“Динамо” фаворитлар қаторига қўшила оладими?
“Динамо” клуби ҳам астойдил ёзги тайёргарликка киришди. Хабарингиз бўлса, етакчи жамоалар ўз таркибларини кучайтиришмоқда. Бу борада ҳам самарқандликлар жим ўтиришгани йўқ. Бош мураббий Даврон Файзиевни чемпионатнинг кейинги босқичидан умиди катта. Шу боис ўқув-машғулот йиғинлари ва таркибдаги ўзгаришларга жиддий эътибор қаратмоқда. Қуйида SPORTS.uz муҳбирининг тажрибали мутахассис билан уюштирган суҳбатини ўқишингиз мумкин.
Йиғин ҳақида
9 июлдан бошлаб Чорвоқда йиғилган бўлсак, 20 июлга қадар шу ерда бўламиз. 21 ҳамда 22-кунлари футболчиларга дам берамиз. 23 июль куни кечки пайт Самарқандда йиғиламиз. Эртаси куни ўша ерда футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказамиз. Сўнгра 25 июль куни Тошкентда навбатдаги йиғинимизни бошлаймиз. 27, 29 ва 31 июлга ўртоқлик учрашувларини ўтказишни режалаштириб турибмиз. Ҳозирча “Шўртан” билан ўйнашимиз аниқ бўлиб улгурган. Ушбу учрашув 27 июлга белгиланган. Шунингдек, кейинги иккита рақибимизга тўхталадиган бўлсак, биттаси “Нурафшон” бўлиши мумкин, учинчиси “Локомотив-БФК” ёки “Пахтакор”нинг ёшлар жамоаси бизга рақиблик қилиши мумкин. Про-лиганинг иккинчи даврасини 5 август куни Ҳаққулободда “Норин”га қарши ўтказамиз ва ушбу ўйингача Тошкентда бўламиз.
“Динамо”дан кетган футболчилар тўғрисида
Ҳозирча таркибимизни 11 нафар футболчи тарк этди. Бу ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали хабар бердик. Уларнинг орасида биз учун муҳим бўлган футболчи Амиржон Сафаров “Насаф”га ўтиб кетди. Иккала клуб раҳбарлари гаплашишди ва бош мураббий сифатида ўзим ҳам бу трансферга қаршилик қилмадим. Суперлигада “Насаф”дек клуб қизиқиш билдиряптими, бундй пайтда ҳар қандай футболчини тушуниш мумкин. Чунки ўйинчи албатта ўсиши керак. Ҳозирча уни мавсумнинг охиригача ижарага бердик. Аммо шартнома бандида клуб вакиллари ўзаро келишувга эришишса кейинчалик сотиб олиш таклифи ҳам киритилган. Бундан ташқари, Зоҳир Қўзибоев, Мўйдин Мамазулумов, Рустам Тоштурдиев, Азиз Суюнов, Акмал Бозоров, умуман барчаси билан дўстона равишда хайрлашдик. Клуб уларнинг олдида ҳеч қандай қарздорликка эга эмас. Шунинг учун янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишда муаммога дуч келмаяпмиз. Жамоамизни тарк этган футболчиларга ҳам ўйин амалиёти керак.
Янги келаётган ўйинчилар хусусида
Трансфер ойнаси очилганидан кейин аввалига беш нафар футболчини рўйхатдан ўтказгандик. Булар – Акмал Холмуродов, Павел Пуришкин, Суҳроб Иззатов, Аббос Жумақулов ва Дилмурод Каримов эди. Кейинчалик “Шўртан”дан Отабек Нарзуллаев, “Нефтчи”дан Аваз Агалиев, “Зомин”дан Шерзод Жалилов ва ўзимизнинг футбол мактабимизда ёш дарвозабонни олдик. Шу кунларда яна бир ҳужумчи билан келишувга эришишга яқин турибмиз. У Суперлигадан ҳам ёки про-лигадан ҳам бўлиши мумкин. Максимал даражада 10 нафар янги ўйинчини рўйхатдан ўтказмоқчимиз. “Динамо”ни тарк этганларнинг ўрни муносиб ижрочилар билан тўлдириляпти. Бу борада ҳеч қанақа ҳавотирга ўрин йўқ. Жамоамизда яхши ёшлар ҳам бор. Қачондир зўрдан зўри чиқаверади. Вақт эса барибир ўз сўзини айтади. Ўйлайманки, чемпионатнинг навбатдаги қисми янада қизиқарли ўтади. Чунки “Андижон”, “Сурхон” каби жамоалар ҳам ўз таркибларига Суперлигадан ўйинчиларни олишяпти. “Машъал” эса ўз таркибини сақлаб қоляпти. Чемпионат давомида кўпчилик “Машъал” ҳақида турли гап-сўзларни айтишганди. Лекин бундай миш-мишлар бундан олдин ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлаверади. Қачонки, ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрсангиз, кейин ишонсангиз бўлади. Айтмоқчиманки, ҳар қандай миш-мишга ишониш керак эмас.
