Энди терма жамоаларимизда янгича иш тизими бўлади

Эндиликда турли ёшдаги терма жамоаларимизга янги мураббийлар тайинланган ҳолда ишлаш тизими бутунлай ўзгартирилмоқда. Хабарингиз бор, бунгача Усмон Тошев ва Азамат Абдураимов Ўзбекистон U-16 ва U-15 терма жамоаларига бош мураббий этиб тайинланишган ҳолда ўз ишларини бошлаб юборишганди. Куни кеча ЎФА матбуот хизматининг тарқатган хабарига қараганда, Ўзбекистон U-17 терма жамоасига ҳам масъул тайинланди. Узоқ йиллардан давомида болалар футболида фаолият кўрсатиб келган Отабек Ғуломхўжаев ушбу терма жамоани бошқарадиган бўлди.

Айтиш керакки, футболимиз раҳбариятига 35 ёшли мутахассиснинг ривожланиш дастури ёқиб қолган ва шу асосида унга U-17 терма жамоасини ишониб топширишди. Айни пайтда Ғуломхўжаев жиддий равишда ишга киришган. У эса раҳбариятга айнан қандай дастур ҳавола қилганини, бундан кейин қай йўсинда иш олиб борилиши ва яна бошқа масалалар хусусида SPORTS.uz мухбирига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Уч йиллик дастур ҳақида

- Ўзбекистон футбол ассоциациясига ўзимнинг уч йиллик дастуримни тақдим этгандим, - дея гап бошлади Отабек Ғуломхўжаев. - Осиё чемпионати саралаши, Осиё чемпионати, жаҳон чемпионати ва олимпиада мусобақасигача бўлган даврни ўз ичига олган режаларимни тузиб чиққандим. Биласиз, бунгача бизнинг тизимда шундай эдики, ёшларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларига чиқиб натижа кўрсатишарди-ю, аммо кейин ўша футболчилар йўқолиб қолишарди. Мен эса янги дастур ишлаб чиққанимда унинг барча икир-чикирларини раҳбариятга тушунтирдим. Яъни, ўсмирлар ёки ёшлар терма жамоаларимиздан оддий мусобақалар учун ҳам натижа талаб қилинарди. Агар ҳозир ҳам олдингидек натижа талаб қилинаверса, у ҳолда мен мураббий сифатида сизларни алдаган бўламан дея вазиятни атрофлича тушунтирдим. Бизга турнирлар ташкил этиб берилади, аммо ўша ўйинларда ютқазсак ҳам хатоларимиз кўзга кўрингач, биз ана шу камчиликларимиз устида ишлаймиз. Яъни, энг асосий мусобақагача ўйинчиларни тайёр ҳолатга олиб чиқмоқчимиз. Осиё чемпионатидан сўнг жаҳон биринчилигига чиқишганида ҳам йигитларимиз тўхтаб қолмасликлари керак. Демоқчиманки, уларни тарбиялаётган чоғимизда миллий терма жамоага муносиб номзодларни етказиб бериш жараёнида зина узилиб қолмаслиги лозим. Яъни, ўша зинани йўқотиб қўймаслик учун ҳам мен раҳбариятга ўз дастуримни топширдим. Менимча, улар икки-уч маротаба режамни кўриб чиқишди.

