Элдор Суюнов: Купернинг ҳам бошқалардан фарқли томонлари бор
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Эктор Купер бошчилигидаги дастлабки йиғини давом этяпти. “Пахтакор”нинг асосий дарвозабонига айланган Элдор Суюнов ҳам бугунги кунда терма жамоа йиғинида катта иштиёқ билан меҳнат қиляпти. SPORTS.uz муҳбири яқинда у билан боғланиб янги мураббийинг иш услуби, машғулот жараёнига қай тариқа ёндашиши, шу ва яна бошқа масалалар бўйича суҳбатлашдик.
- Эктор Купер бошчилигидаги дастлабки йиғин қандай ўтяпти? Янги мураббийнинг иш жараёни қай тарзда кечмоқда?
- Эктор Купер билан дастлабки йиғин яхши ўтяпти. У машғулот пайтида жуда талабчан мутахассис эканлиги кўриниб турибди. Майдондан ташқарида эса хазилкаш, ҳамма билан гаплашади ва тез чиқишиб кетади. У самимий инсон. Янги мураббий бошчилигидаги йиғинимизни кўнгилдагидек деб айта оламан.
- Янги мутахассис томонидан сизни ҳайрон қолдираётган жиҳатлари ҳам кўзга ташланяптими?
- Ҳайрон қолдираётган жиҳатларими? У шунчалик машҳур мураббий бўлишига қарамай, оддий инсон эканлиги барибир ҳайрон қолдиради.
- Сиз клубларда ва терма жамоаларда бир қатор мураббийлар билан бирга ишлагансиз. Эктор Купернинг машғулот жараёнларини бошқаларники билан солиштирганингизда қандай фарқлари кўриняпти?
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳамма мураббийнинг иш услубида фарқи бўлади. Чунки ҳар кимнинг ўзига яраша футболга қараши бўлади. Шу боис Купернинг ҳам фарқли томонлари бор.
- Ҳозирча машғулотларда мураббий асосий эътиборни нимага қаратяпти?
- Ҳозирги кунда асосий эътибор ҳимоядаги хатоларни тўғрилашга қаратилган. Биринчи навбатда айнан ҳимоя чизиғини мустаҳкамламоқчимиз. Менимча, йиғинимизнинг кейинги босқичидан ҳужум чизиғимизни тўғри йўлга қўйиш борасиди ишлайди.
- Миллий терма жамоада Денис Иванков дарвозабонлар мураббийи сифатида иш бошлади. Сиз у билан жуда яхши танишсиз, боиси “Насаф”да ҳам бирга ишлагансизлар...
- Иванков ажойиб мураббий. Бу борада тўғри танлов бўлди деб ўйлайман. Ўзбекистонда ишлаётган дарвозабонлар мураббийлари орасида энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Терма жамоамиз учун Денис Иванковнинг иш олиб бориши муҳим.
- Машғулот жараёнида сиз дарвозабонлар асосан Денис Иванков билан ишлайсизлар. Аммо Эктор Купер ҳам вақти-вақти билан дарвозабонларга эътибор қаратиб турибдими?
- Асосан Иванков билан бирга ишлаяпмиз. Ҳамма жамоада ҳам машғулотларда дарвозабонлар ўз мураббийлари билан ишлашади. Агарда дарвозабонлар керак бўлса, асосий жамоага қўшилиб, ўзаро ўйинларда қатнашишади. Шунингдек, машғулот давомида зарбалар берилиши керак бўлса, дарҳол бутун жамоага қўшилиб кетаверамиз.
- Кўпчилик дарвозабонлар Иванков билан ишлашни анча қизиқарли деб ҳисоблашади. Чунки унинг машғулотлари ранг-баранг ва бир-бирига ўхшамайди. Шундай экан, сизга унинг кўпроқ қайси жиҳатлари ёқади?
- Ҳамма мураббий турлича бўлгани каби дарвозабонлар мураббийларининг ҳам иш услублари ҳар хил. Ҳаммасининг устун томонлари бор ва шу жумладан Иванковнинг ҳам қайсидир томондан кучли жиҳатлари мавжуд. Мен униси кучсиз, буниси кучли деб айтмайман.
