Диёр Имомхўжаев Жанубий Корея - Ўзбекистон учрашувидан сўнг қандай фикрлар билдирди?

Жанубий Корея - Ўзбекистон учрашувидан сўнг ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўйин борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. 

- Хўш, Жанубий Корея дарвозамизга 4 та гол урди. Бу даҳшат, ўртоқлар! 

Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Аввал ҳам айтганимдек, Купердан декабрга қадар ҳеч нарса кутмагандим, у сеҳргар эмас, у ҳамма қатори оддий инсон, тажрибали мураббий. Масалан, ўзи ўйнаган 6 та ўртоқлик ўйинини ютиб, Осиё кубогида шарманда бўлганидан кўра, ўртоқлик ўйинларининг ҳаммасида тарсаки еб, расмий турнирга чиқарган хулосаси билан тайёргарлик кўргани минг марта яхшироқ.

Купер Ўзбекистон футболи нима деган саволга энди жавоб бера олади. Купер футболчиларимизни энди танийди, имкониятларини чамалай олади. Ливанлар билан қандай дуранг ўйнашимизни, Қатарни нега доим ютганмиз-у, Корея билан фарқимиз нега бу қадар катта эканини тушунади. Ўзбекистонга хуш келибсан, мистер Купер! 

Мана энди шу жамоа, шу имконият ва шу футболчилар билан, яъни, бор масаллиқ билан мазали таом тайёрлаш керак бўлади. Унинг қандай ошпаз эканлигини Осиё кубоги кўрсатиб беради. У бунгача ўтган 3 та йиғинга турли футболчиларни чақирди. Энди эса Осиё кубогига борадиганларни саралаб, декабрни уларга бағишлайди. Бир ой изланади, кечалари ухламайди, тушларига Корея ва Япония кириб, уни қўрқитса ҳам ажаб эмас. Муҳими, ростакамига иш бошлайди. Бирламчи хулосани Осиё кубогидан кейин чиқариш мумкин бўлади.

Ўтган 3 ойга эса ачинманг. Янги танишган инсонингиз аслида ким эканини билиш учун ҳам вақт керак. Купер ҳам биз билан, футболимиз билан танишди. Дардини билди, ташҳис қўйди. Даволай оладими ёки йўқ бошқа масала. Унинг қандай шифокор эканини Осиё кубоги аниқлаб беради, - дея ёзиб қолдирди Диёр Имомхўжаев ижтимоий тармоқдаги ўзининг саҳифасида. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!