Футзал: Осиё чемпионати ҳақида маълумотлар

Аввал хабар берганимиздек бугун Хитой Тайпейда футзал бўйича навбатдаги Осиё чемпионати бошланади. Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси илк баҳсда Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади.

ЎФА расмий сайти Осиё чемпионатига оид бир қатор қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Қуйида улар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Қитъа чемпионатида ҳали олтин медаль соҳиби бўлганимизча йўқ, аммо совринларнинг олтиндан кейинги даражасини бир неча марта қўлга киритишга улгурдик. Бир неча йиллик уринишлардан сўнг ниҳоят 2016 йили Колумбияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этдик. Унгача қитъа чемпионатининг у ёки бу доирасида етакчилардан эканлигимиздан фахрланамиз. Айтайлик, Осиё чемпионатига мезмонлик қилишда биз биринчимиз.

2006, 2010 ва 2016 йиллар меҳмонларни пойтахтимизда кутиб олдик. Ваҳоланки, қитъа футзалининг карвонбошиси ҳисобланган Эрон ҳам икки маротаба мезбонлик қилган. Таиланд ва Вьетнам ҳисобида ҳам иккитадан мезбонлик бор. Осиёда бу борада Эрондан кейинги ўринда турувчи Япония эса терма жамоаларга бор-йўғи бир маротаба “уй тўрисидан” жой берган.

Қитъа чемпионатларида энг кўп иштирок этган футболчилар борасида ҳам юзимиз ёруғ – эронлик Воҳид Шамсаи, қирғизистонлик Нуржан Жетибаев каби ҳамюртларимиз Баҳодир Аҳмедов ва Рустам Умаров ҳам ўн битта мавсумда майдонда тўп суриб, бу борада рекордчилар орасидан жой олган.

Учлик ичида Аҳмедов ва Шамсаи аллақачон футболчилик фаолиятини якунлашди, аммо ёши 37га яқинлашган Нуржан Жетибаев 2016 йили Тошкентда ўтган қитъа чемпионатида захирадан бўлса-да бир-икки бор майдонга тушиб, расмий равишда бу борада рекорд натижага эришиб олди. Унинг ҳисобида 12 та Осиё чемпионати иштироки бўлиб, ҳозирча якка пешқадам бўлиб турибди. Нуржан айни пайтда Қирғизистон терма жамоасига устозлик қиляпти, унинг салкам 40 ёшда бу йил майдонга тушиш имконияти деярли қолмаган.

Бизда эса уни қувиб етадиган, ҳатто ундан ҳам ўтадиган ўйинчи бор – Рустам Умаров. Рустам бу йил ҳам термамизнинг асосий дарвозабони сифатида сафарга отланган, унинг яна икки йилдан кейин ҳам формасини йўқотмаслигига ва бу борадаги қитъа рекордини (балки Жаҳонда ҳамдир) ўрнатишига ишончимиз комил.

• Осиё чемпионатида Эрон термаси энг кўп олтин медаль соҳиби – 11 марта, Япония эса уч бор ғолибликни қўлга киритган.

• Энг кўп кумуш медалга Япония сазовор бўлган – 5 маротаба, бу борада иккинчи ўрин ўзбекистонликларга тегишли – 4 марта, Таиланд термаси эса икки бор иккинчи бўлган, Эрон, Ж.Корея ва Қозоғистон термалари бир маротабадан кумуш медал билан тақдирланган.

• Бронза медалини энг кўп қўлга киритган терма Таиланд – 5 марта, ўзбекистонликлар бу борада ҳам иккинчи ўринда – учта бронза медал, Эрон ва Японияда иккитадан, Ж.Корея, Қирғизистон ва Қозоғистонда биттадан бронза медаль.

• Осиё чемпионатининг барча мавсумларида қатнашиш бешта термага насиб этиб турибди – Эрон, Япония, Таиланд, Ўзбекистон ва Қирғизистон. Ж.Корея термасининг иштироки 12та (2006 ва 2016 йилларда қатнашмаган), Кувайт, Малайзия, Хитой, Хитой Тайпейида 11 тадан, Ироқ ва Ливанда 10та.

• Бу гал қитъа чемпионатида илк бор иштирок этаётган жамоа йўқ. Баҳрайн (2002), Бруней (2002), Камбожа (2004), Бутан (2005), БАА (2012), С.Арабистони (2016) ва Иордания (2016) термалари бор-йўғи бир маротабадан қатнашган.

• Энг йирик натижалар: Таиланд – Мальдив – 25:0 (2005), Эрон – Бутан – 27:2 (2005), Хитой – Гуам – 27:1 (2004), Эрон – Сингапур – 28:0 (2001), Эрон – Сингапур – 36:0 (1999).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!