“Динамо”нинг имкониятлари
Оддий аскар генерал бўлишни орзу қилмаса, у ҳолда унинг аскар бўлмагани маъқул. Мен ҳам мураббий сифатида клуб билан танишганимда ҳаммасини яхши тушуниб тургандим. Албатта, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Вазиятга реал қарасак, “Динамо” дастлабки босқичда кўплаб керакли очколарни йўқотди. Олдимизда бажариб бўлмас вазифа тургани йўқ. Ҳаммасини уддаласа бўлади. Биз янги олаётган футболчилар билан 1,5 ва 2 йиллик шартномаларни имзолаяпмиз. Биз бу жамоани ярим ёки бир йилга тузаётганимиз йўқ. Клубнинг келажагини ҳам ўйламоқдамиз. Шуни аниқ айтишим керакки, биз “Сурхон”, “Машъал” ёки “Андижон”ни осонликча Суперлигага чиқариб қўймаймиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Динамо” охиригача курашади, бу аниқ. Озгина бўлса ҳам имкониятимиз бор экан, курашаверамиз. Қолганини вақт кўрсатади.
Клубдаги молиявий ҳолат
Жамоамизда молиявий томондан муаммо бор ёки йўқ деб айта олмайман. Таркибимизга янги ўйинчиларни оляпмизми, демак молиявий томондан имкониятларимиз ёмон эмас. Барибир мавсум бошида тайёргарлик кечроқ бошлангани чемпионат давомида ўз таъсирини кўрсатяпти. 15 очколик фарқ бошқалар учун катта кўриниши мумкин. Балки бу тафовутни йўққа чиқара олармиз. Бу кўпроқ ўзаро ўйинларга боғлиқ бўлади. Нима бўлганда ҳам максимал даражада ҳаракат қиламиз.
Кўтарма пулларининг тўхтатилишига муносабат
Тўғриси, 2019 йилдан футболчиларга кўтарма пуллари берилмаслиги ҳақидаги хабар чиққанини энди сиздан эшитдим. Агар шундай бўладиган бўлса, футболчининг ойлик маоши баланд бўлиши керакми? Европа футболида бу йўналишга аллақачон ўтишган. Яъни, уларда футболчининг ойлик маошини анча кўтариб қўйишган. Аслида футболчи билан келишувда белгиланган кўтарма пулини ойлик маошига ҳар ойда қўшиб тўлашяпти. Агар ҳар бир клуб бунга тайёр бўлса, бу албатта яхши. Бу билан ЎФА ва ПФЛга ариза ёзишлар камаяди. Эшитишимча, бу йил “Металлург” билан “Машъал” клублари футболчиларга бериладиган кўтарма пулларини ойлик маошларига қўшиб берган ҳолда тўлашяпти. Ҳаммаси ўша ойлик маошнинг ичида кетаверади. Бир томондан қараганда, бу клуб учун ҳам плюс. Футболчи ҳам масъулиятни янада чуқурроқ ҳис қилишни бошлайди. Одатда клуб ўйинчи билан келишганида маълум миқдорда кўтарма пулини келишиб олишади. Кейинчалик клуб ўша футболчидан яхшироқ ўйнашни талаб қилишни бошлаганида у менга кўтарма пулимни бермаяпти дея масъулиятни йўқотади. Энди эса вазият ўзгаряпти экан. Кўтарма пуллари йўқ бўлса, энди муаммоли вазиятлар туғилса, буни клуб билан футболчи ўртасида ҳал қилиб олиш мумкин бўлади ва ПФЛни аралашишига ҳам хожат қолмайди. Агар бу йўналиш ҳар бир клубда қўлланилса, албатта ўз самарасини бермасдан қолмайди. Олдин бирор-бир клуб айнан кўтарма пулининг миқдори эвазига футболчини қайсидир клубдан кўра кўпроқ айтиб тортиб оларди. Энди эса ойлик маош борасида ўзларига жалб қилишлари мумкин.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар