"Ҳар бир ўйин биз учун финалдек, 9 очколик фарқ - бу жуда кўп". Асрор Алиқулов "Шўртан"ни қутқара оладими?

  • 7 октябрь, 15:21
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Чемпионатда яққол аутсайдер бўлиб турган “Шўртан”да бош мураббий ўзгарганидан хабарингиз бўлса керак. Элдор Мойлиев ўрнига Асрор Алиқулов тайинланди.

Tecno

У дебют учрашувини Ғузорда “Сўғдиёна”га қарши ўтказди. “Шўртан” ўз уйида имкониятни бой берди ва шу тариқа Алиқулов дебютини мағлубият билан бошлади.

Асрор Чориевич "Шўртан" устози сифатидаги илк ўйиндан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди ва саволларга жавоб қайтарди.

- “Шўртан” учун бу ўйин қанчалик қийматга эгалигини билардик. Ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг. Биз голли вазиятларни яратишимиз, ҳужумлар уюштиришимиз керак эди. Рақибни кучли томонини ҳисобга олганда айрим ўйинчиларини имкониятлари юқори, биринчи бўлимда голли имконият бўлди, уролмадик ва гол ўтказиб юбордик. Барибир йигитларга охиригача курашишгани учун миннатдорлик билдираман. Ўйин давомида имкониятларимиз кўп бўлди, афсуски, фойдалана олмадик. Ўйинни сақлаб қолишга ҳаракат қилдик. Бироқ мағлубиятга учрадик.

- “Шўртан”ни учрашувдан бир кун олдин қабул қилиб олдингиз. Футболчилар майдонда кўрсатмаларингизни барчасини амалга ошира олдими?

- “Шўртан”ни охирги учрашувларида шижоат, жонкуярлик томонлама муаммо йўқ. Ҳар ўйинда курашишади. “Сўғдиёна”га қарши баҳсда рақибга босим уюштириб, ҳужумлар ташкил қилмоқчи эдик. Аммо кам сонли футболчилар бўлди. Агар кўп сонли ўйинчилар билан ҳужум қилмоқчи бўлсак, қарши ҳужумда Дориев, Қаҳрамонов, Жалолиддинов каби рақиб футболчиларига имконият яратиб қўйишимиз мумкин эди. Учрашув охирида Жасур Ҳакимовни майдонга туширдик. Икки ҳужумчи билан ўйнадик. “Сўғдиёна” чуқур ҳимояланиб, қарши ҳужумга таянди. Ғалабани сақлаб қолиш учун шундай усул қўллади. Биз гол урмоқчи бўлдик. Ўйинни охирида ҳеч қанақа мураббийни кўрсатмаси эмас, балки ўйинчилар ўзларини иштиёқи эвазига қанақа имконият бўлса ҳам, шу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилишди.

- Захирадан майдонга туширилган Бекзод Сувоновга кам вақт берилди. Бу ўзгариш ниманидир ҳал қилдими?

- Бу ўзгаришга келсак, ўнг қанотда Дониёр чарчаб қолганди. Шунинг учун бу қанотдан тўп оширишни уқтирдик. Эътибор қилган бўлсангиз, бир қатор вазиятларда Дониёр кучи кам қолганди, чарчоқ сезилди. Бекзодни тезлиги ва қанотдан кўпроқ ҳужум қилишини уқтирдик. Бироқ бу ҳеч қанақа иш бермади. Кўриб чиқамиз. Бекзод ўйин темпига қўшилиб кета олмади.

- Мамасиддиқовда имкониятлар кўп бўлди. Лекин унга ёнида ёрдам берадиган жамоадошлари кўринмади.

- Уни кучли томони дриблинг ва алдаб ўта олади. У бир рақибини алдаб ўтиб, тўп ошира олади. Ҳаммаси мураббийларни кўрсатмаси эди.

- “Шўртан” энг яқин таъқибчисидан 9 очкога қолиб кетган. Жамоага маълум мақсадлар билан келгансиз. Жамоа билан танишув жараёнида таслим бўлиш ҳолатини сезмадингизми?

- Тан олиш керак, футболчиларда бу сезиляпти. Машғулотларда охиригача курашиш кераклигини уқтиряпмиз. Учрашувда охиригача курашишгани, яхши футбол учун ўйиндан кейин раҳмат айтдик. Кейинги ўйин яна финал. “Сўғдиёна” билан беллашувда нимадир камчиликка йўл қўйдик, буни кўриб, устида ишлаймиз. Кейинги ўйин эса биз учун яна финалдек. Орадаги 9 очколик тафовут - жамоалар савиясидан келиб чиқсак, жуда катта фарқ. Ҳар бир баҳсда охиригача курашамиз, бошқа иложимиз йўқ. 6 та ўйинимиз қолди. 9 очколик тафовут - бу жуда кўп.

- “Шўртан”га қайтишингиз қандай рўй берди?

- “Машъал” U21 жамоасида ишлаб тургандим. U21 ўйини куни “Шўртан” раҳбарияти “Машъал” раҳбарияти билан гаплашган. Клуб раҳбарияти розилик билдирди ва “Шўртан”да ишлашимга қаршилик қилмади. Бунинг учун Илҳом Абдуғаниевич Қурбоновга миннатдорчилик билдираман. Иккинчи тарафи, клубни ҳолатини кўриб туриб, орқага кетишим мумкин эди ва негатив фикрлар бўлиши ҳеч гап эмас. Аммо жамоа мен учун яқин бўлганлиги сабабли қабул қилишга қарор қилдим. Шу йигитлар билан охиригача борамиз. Нимани қила оламиз, нимани қила олмаймиз? Буни чемпионат охирида кўрамиз.

- “Машъал”да қуйи лавозимга туширилишингизда натижалар инобатга олинганмиди ёки бошқа сабаблар ҳам бормиди?

- Раҳбарият қўллаб-қувватлади. Тўғрисини айтганда, бошқа сабаб бор. Раҳбарият кетмаслигимни охиригача уқтиришди. Бу ўзимни қарорим. Бошқа томонлари бор. Доим жамоа учун ишлаганман. Бошқа факторлар бунга халақит қилгани учун “Машъал”ни бош жамоасини топширишга қарор қилганман.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!