- Яқинда Сурияга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилади ва бу Купернинг дастлабки ўйинига айланади. Айтинг-чи, бу учрашув биз учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга?
- Қанчалик муҳим? Натижа жиҳатидан олсак, бу унчалик долзарб масала эмас. Аслини олганда эса ҳар бир учрашув керакли. Албатта, бу биринчи навбатда Эктор Купер учун муҳим. У Ўзбекистон ва бизнинг футбол билан танишиб олиш жараёнини ўтказмоқда. Шундай ўйинлар орқали мураббий чемпионатимиз ва ундаги футболчиларнинг имкониятларини ўрганиб боради деб ўйлайман. Чиройли ўйин ва натижа эса кейинги даражали ҳисобланади.
- Терма жамоага чақирилган ҳар бир ўйинчи янги мураббийлар штабига ўзини кўрсатиш учун янада катта шижоат билан меҳнат қилаётган бўлишса керак-а?
- Янги мураббийми ёки эски мураббийми, фарқи нима? Барибир ҳамма ҳам миллий терма жамоага келганидан кейин бор кучи билан ҳаракат қилади. Ҳозир ҳам термада барча футболчи бор кучи билан ишлаяпти. Футболчилар мураббийларни ажратмайди. Бу ерда ҳамма профессионал, ҳаваскор ўйинчилар йўқ. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ҳамма ўз ишини профессионал даражада бажаряпти.
- “Пахтакор”га келганингизда аввалига захирада қолиб кетгандингиз. Ушбу мавсум бошидан эса асосий таркибга кира олдингиз ва барқарор ўйнашда давом этяпсиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Барқарорликни сақлаб қолиш биринчи навбатда ёнингизда ўзингиз билан ҳар жиҳатдан тенг бўлган дарвозабоннинг борлиги билан боғлиқ. Бунда албатта барқарор ўйин кўрсатишнинг аҳамияти бор. Бундан ташқари, мураббийнинг ҳам ишини алоҳида айтган бўлардим. Чунки мураббий футболчини яхши спорт формасида ушлаб тура олади. Жисмонан, руҳан, умуман ҳар томонлама деган бўлардим. Шуларнинг эвазига барқарор ўйин намойиш қиляпмиз.
- Суперлиганинг иккинчи босқичида қандай интрига бўлишини кутяпсиз?
- Кучли ва қуйи олтиликнинг яхши ҳамда ёмон томонлари бор. Албатта, кучли олтиликда барча учрашувлар қизиқарли ва муросасиз ўтади. Аммо қуйи олтиликдаги кураш эса у қадар аҳамиятсиз бўлиб қолади. Худди бу бошқа чемпионатга айланиб қолади. Бу эса жамоаларнинг олтиталикка бўлинишининг ёмон томонидир. Қуйи олтиликдаги курашда фақатгина “Нефтчи” билан “Сўғдиёна”га қизиқ бўлади деб ўйлайман. Чунки уларнинг очколари кам. Қолган тўртта жамоа эса 2-3 та ўйинда ютиб олса бўлди, вазифасини бажарган бўлиб қолаверади. Қолган учрашувлар эса худди кераксизга айланиб қолади.
- “Олтин очколар” тизими қанчалик ўзини оқлаяпти деб ўйлайсиз?
- “Олтин очколар” тизими мавсум бошида регламентга киритилган ва охиригача шунга амал қилинади. Эътибор берган бўлсангиз, биринчи босқичда бир қанча ўйинларимиз ўткинчи бўлиб қолди. Агар “олтин очколар” қоидаси бўлмаганида чемпионатимизда ўткинчи ўйинлар бўлмасди. Лекин мавсум ўртасида бу қоидани ўзгартириш нотўғри.
- “Пахтакор”нинг чемпионлик учун курашдаги имконияти ҳақида нима деган бўлардингиз?
- “Пахтакор” чемпион бўлиш ва Кубокни қўлга киритишни мақсад қилган. “Пахтакор” асосий номзодлар бири. Қийин бўлади, аммо ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар