Гвардиола Германиянинг муваффақиятсизлигида айбдорми?

Германия термасининг собиқ вакилига кўра Пеп Гвардиоланинг «Бавария»си тўпни назорат қилишга мослашиб қолгани туфайли бу якунда миллий терма жамоанинг натижаларига жиддий таъсир қилган.

Ханс-Петер Бригел жуда тўғри фикрни айтган, жамоа ўйинни ёки бутун мусобақани ютиб олиш учун ҳар сафар 75 % тўпга эгалик қилиши шарт эмас.

1980-йилда ГФР таркибида Европа Чемпионатини ютиб олган Бригел шу ёзда тўпга эгалик қилмасдан Жаҳон чемпионига айланган Франция термасини ўрнак сифатида тилга олди.

Франция жанговар ўйин кўрсатиш учун таркибида етарлича иқтидорларга эга эди. Килиан Мбаппе «яширин қурол» сифатида узун пас эвазига ўйин тақдирини ҳал қила олиш қобилиятига эга.

Аргентина ва Бельгияга қарши ўйинда «кўклар» қарши ҳужумда қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатиб беришди.

Бундай футбол услуби Дешам ва футболчилари учун иш берди. Аммо таркибида Антуан Гризманн, Поль Погба ва Набиль Фекир каби иқтидорлар бўла туриб бундай ўйин намойиш қилиши терма учун уят деб ҳисоблайдиганлар, ҳам топилди.

Бу ўйинни ютишдан кўзланган мақсад. Бригелнинг далиллари ўринли. У худди шу тарзда ҳозирги Германияни Гвардиоланинг “меваси” эканлиги туфайли жиддий танқид остига олди.

«Жуда оддий тамойил ёдимиздан кўтарилган» – дейди La Repubblica нашрига берган интервьюсида – «Футболда, ўйинни назорат қилишдан кўра натижа муҳимроқ.»

«Албатта, Гвардиола келганидан кейин «Бавария» ўзгарди. Бизда ютиш учун 75 % тўпга эгалик қилишимиз керак, деган ақида пайдо бўлди. Бироқ тўпни назорат қилиш доим натижага эришиш учун етарли бўлмайди.»

Германияда кўпчилик 2018-йилги натижалардан кейин ўз-ўзини таҳлил қила бошлади. 2017-йилги Конфедерациялар Кубоги ва 21 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Европа Чемпионатини кўтаринки рухда ўтказган немислар нега Жаҳон чемпиони мақомини муносиб ҳимоя қила олмади? Немис футболи Голландия билан 2-2 ҳисобида дуранг ўйнаганидан кейин 40 йиллик анти-рекордини такрорлади.

Ёахим Лёв аввал Россияда бўлиб ўтган Мундиалда гуруҳ босқичида қолиб кетди. Кейин биринчи бор ўтказилаётган Миллатлар Лигаси турнирида «Б» гуруҳида қолиб кетди. Ҳеч ким немис футболи нега бунчалик ёмон натижа қайд этаётганини билмайди.

Лёв агарда таркибида бирор муаммолар борлигини билса, уни ечимини топиш учун бирор нима қилиши шарт.

Аммо Бригелнинг терма жамоа натижаси учун Гвардиолани айблаши бемаънилик. Бу мантиқ билан айтиш жоизки, тўрт йил олдин Жаҳон Чемпиони бўлишда Германия Гвардиоланинг таъсири туфайли ютиб чиққан бўлади, шундай эмасми?

У ўшанда «Бавария»да эндигина биринчи мавсумини тугатганди, унинг футболчилари эса Лёвнинг асосий фигуралари бўлишганди. Гвардиола Филипп Ламни ҳимоядан таянч ярим ҳимоясига ўтказиб қўйди. Бироқ у бунгача профессионал тарзда ўйнаб кўрмаганди. Лёв ҳам буни термада қўллади.

Жаҳон чемпионлари «Бавария» иқтидорлари билан тўлиб-тошди. Аргентинага қарши финалда Пепнинг олти футболчиси ўйнади. Булар жамоа сардори – Филипп Лам, Мануэль Нойер, Жером Боатенг, Бастиан Швайнштайгер, Тони Кроос ва Томас Мюллер. Қўшимча таймда эса ғалаба тўпини киритган Марио Гётце қўшилди.

Германия сабрли, тўпни назорат қилига асосланган ўйин намойиш қилди. Бу кўп жиҳатдан Гвардиоланинг тамойиллари эди.

«Гвардиоланинг футбол ғояси «Бавария»га томошабоп жамоага айланишига ва немис футболчиларининг ўсишига катта таъсир қилди. Шунингдек, Гвардиола бевосита 2014-йилги Мундиалга ҳам таъсир ўтказди» – деганди Германиянинг собиқ дарвозабони Оливер Кан Bild нашрига берган интервьюсида.

Пеп ўша мавсумда Мундиал чемпионларига таъсир ўтказганидек, 2010-йилда ҳам Висенте Дел Боскега ҳам таъсир ўтказганди. Айнан «Барселона» футболчилари терма жамоада ҳам Гвардиола услубида ўйин намойиш қилиб Жаҳон Чемпионига айланишганди. Гвардиола тантана қилган вақтда терма жамоаларнинг ҳам муваффақиятга эришганлари тасодиф эмас.

Бундай ҳолат Англияда ҳам содир бўлди. Гаре Саутгейт ҳам кутилмаганда терма жамоа билан муваффақиятларга эриша бошлади. Худди Испания ва Германияда бўлгани каби. Тўпни тезда қайтариб ол, ундан ақлли тарзда фойдалан ва ҳужумни якунлаш учун тўғри вақтни кут.

«Манчестер Сити» вакиллари – Кайл Уокер, Жон Стоунз, Фабиан Дельф ва Раҳим Стерлинглардан фойдаланган Саутгейт Гвардиоладан рухланган бўлса ажабмас.

Испания ва Германия 2010 ва 2014-йилларда Пепнинг форматидан фойдаланиб чемпион бўлишгани туфайли муносиб тақдирланди. Иккала терма жамоа ҳам айнан Пепнинг ўйин услуби ва буни яхши тушунадиган футболчилар орқали эришгани Бригелнинг ёдида қолгани аниқ.

2014-йилда бу иш берганининг сабаби Германияда ўзини кўрсата олганлар кўп бўлди. 2018-йилда ҳам Нойер, Боатенг, Мюллер ва Хуммелслар ўзларининг юқори спорт формаларини кўрсата олишганида эҳтимол бу вазифани яна бир марта уддалашган бўлармиди. Гвардиоланинг услуби немис футболчилари ва немис маданияти билан уйғунлашиб кетгани ўз исботини топди. Шу туфайли Гвардиолани немис футболининг омадсизлигида айбдор эмас, аксинча сўнгги йиллардаги муваффақиятларининг бош гарови бўлди, десак тўғрироқ бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!