб майдонида ўтказилаши керак эди. Лекин сиёсий вазият туфайли учрашув нейтрал ҳудуд - Руминиянинг Бухарест шаҳрида ташкил этилди. Унда ҳисобни "Сабах" футболчилари очганига қарамай, рақиб иккита гол урди ва учрашувни 2:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.
Кейинги босқич йўлланмаси соҳиби 25 август куни Боку шаҳридаги жавоб учрашувида аниқланади. "Сабах" турнирдаги юришини давом эттириши учун ўз майдонида икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади.
Бу жуфтлик ғолиби Чемпионлар лигасининг умумий босқичида иштирок этади, мағлуб жамоа эса еврокубок мавсумини Европа лигасида давом эттиради.
Таъкидлаш жоизки, "Сабах" футбол клуби ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган янги жамоа.Клуб 2017 йил сентябрь ойида ташкил этилган.
Клубнинг қисқа тарихидаёқ учта миллий соврин қўлга киритилган. Ўтган мавсум "Сабах" илк бор Озарбайжон чемпионига айланди ва шу орқали Чемпионлар лигаси саралашида дебют қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу йўлда жамоа Уэльснинг "Нью-Сейнтс" (2:0, 2:1), Финляндиянинг "КуПС" (1:0, 2:0) ва Даниянинг "Орхус" (1:2, 4:0) клубларидан устун келди. Бу учрашувларнинг барчасида Умарали Раҳмоналиев иштирок этди ва майдонда асосий фигуралардан бири бўлди.
Муҳим жиҳати шундаки, 22 ёшли легионеримиз "Сабах" сафидаги ўйинлари орқали Европанинг "Топ-5" лигалари скаутлари эътиборига тушди. Сўнгги маълумотларга қараганда, Франция вице-чемпиони "Ланс" Раҳмоналиевни ўз сафига қўшиб олиш учун трансфер имкониятларини ўрганишга киришган. Бу жамоа таркибида илгари Абдуқодир Ҳусанов тўп тепган ва унинг "Манчестер Сити"га трансфери Ланс клубига жуда катта молиявий фойда келтирган.
Энди "Сабах" ўз майдонидаги жавоб учрашувида Исроил клубидан ўтса, Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. 36 та жамоа иштирок этадиган бу босқич учун қуръа ташлаш маросими 27 август куни Монакода бўлиб ўтади. Европа лигаси ва Конференциялар лигаси қуръалари эса 28 август куни ўтказилади.

Фикрлар