Дилшод Жабборов: Футболимиздаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси PEPSI Суперлига-2018 мавсумини анча кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Наманганликлар ёзги танаффусга мусобақа жадвалида 2-поғонани эгаллаган ҳолда чиқиб кетишди.

Айни пайтда "Навбаҳор" мавсумнинг иккинчи қисмига Қибрайда ҳозирлик олиб бормоқда.  Жамоанинг етакчи футболчиларидан бири, ярим ҳимоячи Дилшод Жабборов ПФЛ расмий сайтига жорий йилги чемпионат қандай ўтаётгани ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.     

- Дилшод, ЎФА ҳамда ПФЛ томонидан футболни ривожлантириш учун олиб борилаётган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

- Ижобий баҳолайман. Боиси, ислоҳотлар ўз мевасини бермоқда. Олдинги мавсумларга қараганда бу йил мамлакатимиз футболида жиддий ўзгаришлар юз берди. Масалан, ҳакамлик савияси ошди, аввалгидек очко улашувчи жамоалар қолмади, барча клубларнинг кучи деярли тенг. Бунга мисол тариқасида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасининг Наманганда клубимиз  (1:1), шунингдек, ўз майдонида “Пахтакор” билан (1:1) дуранг натижа қайд этганлигини келтириш жоиз. Бир сўз билан айтганда, ЎФА ҳамда ПФЛ томонидан футболни ривожлантириш учун олиб борилаётган ислоҳотлар секин-аста ўз самарасини бермоқда.

- Бу йилги чемпионатимиз Суперлига деб аталганидан кейинги ўзгаришлар ҳақидаги фикрингиз?

- Таъкидлаш жоизки, Суперлига баҳслари ўз номига яраша шиддатли ва курашларга бой тарзда кечяпти. Бунда албатта, биринчи навбатда жорий йилдан бошлаб, миллий чемпионатимизнинг барча учрашувларини телевизор орқали намойиш этилаётгани ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Бу биз – футболчиларга қўшимча куч бағишламоқда. Боиси, ойнаи жаҳон орқали бизнинг ўйинларимизни мамлакатимизнинг барча футбол мухлислари кузатишади. Шундай экан, ўз устимизда кўпроқ ишлаб, хатоларга йўл қўймасдан тўп суришга интиламиз. Қисқасини айтганда, миллий чемпионатимиз PEPSI Суперлига деб аталганидан кейин анча ижобий ўзгаришлар юз берди.

- Сизнингча, жорий йилги чемпионат етарли даражада қизиқ ўтяптими?

- Бўлмасам-чи! Таъкидлаганимдек, биз – футболчиларнинг иштирокимиздаги ўйинларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мухлислар томоша қилишаётганини ҳис этиб, тўп суриш бизга ўзгача ҳиссиёт бағишлайди. Учрашувлар ҳам анча қизиқарли ўтяпти. Жамоалар деярли тенг кучга эга бўлишгани боис, бирорта ўйиннинг натижасини олдиндан башорат қилиш қийин. Жорий мавсум шунингдек, кутилмаган натижаларга ҳам бой тарзда кечяпти. Олдинги мавсумларда бундай ҳолатлар бармоқ билан саноқли тарзда кузатиларди. Бу йил эса клублар анча кучайишган. Аутсайдер жамоа йўқ, ҳисоби. Демак, бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, бу йилги чемпионатимиз баҳслари анча қизиқ тарзда кечяпти.

- Стадионларга мухлислар ташрифи ортгани ҳақида қандай фикрдасиз? Бу футболчиларга ижобий таъсир қиладими?

- Албатта, жорий мавсумдан бошлаб, ўйингоҳларга ишқибозлар ташрифининг ортганлиги қувонарли ҳол. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари биз – футболчиларга руҳий қуч-қувват бериб, майдонда ўзгача иштиёқда тўп суришимизга замин яратади. Шундай экан, бунинг ижобий таъсири кучли. Томошабинларга тўла стадионда тўп суришнинг гашти ўзгача. Ўз  майдонимиздаги ижобий натижаларда ҳам жамоамиз мухлисларининг ҳиссалари беқиёс. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари эвазига кўплаб учрашувларда зафар қучяпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва шундай қўллаб-қувватлашда давом этишларига умид қиламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!