Энди мураббийларимиз россиялик мутаҳасислар билан хамкорликда ишлайди

Пойтахтимизда Владимир Путин бошчилигидаги Россия Федерациясининг делегацияси ташрифи доирасида I "Россия-Ўзбекистон таълим форуми" ташкил этилмоқда.

Форум доирасидаги белгиланган дастурлар асосида “Олимпия шон-шуҳрати” музейида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети ректори Сергей Бакулев учрашув бўлиб ўтди.

photo_2018-10-19_17-36-09

Учрашувда Д.Набиев россиялик С.Бакулев билан спорт соҳаси бўйича икки давлат ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, қишки спорт турлари, спорт менежменти, психологияси бўйича тренерлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилди. Унга кўра, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда қўшма диплом бериладиган факультет ва юртимизда П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университетининг филиалини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, турли спорт турлари бўйича етакчи тренерлар ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг профессор ўқитувчилари иштирок этишди.

– Мамлакатингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган улкан эътибор ҳозирда ўз натижасини бериб, ўзбек спортчилари халқаро майдонда юқори ўринларни эгаламоқда, – дейди Сергей Бакулев. Бизнинг университетда ҳам спортчи ва тренерлар тайёрлаш бўйича юқори малакали мутахассислар ва катта илмий тадқиқотлар мавжуд бўлиб, биз мамлакатингиз билан ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Учрашувда С.Бакулевга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Илмий Кенгаши қарори асосида "Фахрий профессор" унвонини берилди.

Кун давоми Россиялик меҳмон пойтахтимиздаги бир қатор спорт иншоотлари ва таълим муассасалари фаолияти, юртимизда спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар билан таништирилди.

photo_2018-10-19_17-35-59

Маълумот учун: Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган П.Ф.Лесгафт номидаги жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик миллий давлат университети  нафақат Россияда балким жаҳонда ўз йўналиши бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. 1896 йилда асос солинган университетда бугунги кунга қадар 1700 дан ортиқ хизмат кўрсатган спорт усталари ва халқаро тоифадаги усталари тайёрланган. Университетнинг 300 дан ортиқ талабалари Европа ва жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлишган. Университетда 400 га яқин педагог ходимлар фаолият кўрсатиб, уларнинг 76 фоизи илмий даража ва унвонларга эга. Профессор ўқитувчилар орасидан олти нафари академик ва етти нафари турли илмий академиялар мухбир аъзоси, тўрт нафари Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, қирқдан ортиғи фан доктори ва профессор, икки юздан ортиғи эса фан номзоди ва доцент ҳисобланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!