 Футболчиларга энди босимсиз, эркинлик яратилади

- Хабарингиз бўлса, мен 10-15 йилдан бери болалар футболи ичида ишлаб келяпман. Турли ёшдаги футболчилар билан меҳнат қилдим. Ҳозирги пайтда юртимизда ёш кадрларга эътибор ортиб боряпти. Ўйлашимча, ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам шу тамойилга эътибор қилган ҳолда дарҳол менга ишонишини айтиб, бизга ёш кадрлар керак дея айтиб ўтди. Қўшимчасига дастурим уларга маъқул келди ва ҳозирча ҳеч қанақа натижа устивор вазифага айланмаслигини ҳам маъқуллашди. Мен ўз вақтида ўсмирлар терма жамоасида ишлаган Темур Олимхўжаевга ёрдамчилик ҳам қилганман. Ёш кадрларни синчковлик билан саралашда албатта ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Масалан, куни кеча водийга бордим. Чиндан ҳам у ерда 2000 ва 2001 йилларда туғилганлар орасида иқтидорлилари жуда ҳам кўп. Лекин уларни бир вақтнинг ўзида йиғинга чақирамиз десак, 70 та болани назорат қилиш қийин. Йиғинга кўпи билан 23 ёки 25 нафар футболчи жалб этилади. Шунинг учун биз уларни саралаб олишда ҳудудларга ажратиб чиққанмиз. Тошкент ва Тошкент вилояти, водий, воҳа сингари ёш иқтидорларни жойларга бориб ўз кўзимиз билан кўриб саралаб чиқяпмиз. Агарда мана шундай кузатув остида ишлайдиган бўлсак, йилнинг охирига бориб иккита бир хил таркибга эга бўлишимиз ҳам мумкин. Ҳаттоки, учинчи захира таркиби ҳам ташкил топади. Бунгача футболчилар саралаб олинганида кўпчилиги жойни банд қилиб туришарди. Масалан, захирада ўтирадиганлар ўйинни кучайтириб бера оладиган даражада бўлмасди. Энди эса ёшларни чинакамига ўз истеъдодига қараб аниқлаб бориляпти. Бу борада яхшигина тозалаш ишлари олиб бориляпти. Энди биз янгича ёндашув асосида ишга киришдик. Футболчиларни танлаб, уларни саралаб олаётган пайтимиздаёқ улардан натижа талаб қилинмаслигини тушунтириб боряпмиз. Акс ҳолда биз бошиданоқ натижани сўрасак, бу футболчиларга катта босимни юклаб қўяди. Бунинг оқибатида биз керакли болани тарбиялаб бера олмаймиз. Аксинча, қўл остимиздаги йигитлар ортиқча босимсиз ўйнашса, ўзлари вақти келиб керакли натижага олиб боради. Шундай йўл тутсак, футболчиларимиз ҳамма тўсиқлардан эркинлик билан ўта оладилар. Раҳбарият менга ишонч билдиргани учун миннатдорман ва энди уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Энг муҳими, менинг ўзимда ортиқча босим йўқ.

Ғуломхўжаевдан умид катта

- Тўғриси, Ўзбекистон U-17 терма жамоасида ишлашим ҳақида билмагандим. Буни ҳамма қатори интернет сайтлари орқали ўқиб билдим. Албатта, раҳбарият билан гаплашганимдан кейин улар менга ишонч билдиришлари ҳақида айтишганида, қандайдир кўнглим сезиб турганди. Ватанимиз терма жамоасида ишлаш ва ишончни оқлаш биз учун жуда катта шараф. Терма жамоада бош мураббий сифатида иш бошлаганимдан сўнг албатта мураббийлар штабига ўзим истаган мутахассисларни жалб қиламан. Биринчи навбатда биз ўзаро ҳамфикр бўлишимиз керак. Менинг тузадиган жамоам шундай бўлиши керакки, ҳар бир мутахассис ўз ишининг устаси ва албатта ёш, шижоатли бўлиши лозим. Мен иш бошлаганимдан сўнг юқорида айтганимдек, дарҳол селекцияга қўл урдим. Водийдан сўнг Тошкентдаги болаларни кўраман ва кейин воҳа томон йўлга чиқаман. Аслида менинг рўйхатимда 150 нафар ўйинчи бор ва уларни биламан. Шунга қарамай, яна бир бор барчасини ва яна қўшимча янги номзодларни ўрганиб чиқяпман. Гарчи раҳбарият томонидан биз учун босим бўлмагани билан барибир халқ қараб турибди. Уларнинг биздан умиди катта. Чунки терма жамоаларимизга бутун халқимиз мухлислик қилади. Ҳеч қачон футболни ва мухлисларни алдаб бўлмайди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!