Индонезияда Ўзбекистон спорт делегацияси ишчи гуруҳининг дастлабки йиғилиши ўтказилди
Хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари бирин-кетин Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Индонезияга етиб келишмоқда.
Ҳозирга қадар футбол, от спорти, теннис, пенчак силат, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича терма жамоаларимиз Индонезияга етиб келиб бўлишди.
Бугун Олимпия шаҳарчасидаги Ўзбекистон спорт делегацияси ишчи гуруҳи учун ажратилган штабда юқорида санаб ўтилган спорт федерациялари раҳбарлари, шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида йиғилиш ташкил қилинди. Уни МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов олиб борди. Йиғилиш давомида спортчиларимиз учун Олимпия шаҳарчасида яратилган шароитлар, уларнинг Осиё ўйинларидаги имкониятлари, ташкилий ишларни тезкор ва сифатли олиб бориш, қолаверса спортчилар кайфиятини кўтариш, уларни ғалабалар сари рухлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов ҳам Жакарта, ҳам Палембанг шаҳарларида фаолият кўрсатадиган штаб фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳга тегишли кўрсатмаларни берди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи кўтарилади. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими эса 18 август куни «Gelora Bung Karno Stadium»да бўлиб ўтади.
Фикрлар